ЎзА Ўзбек

02.09.2018 09:00 Чоп этиш версияси

Янги ўқув йилига ҳар жиҳатдан пухта тайёргарлик кўрилди

Янги ўқув йилига ҳар жиҳатдан пухта тайёргарлик кўрилди
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Хоразм вилояти туман ва шаҳарларида ташкил этилган “Мактаб ярмаркалари” фаолияти давом этмоқда. 

Қўшкўпир туманинг беш қулай ҳудудида ана шундай ярмаркалар ишлаб турибди. Савдо ярмаркасидаги барча ўқув қуролларининг сифати, дизайни ўқувчилар диди ва дунёқарашига мослиги, харидорга танлаш имконияти кенглиги билан аҳамиятли. Ушбу маҳсулотларнинг асосий қисми юртимизда ишлаб чиқарилган ва сифати талаб даражасида. Маҳсулотлар соҳага алоқадор мутасадди ташкилотлар билан тўғридан-тўғри шартномалар асосида келтирилаётгани нархлар барқарорлигини таъминламоқда. Бу шароитлардан ота-оналар мамнун.

– Мактабга борадиган учта фарзандимни етаклаб бозорга бормадим, овора бўлмадим, – дейди Қўшкўпир тумани Ўрта қишлоқ маҳалласида истиқомат қилувчи Навбаҳор Бобожонова. – Маҳалламиздаги мактабда ташкил этилган ярмаркага чиқдик. Нарх-наво, масҳулотларнинг сифати кутганимдан ҳам яхши экан.

Туманда янги ўқув йилига ҳар жиҳатдан пухта тайёргарлик кўришга алоҳида эътибор қаратилди.

– Мактабимиз жорий ўқув йилида 551 нафар ўқувчига таълим бериш учун шай ҳолатда, – дейди Қўшкўпир туманидаги 9-умумтаълим мактаби директори Фотима Бобожонова. – Муассасамиз биноси жорий таъмирланди. Ўқувчиларнинг давлат томонидан таъминланиши лозим бўлган ўқув қуроллари ва дарсликлар ҳозирланди. Мактабимиз ҳовлисида ташкил қилинган ярмарка 10 сентябрга қадар давом этишини ота-оналарга эслатиб ўтганмиз. 

Аҳмаджон Шокиров, ЎзА
4 156