ЎзА Ўзбек

08.11.2018 20:27 Чоп этиш версияси

Янги туғилган чақалоқлар ҳаётини сақлаш – муҳим масала

Янги туғилган чақалоқлар ҳаётини сақлаш – муҳим масала Пойтахтимизда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ЮНИСЕФнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда янги туғилган чақалоқлар ҳаётини сақлаб қолиш ва уларни парваришлаш сифатини яхшилаш масалалари муҳокама этилди.

Юртимизда аҳолига, хусусан, болаларга кўрсатилаётган тиббий хизмат самарадорлигини оширишга қаратилган ислоҳотлар ижроси доирасида ташкил этилган тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, давлат ва нодавлат ташкилотлар вакиллари, халқаро экспертлар ва ҳудудлардан келган соғлиқни сақлаш тизими мутахассислари қатнашди.

Унда сўз олганлар юртимизда тиббиёт соҳасини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар замирида болалар, янги туғилган чақалоқлар ҳаётини сақлаш ва улар саломатлигини муҳофаза қилиш чоралари мужассам эканини таъкидлади.

БМТнинг яқинда эълон қилинган болалар ўлими ҳақидаги глобал ҳисоботига кўра, дунё миқёсида болаларнинг тирик қолишида сезиларли муваффақиятга эришилган. Шунга қарамасдан, 2017 йилнинг ўзида 5,4 миллион бола беш ёшга тўлмасдан нобуд бўлган. Уларнинг 2,5 миллиони бир ойлик болалардир.

photo5415946403433261513.jpg

– Ўзбекистон ҳукуматининг болалар ҳаётини сақлаб қолиш борасидаги саъй-ҳаракатлари эътирофга лойиқ, – деди ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Саша Грауманн. – Чунки бу мамлакатда 5 ёшгача бўлган болалар ўлимининг олдини олишда сезиларли муваффақиятга эришилди. Бироқ янги туғилган чақалоқларнинг нобуд бўлиш кўрсаткичи ҳали ҳам юқори. Янги туғилган чақалоқлар ва оналар саломатлигини яхшилаш мамлакатнинг умумий ривожланиши учун ҳам жуда муҳимдир. Шу сабабли бугунги анжуманда бу жиҳатлар таҳлил этилиб, мутахассислар кўмагида зарур чоралар кўриш ва тавсиялар ишлаб чиқиш амалий аҳамият касб этади.

Тадбирда янги туғилган чақалоқлар саломатлиги муҳофазаси бўйича юртимиздаги ҳолат таҳлил қилиниб, бу масала юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилди.



Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
1 404