ЎзА Ўзбек

04.02.2020 Чоп этиш версияси

Янги қонун лойиҳасига мувофиқ 50 миллион сўмгача микроқарз берилиши мумкин

Янги қонун лойиҳасига мувофиқ 50 миллион сўмгача микроқарз берилиши мумкин

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Унда бир қатор қонун лойиҳалари депутатлар томонидан кўриб чиқилди.

Хусусан, “Микромолиялаш тўғрисида“ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш тўғрисида“ги қонун лойиҳаси атрофлича муҳокама этилди.

Республикамизда кейинги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар қаторида молия бозори инфратузилмасини ривожлантириш ва модернизация қилиш масалаларига эҳтиёж туғилмоқда. Хусусан, микромолиялаштириш жараёнларини халқаро илғор амалиётга мувофиқлаштириш бўйича қонунчилик меъёрларини қайта кўриб чиқиш зарурати пайдо бўлмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Микромолиявий хизматлар оммабоплигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори нобанк кредит ташкилотлари фаолиятини ташкил этишда ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш учун замин яратди.

Қонун лойиҳасига мувофиқ, микромолиявий хизматлар кўрсатувчи ташкилотларнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорида белгиланган миқдорлардан ошмайдиган суммада микрокредит, микроқарз, микролизинг бериши назарда тутилиб, микромолиявий хизматлар кўрсатишнинг ҳажмлари оширилмоқда. Яъни, микроқарзнинг максимал миқдори 50 миллион сўмгача, микрокредитлар 300 миллион сўмгача ва микролизинг миқдори 600 миллион сўмгача оширилиши кўзда тутилган.

Киритилаётган ўзгартишлар аҳолининг ва тадбиркорлик субъектларининг микромолиявий хизматларга бўлган эҳтиёжини қондириш, шунингдек, уларнинг тўлов қобилиятини ошириш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ҳамда кўрсатилаётган микромолиявий хизматлар ҳажмининг ошишига, энг асосийси, микромолиялаштиришнинг ҳуқуқий базаси такомиллаштирилиб, мамлакатда микромолиялаш хизматларининг сезиларли даражада кенгайишига ёрдам беради.

Депутатлар муҳокамадаги қонун лойиҳаси юзасидан ўз фикрларини билдирди. Уларнинг қайд этишича, масофадан туриб хизмат кўрсатиш имкониятларини жорий этиш, аҳолида ҳаддан ташқари қарз юки шаклланишининг олдини олиш, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш республикада микромолиялаштириш соҳасини янада ривожлантириш бўйича ишларнинг ҳозирги босқичдаги долзарб йўналишлари бўлиши лозим.

Мажлисда қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилинди.

14 325
Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА