ЎзА Ўзбек

10.09.2019 Чоп этиш версияси

Янги ташкил этилган давлат инспекциясига раҳбар, агентликка директор тайинланди

Янги ташкил этилган давлат инспекциясига раҳбар, агентликка директор тайинланди

Президентимизнинг жорий йил 9 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида санитария-эпидемиология хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг санитария-эпидемиология назорати хизмати ташкилотлари ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари негизида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида эса Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ташкил этилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигида бўлиб ўтган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарори билан Атабеков Нурмат Сатиниязович Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи – Ўзбекистон Республикасининг Бош давлат санитария инспектори, Алматов Баҳром Ибрагимович Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори – Ўзбекистон Республикасининг Бош давлат санитария врачи этиб тайинланганлиги билдирилди.

Н.Атабеков бугунги кунгача Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институти директори, Б.Алматов эса Республика Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази бош врачи лавозимида ишлаб келаётган эди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари А.Абдуҳакимов ва соғлиқни сақлаш вазири А.Шодмонов иштирок этди.

2 925
ЎзА