ЎзА Ўзбек

13.08.2019 Чоп этиш версияси

Янги лойиҳалар учун сармоядорлар изланмоқда

Янги лойиҳалар учун сармоядорлар изланмоқда

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги сармоядорлар ўртасида халқ таълими соҳасида давлат-хусусий шериклик шартлари асосида лойиҳаларни амалга ошириш бўйича танлов эълон қилади.

Вазирликнинг расмий веб-саҳифасида шу мазмундаги 27 та эълон чоп этилган. Лойиҳалар Ўзбекистоннинг 8 та вилояти ва Тошкент шаҳрида амалга оширилиши режалаштирилмоқда. Айни дамда лойиҳаларнинг бештаси бўш ётган ер участкалари негизида спорт комплекслари қуриш, 22 таси эса нодавлат умумтаълим муассасалари барпо этишга қаратилган.

Танлов шартларига кўра, давлат-хусусий шерикчилик асосидаги объектлар ғолибларга беғараз фойдаланиш учун эълонларда кўзда тутилган муддатга берилади.

Лойиҳалар доирасида хусусий шериклар ижтимоий ҳимояга муҳтож бир неча болаларни ўқитиш, бинолар қуриш ёки уларни реконструкция қилиш, мактабларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш каби мажбуриятларни ўз зиммасига олиши керак. Хусусий шерик давлат-хусусий шерикчилик объектидан келишув асосида белгиланган муддатда тўлиқ ва қатъий фойдаланиши лозим.

Танловда иштирок этиш истагидаги тадбиркор ва сармоядорлар 2019 йил 12 сентябргача ариза юборишлари мумкин.

6 420
Роман БОНДАРЧУК, ЎзА