ЎзА Ўзбек

14.09.2018 16:19 Чоп этиш версияси

Янги мобиль ўйин озон қатламини ўрганади

Янги мобиль ўйин озон қатламини ўрганади

Аввал хабар қилганимиздек, пойтахтимиздаги “Wyndham Tashkent” меҳмонхонасида “Бутунжаҳон озон қатламини муҳофаза қилиш кун”и муносабати билан “Вақт машинаси: саргузашт” янги мобиль интеллектуал илованинг тақдимотига бағишланган учрашув давом этмоқда.

Мазкур мобиль илова Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, БМТ Тараққиёт дастури ҳамда Глобал экологик жамғарманинг ҳамкорликдаги Ўзбекистон Республикаси ҳудудида гидрохлорфторуглерод моддаларидан фойдаланишни жадал қисқартиришга йўналтирилган лойиҳаси доирасида ишлаб чиқилди. Ўйиннинг расмий номи – “Вақт машинаси: саргузашт”.

Мутахассислар маълумотига кўра, воқеа-ҳодисалар узоқ 2150 йилларда бўлиб ўтади. Бу вақтга келиб инсоният томонидан озон емирувчи моддаларнинг атмосферага ҳаддан зиёд ташланиши натижасида ернинг озон қатлами батамом емирилиб бўлади. Бу эса ер юзидан барча тирик жонзотларнинг аста-секин йўқолиб кетишига олиб келади. Ўйинчига, асосий қаҳрамон сифатида атроф-муҳитни ўрганиш ва озон тўғрисида кўп қизиқарли маълумотларни билиб олиш талаб этилади. Шунингдек, ўйинчи турли жараёнлар давомида озон қатлами емирилишининг сабаблари, уни муҳофаза қилиш бўйича зарур чораларни қабул қилиш бўйича саволларга жавобларни топади.
 
Ўйин шундай ўйланганки, бунда иштирокчи озон, атмосфера билан боғлиқ зарур билимларни ошириш ҳамда саволларга жавоб топа олиши керак бўлади. Ўйин асосий ўйинлардан ҳамда турли мини-ўйинлардан ташкил топган.

– Мазкур ташаббуснинг халқаро миқёсда қўллаб-қувватланганлиги алоҳида аҳамиятга моликдир, – дейди Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Ў.Ўтаев . – Интеллектуал ўйин дастлаб БМТнинг икки тилида, яъни рус ва инглиз тилларида тақдим этилди, яқин келажакда яна тўртта расмий тилига ўгириш режалаштирилган. Шунингдек, ўзбек тилидаги намунасини яқин кунларда юклаб олиш имкони мавжуд бўлади.

Мобиль ўйин Андроид 4.4. операцион системасида ишловчи мобиль қурилма ҳамда планшетлар учун мўлжалланган.

А.Мусаев, ЎзА
2 952