ЎзА Ўзбек

02.12.2019 Чоп этиш версияси

Янги таҳрирдаги Солиқ кодекси муҳокамага қўйилди

Янги таҳрирдаги Солиқ кодекси муҳокамага қўйилди

Тошкент давлат иқтисодиёт университетида янгиланган Солиқ кодекси лойиҳасининг мазмун-моҳияти юзасидан жамоатчилик муҳокамаси бўлиб ўтди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, парламент қуйи палатаси ҳузуридаги Давлат бюджети бошқармаси, Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси вакиллари, профессор-ўқитувчилар, докторантлар, талаба-ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Шу кунларда Қонунчилик палатаси томонидан биринчи ўқишда қабул қилинган қонун лойиҳаси соҳа мутахассислари, илмий ходимлар, экспертлар ва мамлакат фуқаролари иштирокида турли тадбирлар шаклида иккинчи ўқишда парламентнинг қуйи палатасида кўриб чиқишга тайёрланмоқда. Солиқ кодекси лойиҳасига жамоатчиликнинг қизиқиши, ундаги янгиликларнинг аҳамияти ва долзарблиги, солиқ органлари ва солиқ тўловчиларнинг, яъни ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқлари белгиланаётгани билан изоҳланади.

Тадбирда таъкидланганидек, ҳукумат томонидан парламент қуйи палатасига киритилган кодекс лойиҳаси Ўзбекистон Республикасининг Солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясига мувофиқ ишлаб чиқилган. Лойиҳа солиқ қонунчилигини қўллашни максимал даражада соддалаштириш, қарама-қаршиликлар ва тушунмовчиликларни бартараф этиш, инсофли солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтиришни кўзда тутади.

Шунингдек, солиқ назорати шакллари ва механизмларини такомиллаштириш, жумладан, солиқ солиш объектлари ва солиқ тўловчиларни тўлиқ қамраб олиш ва ҳисобга олишни таъминлайдиган замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш янги таҳрирдаги Солиқ кодексида назарда тутилган вазифалар қаторига киради.

– Лойиҳада Солиқ кодексининг амалдаги тузилмаси сақланиб қолган бўлиб, уни умумий ва махсус қисмларга ажратиш кўзда тутилган, – деди Давлат солиқ қўмитаси бошқарма бошлиғи Темур Исмоилов. – Уларда солиқ маъмуриятчилиги ҳамда солиқларни ҳисоблаш ва тўлашнинг асосий қоидалари каби масалалар ўрин олган. Хусусан, нафақат солиқ тўловчиларнинг, балки солиқ органларининг жавобгарлигини оширган ҳолда ҳуқуқлари ва мажбуриятлари аниқ шакллантирилган. Назорат тартиблари соддалаштирилиб, солиқ текширувлари турлари 13 тадан 3 тагача қисқартирилмоқда. Шунингдек, солиқларни тўлашни таъминлашнинг янги воситаси ҳам киритилмоқда. Солиқларни тўланадиган асосда тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлашни тақдим этиш тартиби ҳам жорий этилмоқда. Солиқ имтиёзларини белгиланган ставкани пасайтириш шаклида, лекин 50 фоиздан кўп бўлмаган ва уч йилдан ошмаган муддатга Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тақдим этилиши мумкин бўлган қоидалар белгиланмоқда.

Муҳокамаларда билдирилган барча фикр, таклиф ва тавсиялар Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ишчи гуруҳи томонидан таҳлил қилиниб, умумлаштирилади ва Кодекс лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида фойдаланилади. Чунки янгиланаётган Солиқ кодексининг ҳар бир нормаси тўғридан-тўғри амал қилувчи нормага айланиши лозим.

Янги таҳрирдаги Солиқ кодекси лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамалари бутун республикамиз ҳудудлари бўйлаб соҳа мутахассислари ва кенг жамоатчиликни жалб қилган ҳолда давом этмоқда.

1 355
Гулноза БОБОЕВА, ЎзА