Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

11.07.2018 14:25 Чоп этиш версияси

Янги қонунда қандай ўзгаришлар бор?

Янги қонунда қандай ўзгаришлар бор?
Ўзбекистонда сўнгги вақтларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш орқали аҳоли даромадларини оширишга жиддий эътибор қаратилмоқда. 2018 йилнинг ўзида мамлакатимиз биргина гилос экспорт қилувчи мамлакатлар рейтингида бир неча поғона кўтарилиб, тўртинчи ўринга чиқиб олди. Хитой, Жанубий Корея каби мамлакатларда Ўзбекистонда етиштирилган маҳсулотлар истеъмол қилина бошлади. Бундай ижобий кўрсаткичларни янада ошириш қонунларни ҳам такомиллаштиришни талаб этади.

7868363.jpg

Шуҳрат Ёқубов,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси депутати

Куни кеча кучга кирган янги таҳрирдаги “Ўсимликлар карантини тўғрисида”ги қонун озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳолига сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш ҳамда турли зарарли организмларнинг мамлакатимизга кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш, шунингдек, хорижга мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини ривожлантириш йўлида муҳим ҳуқуқий асос вазифасини ўтайди.

Шуни таъкидлаш керакки, аввал ҳам мазкур соҳани тартибга солувчи алоҳида қонун бўлган. Лекин у 1995 йилда қабул қилинган бўлиб, бугунги кун талаблари, айниқса, илм-фан ютуқлари ва замонавий технологияларни жорий этиш нуқтаи назаридан, қолаверса, мазмунан эскирган эди.

Қонуннинг янги таҳрирда қабул қилинишига яна бир муҳим асос шунда эдики, ўсимликлар карантини соҳасидаги бошқарув тизимида ҳам жиддий ўзгаришлар юз берди. Мазкур соҳага давлатимиз раҳбари томонидан алоҳида эътибор қаратилиб, махсус фармон ва иккита қарор қабул қилинди. Улар асосида, собиқ Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги тизимига кирувчи Ўсимликлар карантини давлат инспекциясининг ташкилий-ҳуқуқий мақоми янада кучайтирилиб, Вазирлар Маҳкамаси таркибига ўтказилди. Қонун асосида янги ташкил этилган инспекциянинг тизими, ҳуқуқ ва ваколатлари аниқ белгиланди.

Бу йўналишдаги яна бир муҳим масала шундаки, аввалги қонунда ўсимликлар карантини давлат инспекторларининг ҳуқуқлари кўрсатилган бўлса-да, мажбуриятлари аниқ белгиланмаган эди. Фуқароларнинг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда янги қонуннинг 17-моддасида ўсимликлар карантини давлат инспекторлари мажбуриятлари ҳам аниқ кўрсатилди.

Сўнгги вақтларда ташқи сиёсатимизда амалга оширилган ижобий ислоҳотлар натижасида Тожикистон, Қирғизистон каби чегарадош давлатлар билан ўзаро дўстлик алоқалари янада мустаҳкамланди, савдо-сотиқ ишлари кенг йўлга қўйилмоқда. Ўзаро қўшничилик алоқалари яхшиланган давлатлар билан 20 дан ортиқ чегара пунктлари ташкил этилди. Шу асосда Инспекцияга қўшимча 400 дан ортиқ штатлар ажратилди, ходимлар масъулияти оширилди. Мақсад – хорижий мамлакатлардан кириб келаётган маҳсулотлар таркибида ўсимликлар карантини назорати остидаги зарарли организмларнинг йўқлигини аниқлаш, шу билан бирга, эскпорт қилинаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг тез ва қулай шароитларда хорижий мамлакатларга етказилишини таъминлашдан иборат.

Янги қонунда ўсимликлар карантини давлат инспекцияси масъул ходимларининг лавозимларини аниқ белгилаб бериш, шунингдек, халқаро савдо алоқаларини ривожлантиришда ўсимликлар ва ўсимлик маҳсулотлари билан савдо алоқаларини йўлга қўйишда фитосанитар хавфсизликни таъминлаш, импорт ва экспорт билан шуғулланадиган тадбиркорлик субъектлари амал қилиши керак бўлган зарарли ўсимлик касалликлари, ҳашаротлар ва бегона ўтлар кириб келишининг олдини олиш бўйича аниқ нормалар белгиланган.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти билан шуғулланадиган тадбиркорларга қулайлик яратиш мақсадида қонуннинг 30-моддасига асосан, аввалги қонундаги ўсимликлар карантини давлат хизмати органларини юкни жўнатилиши кутилаётган кундан олдин хабар қилиш муддати 30 кундан 10 кунгача, экспорт қилинаётган маҳсулотни текширув кўригидан ўтказиш учун тақдим қилиш муддати 15 кундан 3 кунгача қисқартирилди.

Шунингдек, қонунда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколатлари алоҳида янги моддаларда мустаҳкамланди.

Мамлакат хавфсизлигини таъминлашда ҳам ўсимликлар карантини хизмати муҳим рол ўйнайди. Чунки биргина зарарли организмни уруғ, кўчат каби қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари орқали мамлакатга киритиб, бутун қишлоқ хўжалигини издан чиқариш мумкин. Бундай салбий ҳолатлар хорижий мамлакатлар тажрибасида бир неча бор кузатилган. Шундай хавфларнинг олдини олиш учун ҳам қонунда инспекциянинг ваколатларини кучайтиришга жиддий эътибор қаратилди.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқароларнинг ўсимликлар карантини масалаларини ҳал этишда қатнашиши ҳам тартибга солинди. Хусусан, уларнинг иштироки жамоатчилик назоратини амалга ошириш, карантиндаги зарарли организмларнинг тарқалиши тўғрисида аҳолини ўз вақтида огоҳлантиришда намоён бўлади. Бу эса, зарарли организмлар ўчоқлари тарқалишига йўл қўймаслик ва уларни йўқ қилиш бўйича зарурий ҳамда тезкор бажарилиши лозим бўлган чораларни ўз вақтида кўришга имконият яратади.

Бугунги кунда ахборот технологиялари кенг ривожланаётганлигини ҳисобга олиб, фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида қонунга Ўсимликлар карантини соҳасидаги ахборотнинг очиқлиги номли янги боб киритилди, унда ўсимликлар карантини бўйича давлат хизмати томонидан амалга оширилаётган тадбирлар тўғрисидаги маълумотлар ҳамда ўсимликлар карантини соҳасидаги бошқа ахборот оммавий ахборот воситаларида ва Ўсимликлар карантини давлат инспекциясининг расмий веб-сайтида эълон қилиниши белгиланди.

Сабаби, ҳозирги кунга қадар ўсимликлар карантини тўғрисидаги норматив ҳужжатлар, фитосанитар хавфсизлик доирасидаги тадбирлар ва бошқа маълумотларнинг очиқлиги тўлиқ таъминланмаганлиги фуқароларга, жумладан, тадбиркорларга ноқулайликлар туғдираётган эди. Улар қайси маҳсулотларни экспорт қилиш мумкин ёки йўқ ва бунинг сабаблари ҳақидаги маълумотларни олгунча, анча вақтини йўқотар эди. Қонунга киритилган мазкур янгиликлар бу борадаги қийинчиликларни бартараф этади.

Умуман, янги таҳрирдаги “Ўсимликлар карантини тўғрисида”ги қонуннинг амалга самарали татбиқ этилиши мамлакат ҳудудини турли зарарли организмлардан ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари эскпорти кўламини янада кенгайтиришга хизмат қилади.

ЎзА
2 585