Янги тартиб – ФҲДЁ органлари томонидан архив ҳужжатларини бериш Давлат хизматлари марказлари орқали амалга оширилади
Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари томонидан архив ҳужжатларини бериш бўйича давлат хизмати кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди.
Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари томонидан архив ҳужжатларини бериш бўйича давлат хизмати кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди.
Мазкур ҳукумат қарорига кўра, жисмоний шахсларга Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари томонидан архив ҳужжатларини бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентига мувофиқ янги тартиб кучга кирди. Яъни фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш ва нотариал органлар соҳасида ҳамда расмий ҳужжатларга апостиль қўйиш Давлат хизматлари маркази ёки ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали амалга ошириладиган бўлди.
Давлат хизматлари агентлиги Фарғона вилояти бошқармасида бўлиб ўтган семинар-тренингда ана шу янгиликлар хусусида сўз борди.
– Регламент жисмоний шахсларга ФҲДЁ бўлимлари архивлари томонидан туғилганлик, никоҳ тузилганлиги, ўлим ҳамда никоҳдан ажралганлик ҳақидаги далолатнома ёзувлари мавжуд ёки мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотларни бериш бўйича давлат хизмати кўрсатиш тартибини белгилайди, – дейди Давлат хизматлари агентлиги Фарғона вилояти бошқармаси бўлим бошлиғи Шаҳноза Имомова. – Давлат хизматлари марказлари ва ФҲДЁ органлари ўртасида ахборот алмашинуви электрон рақамли имзони мажбурий тартибда фақат идоралараро электрон ўзаро боғланиш ёрдамида амалга оширилади. Соддароқ қилиб айтганда, Давлат хизматлари маркази ходими ариза берувчи номидан сўровномани белгиланган тартибда электрон тарзда тўлдиради. Сўровномага зарур маълумотлар расмийлаштирилгандан сўнг аризачи уни ўз электрон рақамли имзоси билан тасдиқлайди. Шундан сўнг, барча ҳужжатлар 10 дақиқа мобайнида тегишли ФҲДЁ органига электрон шаклда юборилади. ФҲДЁ органи сўровнома тушган вақтдан бошлаб 1 иш соати мобайнида матрик штрихли код қўйилган маълумотномани расмийлаштиради ҳамда тегишли Давлат хизматлари марказига юборади. Сўровномада сўралаётган маълумотлар ФҲДЁ органида мавжуд бўлмаганда ФҲДЁ органи сўровномани тегишли равишда вилоят ФҲДЁ архивларига юборади ва Давлат хизматлари марказини электрон тарзда хабардор қилади. Бунда Давлат хизматлари маркази ариза берувчига ахборот-коммуникация тизими орқали хабар беради. Бу янги тартиб эса фуқароларнинг бир неча идоралар ўртасида сарсон бўлмаслигини таъминлайди.
Эътиборли жиҳати шундаки, вилоят ФХДЁ архивлари сўровнома тушган кундан бошлаб 3 иш куни мобайнида маълумотларни тегишли ФҲДЁ органларида мавжуд ёки мавжуд эмаслигини аниқлаб, матрик штрихли код қўйилган маълумотни расмийлаштириб тегишли Давлат хизматлари марказига юборади. Марказ эса шу маълумотномани 10 дақиқа ичида зудлик билан ариза берувчининг электрон манзилига юборади. Давлат хизматлари марказлари ва ФҲДЁ органлари ўз фаолиятини амалга ошириши натижасида олинган маълумотларни сир сақланишини таъминлайди.
Давлат хизматлари марказлари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги Регламент талаблари ижроси бўйича давлат органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг фаолияти юзасидан доимий назорат қилади ҳамда мониторингни амалга оширади. Мазкур Регламент талабларини бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берилиши белгилаб қўйилган.
Семинарда иштирокчилар ҳаётий мисоллардан келиб чиққан ҳолда қарор мазмуни юзасидан ўз мулоҳазалари ва таклифларини билдирди.