ЎзА Ўзбек

06.09.2018 14:30 Чоп этиш версияси

Янги ўқув йили янги мактабда бошланди

Янги ўқув йили янги мактабда бошланди
Бухоро вилоятининг Когон тумани Деҳмирзаён ва унинг атрофидаги қишлоқлар ўқувчилари янги ўқув йилини янгидан барпо этилган 216 ўринли мактабда бошлади.

Лойиҳа қиймати қарийб 3,7 миллиард сўм бўлган ушбу 18-умумтаълим мактабини қуриш ишлари “Ғиждувон Ғовшун махсус қурилиш-монтаж” МЧЖ қурувчилари томонидан амалга оширилди. Муассасада ўқувчиларнинг фанларни пухта ўзлаштириши учун замонавий шароит яратилди. Ўқув ва лаборатория хоналари, компьютер синфи, лингафон кабинети давлат таълим стандартлари асосида тегишли жиҳозлар билан таъминланди. Шунингдек, бир пайтнинг ўзида қатор спорт турлари билан шуғулланиш имконияти мавжуд спорт зали, стадион бунёд этилди.

– Қишлоғимизда янги мактаб қурилгани болаларимиз учун ҳам, ота-оналар учун ҳам жуда қулай бўлди, – дейди меҳнат фахрийси Қосим ота Ҳамидов. – Шу чоққача фарзандларимиз уч-тўрт километр узоқликдаги мактабга қатнаб ўқир эди. Айниқса, ёш болалар қиш пайтида шунча жойга бориб келишда қийналишарди. Энди ўзимизнинг қишлоқда ҳам замонавий мактаб бор. Бундан ота-оналар хотиржам.

Вилоят умумтаълим мактаблари моддий-техник базаси тобора мустаҳкамланмоқда. Давлат инвестиция дастури доирасида жорий йилда 13 та муассаса биноси реконструкция қилинди, 1 та мактаб биноси қурилди, яна биттаси мукаммал таъмирланди. Ана шу мақсадларга 30 миллиард 813 миллион сўм маблағ сарфланди. Бундан ташқари, маҳаллий бюджет ҳисобидан 3 та умумтаълим биноси мукаммал таъмирланди.

Бугунги кунда Бухоро вилоятидаги 530 га яқин умумтаълим мактабида 310 минг 680 ўқувчи таълим олади. Уларнинг 32 минг 450 нафари бу йил илк бор мактабга қадам қўйди. Биринчи синф ўқувчиларига барча ўқув қуролларидан иборат “Президент совғаси” топширилди.

Эркин Ёдгоров, ЎзА
3 937