ЎзА Ўзбек

21.08.2018 15:55 Чоп этиш версияси

Янги цех фаолият бошлади ​

Янги цех фаолият бошлади ​
“Навоийдонмаҳсулотлари” акциядорлик жамиятида таркиби зарур озуқа билан бойитилган, маълум шаклда зичланган омихта-ем ишлаб чиқариш цехи иш бошлади.

“Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компанияси тизими корхоналари томонидан балиқ, парранда ва чорва моллари учун озуқа ишлаб чиқариш цехларини ташкил этиш бўйича 2017-2018 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастурига асосан фаолият бошлаган мазкур цехда 30 та янги иш ўрни яратилди.

– Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 29 майдаги “2018 йил бошоқли дон экинлари ҳосилини йиғиштириб олиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори ижроси доирасида жамиятимиз ва 1 минг 184 фермер хўжалиги ўртасида тузилган шартномага асосан, қарийб 83 минг тонна бошоқли дон қабул қилинди, – дейди “Навоийдонмаҳсулотлари” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Шерали Шарипов. – Халқнинг ризқ-рўзи – донни сифатли сақлаш мақсадида Конимех, Навбаҳор ва Хатирчи туманларидаги қабул шохобчаларида буғдой ёпиқ сиғимларга киритилди. Айни пайтда жамиятда 2019 йил ҳосили учун “Элита”, “Супер элита” ва “R1” навли уруғлик дон тайёрланмоқда.

Корхонада аҳолига сифатли ун маҳсулотлари етказиб бериш билан бир қаторда, паррандачилик, чорвачилик ва балиқчилик учун ҳам махсус озуқа ишлаб чиқариш тармоғининг йўлга қўйилгани ички бозор талабини қоплаш, энг муҳими, вилоятда қишлоқ хўжалигининг мазкур йўналишини янада ривожлантиришда муҳим омил бўлди.

Қиймати қарийб 460 минг АҚШ долларига тенг бўлган замонавий ускуналар дастлабки маҳсулотларни ишлаб чиқаришни бошлади. Тез кунда арзон ва маҳаллий гранулланган омихта ем харидорларга етказиб берилади.

Нуриддин Раҳимов, ЎзА
5 350