ЎзА Ўзбек

19.02.2020 Чоп этиш версияси

Янги тизим давлат ва халқ ўртасида мустаҳкам кўприк бўлади

Янги тизим давлат ва халқ ўртасида мустаҳкам кўприк бўлади

Муносабат

Президентимизнинг 2020 йил 18 февралдаги “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5938-сонли Фармони билан ижтимоий ҳаётимизда янги тизим жорий этилди.

Жамият бошқарувида ўзига хос анъана ва қадриятлар асосида шаклланиб келган, миллатимиз менталитети ва халқимиз турмуш тарзи тамойилларини ўзида мужассам этган маҳаллаларимиз бугун ривожланишнинг янги босқичига қадам қўйди. Президентимиз ташаббуси билан ушбу ижтимоий институт мақоми мутлақо юқори даражага олиб чиқилиб, мамлакатимизда янги – Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этилди. 

Вазирлик оила, хотин-қизлар ва кексаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорлик ўрнатиш бўйича ваколатли орган ҳисобланиб, “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилининг тўлиқ ижро этилишини таъминлайди. 

Бунда ободонлаштириш ишлари энг чекка ҳудудларимизга қадар жадал олиб борилади, жиноятдан холи ҳудудлар сони кўпайишига алоҳида эътибор қаратилади. Фуқаролар йиғинларининг фаолияти мунтазам қўллаб-қувватланиши натижасида иш самарадорлиги ошиши таъминланади. Бу борада соҳа ходимларига барча шарт-шароитлар яратиб берилади. Шунингдек, фуқаролар йиғинларига мавжуд ваколатларининг тўла-тўкис амалга оширишда кўмаклашиб, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоялайди.
 
Шубҳасизки, энг маъқул ва ижобий натижасини узоқ куттирмайдиган, самарали механизм яратилишида янги тизим қатор қулайликлари ҳамда афзалликлари билан халқимиз кўнглидан муносиб жой олишига ишонамиз. Зеро, ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи яхлит тузилманинг ташкил этилиши, албатта, ягона мақсад йўлида, бир мушт бўлиб жипслашиш, ўзаро ҳамжиҳатликда, таъсирчан куч бўлиб ишлашимизга шарт-шароит ва имкониятлар яратади.

Мақсадли ва манзилли иш юритилади

Янги вазирлик ва унинг ҳудудий тузилмалари аҳоли муаммолари билан ишлаш, таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга оширишда маҳаллалар мавқеини юксалтириб, ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда барча ташаббусларни қўлга олади. Ҳудудлардаги ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликни камайтиришда ички ишлар органлари ҳамда бошқа давлат идоралари, жамоат ташкилотлари билан узвий ҳамкорликда иш олиб боради.

Қайд этиш керакки, вазирликнинг ҳудудий бошқарма ва бўлимлари бошлиқлари ҳоким ўринбосари, ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи эса ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари ҳисобланиши белгиланди. Ушбу янги лавозимларнинг амалиётга татбиқ этилиши Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда Ички ишлар вазирлиги ўртасидаги маҳалла, қишлоқ ва овулларда аҳоли муаммоларини аниқлаш, уларни ҳал этиш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишларни ташкил этишда катта аҳамият касб этади.

Маҳалла раисининг ваколат муддати уч йилдан беш йилга узайтирилиб, унинг уч нафар ўринбосари лавозими жорий этилиши соҳа ходимларининг айни истаги ижобати бўлди, десак муболаға бўлмайди. Шунингдек, профилактика инспектори маҳалла раисининг ҳуқуқ-тартибот масалалари бўйича ўринбосари этиб белгиланганлиги – маҳалла ва ички ишлар органларининг узвий ҳамкорлигини мустаҳкамловчи кўприк бўлганлигини алоҳида қайд этиб ўтиш жоиздир. Натижада эса профилактик инспектори ва маҳалла раисининг 5 йил давомида бир жойда фаолият олиб бориши натижасида муаммоларни мақсадли ва манзилли, узоқ муддатли, илдизигача тўлиқ бартараф этиш имконияти яратилади.

Оила, хотин-қизлар масаласи доимий эътиборда

Янги тузилмада хотин-қизлар билан ишлашга устувор аҳамият қаратилади. Шу вақтга қадар хотин-қизлар қўмиталарида, маҳаллаларда меҳнат қилиб келаётган аёллар янги тузилмада ҳам ўз фаолиятини давом эттиради, уларнинг мавқеи, моддий шарт-шароитлари, иш ҳақи миқдорлари сезиларли оширилади.

Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини муносиб ҳимоялашда ҳам янги вазирлик барча масъулиятни ўз зиммасига олади. Негаки, аёл аввало оилада эъзоз, ҳурмат топса, унинг таъсири аввало маҳалла, сўнгра бутун жамиятда сезилади. Бу эса унинг атрофидаги одамлар ҳаётига ҳам ижобий таъсир ўтказмай қолмайди. Аксинча бўлса-чи? Янги вазирлик жойлардаги шу каби муаммоларини аниқлаш, тизимли равишда ҳал этиш, оилалардаги маънавий-ахлоқий муҳитни шакллантириш, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда фуқаролар йиғинларига ҳар томонлама кўмаклашади.

Бу жараёнда одамларнинг аҳил яшаши, қўни-қўшни, қариндош-уруғлар ўртасидаги маиший низоларнинг олдини олишда миллий қадрият ва анъаналаримиз, маҳаллаларда шаклланган маънавий тарбия воситаларидан унумли фойдаланилади. 

Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, хотин-қизлар билан ишлаш бўйича мутахассислар ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришда маҳалладаги хотин-қизлар билан қалбан яқин бўлиши, уларнинг мавжуд муаммоларига ечим топишга кўмаклашиши зарур. Зеро, аёл кишининг кайфияти, атрофдагиларга муносабати унинг оиласи хотиржамлиги ҳамда фарзандлари тарбиясига ҳам бевосита таъсир кўрсатади. Шу сабабли, маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш чораларини аёлларни қўллаб-қувватлаш ва ҳаётга бўлган муносабати ва муҳаббатини оширишдан бошлашимиз зарур. Шундагина жиноятчилик, оилавий ажримлар, вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича ишларимиз ўз натижасини беради. Президентимизнинг мазкур Фармони айни жиҳатларга катта эътибор берилгани билан ҳам аҳамиятлидир.

Албатта, янгича тизимда мамлакатимиздаги катта ҳаётий тажриба эгалари – нуроний отахон ва онахонларимиз масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Зеро, кўпни кўрган оқсоқоллар, тажрибали нуронийларимиз жамоатчилик билан биргаликда маҳалла ва оилалардаги ҳар қандай муаммони ҳал қилишга, хато қилган ёшларни тўғри йўлга бошлашда бизга катта кўмак бера олади. Шу боис Фармонда акс этганидек, вазир ўринбосарларидан бири кексаларни ижтимоий рағбатлантириш, ёшларда ватанпарварлик туйғусини мустаҳкамлаш масалалари билан шуғулланиши кўзда тутилди. 

Энди маҳаллалар ўз иши билан машғул бўлади

Маҳалла раисларининг обрўси, мавқеи оширилаётгани алоҳида эътирофга лойиқ. Чунки шу пайтга қадар улар зиммасида 200 дан ортиқ вазифа сақланиб келаётган эди. Шунча ишни бир киши бажариши мумкинми, деган савол бирор бир мутасаддини ташвишга солмаётганди. Сир эмас, айрим вилоятларда маҳалла ходимларини қонун ҳужжатларида белгиланган вазифаларига хос бўлмаган топшириқлар ижросини таъминлашга жалб этилаётгани, турли йиғилишларга чақириш ҳолатлари ҳамон давом этиб келаётганди. 

Энди эса маҳалла раислари ўз ҳудудининг ҳақиқий эгасига, юз берган ҳар бир ҳолат учун бирламчи жавобгар ва масъул мутасаддига айланишади. Янги тартибга кўра, фуқаролар йиғинлари ишининг самарадорлигини юксалтириш мақсадида улар фаолиятига хос бўлмаган қатор вазифалар бекор қилинади. Улар эндиликда “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилини амалиётга жорий этиш, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлиги ва осойишталикни таъминлаш, аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш, томорқалардан унумли фойдаланиш, ер участкаларини ноқонуний эгаллашнинг олдини олиш, ҳудудни ободонлаштириш каби аниқ мақсадларга йўналтирилган масалалар билан шуғулланишади. 

Бир сўз билан айтганда, энди маҳаллалар ўз иши билан машғул бўлади. Оддий мисол, бир оилада нотинчлик юз берса, уни бартараф этиш учун бирлашган ва аниқ тизимли, кенг ваколатли жамоа кўмаги зарур. Шу пайтгача бир нечта жамоат ташкилотларининг бир-бирини такрорловчи функциялари натижасида мавжуд муаммолар аниқланиши кечикар, бор муаммо ҳам мутасадди эгасини тополмай, одамларни сарсон қиларди. Мазкур йўналишларнинг ягона тизимга бирлашиши эса шу каби бошбошдоқликларнинг олдини олиш билан бир қаторда, натижадорликни бир неча баробарга ошириши билан ҳам аҳамиятлидир.

Умуман олганда, фармонда илгари сурилган барча ташаббуслар, жумладан, фуқаролар йиғинлари зиммасидаги ортиқча вазифаларнинг бекор қилиниши, соҳага оид янги иш ўринларининг очилиши, вертикал тизим яратиш, раисларнинг мақомини кўтариш, уларнинг малакасини ошириш каби ўз ечимини кутаётган муҳим масалалар бўйича аниқ вазифалар қўйилгани бутун тизим вакилларини тўлқинлантириб юборди. Айниқса, ўз фаолиятига сидқидилдан ёндашиб, яхши натижаларга эришган маҳалла раисларини муносиб тарзда рағбатлантиришнинг йўлга қўйилиши адолатдан бўлганлигини айтиб ўтиш жоиз. 

Бугун одамларнинг дунёқараши ва фикрлаш доираси кечаги кундан бутунлай фарқ қилади. Улар энди кимга ишонч билдиришни, ўзининг муаммосига ким ижобий ечим топа олишини жуда яхши билишади. Халқимизда “Яхши раҳбар элни ўйлар” деган нақл бежиз айтилмаган. Маҳаллага раҳбарлик қилувчи раислар ҳам халқ дарди, унинг ташвишлари билан яшашни ўзининг энг асосий ҳаётий принципи деб билиши ва шунга монанд тарзда меҳнат қилмоғи керак. Бундай шароитда фақат ҳисоботлар учун эмас, аниқ натижалар асосида иш олиб бориш кўзланган маррага етишнинг энг мақбул йўлидир. Бу йўлда аввало, аҳоли ва давлат ташкилотлари ўртасидаги мавжуд ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, халқ ишончига муносиб бўлишга эришиш лозим.
Раҳмат МАМАТОВ,
Республика маҳаллалар кенгаши 
бошқаруви раиси, 
Олий Мажлис Сенати аъзоси

6 089
ЎзА