ЎзА Ўзбек

30.08.2018 14:48 Чоп этиш версияси

Янги ўқув йили – янгиланган мактабда

Янги ўқув йили – янгиланган мактабда
Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллиги арафасида Фарғона вилоятида 32 та умумтаълим мактаби капитал реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди. Бунинг учун 54 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланди.

“Обод қишлоқ” дастури асосида эса вилоятда 33 та таълим масканида қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди. Янгиланган ушбу таълим муассасаларида ўқувчиларнинг замонавий билим олиши учун барча шароит яратилган. Шунингдек, 13 та умумтаълим мактабида замонавий спорт зали бунёд этилди.

Қўқон шаҳридаги 15-умумтаълим мактабида ҳам 2 миллиард 300 миллион сўмга яқин маблағ эвазига капитал таъмирлаш ишлари олиб борилиб, ўқувчиларга янги ўқув йилида янада қулай шароитлар яратилди. Бунёдкорлик ишлари “Бинокор Отабек” хусусий корхонаси томонидан амалга оширилди.

– Мамлакатимизда ёш авлодга кўрсатилаётган эътибор туфайли фарзандларимиз барча қулайликларга эга билим масканларида таълим-тарбия олмоқда, – дейди мазкур мактаб директори Шаҳло Расулова. – Бу бизнинг муассасада олиб борилаётган амалий ишларда ҳам ўз ифодасини топмоқда. 1000 нафардан зиёд ўқувчи таълим оладиган мактабимиз бутунлай янги қиёфа касб этганидан ота-оналар ҳам ғоят хурсанд.

Мактабда 4 қаватли ўқув биноси, ошхона, ичимлик суви ва электр тармоқлари, ички йўлаклар, яшил хиёбонлар замонавий талаблар асосида янгиланди. Билим даргоҳининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавий ўқув адабиётлари билан таъминлаш ишлари давом этмоқда.

Янги ўқув йилида 90 нафар ўғил-қиз мазкур мактабнинг 1-синфига қадам қўяди. Уларга илк сабоқ қулай шароит ва муҳитда бўлиши учун синфхоналарни жиҳозлашга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, чет тилларни ўқитиш учун кўргазмали воситалар тайёрланди. Болаларнинг дарс жараёнига тез ва осон мослашиши учун барча шароит ҳозирланди.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
3 793