ЎзА Ўзбек

26.06.2020 Чоп этиш версияси

Китобхонлик маданияти ва маънавият

Китобхонлик маданияти ва маънавият

СИЗ ҚАЙСИ КИТОБНИ ЎҚИЯПСИЗ?

photo5422547291425844553.jpgШуҳрат Ғаниев,
Фарғона вилояти ҳокими:

– Албатта, китоб ўқиш ҳар бир инсон учун жуда керак. Асосийси, қандай китоб ўқишда. Айниқса, халқ билан мулоқот қиладиган, кўпчиликка бош бўлиб юрадиган раҳбар инсонлар, аввало, ўзи китоб ўқиган, билимли бўлсагина фаолиятида қоқилмайди, муваффақиятга эришади. Мендаги китоб ўқишга меҳр болалигимдан, ўқувчилик йилларимдан бошлаб шаклланган, ўша йилларда ўқиган китобларим, ёд олган шеърларим хотирамга муҳрланган. Марғилон шаҳридаги 1-ўрта мактабда она тили ва адабиёти муаллимимиз Дилбархон Ғофурова сингари қалбимизда китобга муҳаббат уйғотган ўнлаб устозларимиз номини ҳурмат билан эслайман.

Ўзим адабиётни яхши кўрганим учун ижодкорларни ҳам қадрлайман, адабий жараённи алоҳида эътибор билан кузатиб бораман. Яқинда ёшлар билан учрашувда бағдодлик ёш олим йигитимиз Нодирабегим, Амирий сингари Қўқон адабий муҳити намояндларининг ижоди бўйича илмий тадқиқот олиб бораётганини эшитиб хурсанд бўлдим.

Айни кунларда мумтоз шоир Хусрав Деҳлавийнинг девонини ўқияпман. 1200-1300 йилларда Ҳиндистонда яшаб, ижод этган шоирнинг пурмаъно ҳикматлари, фалсафий шеърлари бутун башариятга хизмат қилиб келаётганини амин бўлаяпман.

*  *  *

photo5445002462781091302.jpgАбдушокир АБДУРАҲМОНОВ,
Сирдарё вилояти Халқ таълими бошқармаси бошлиғи:

– Ўзим тарихчиман. Шу сабабдан ҳам тарихий адабиётларга қизиқаман. Охирги ўқиган китобим таниқли рус адиби Исай Калашниковнинг «Шафқатсиз аср» романининг 1-жилди бўлган «Қувғиндилар» қисмини ўқиб чиқдим.

Роман тарихий ҳақиқатларга асосланган бўлиб, мўғул босқинчилари, хусусан Чингизхоннинг ҳокимият тепасига келиши ва бу саркарданинг тарих саҳнасида пайдо бўлишига жараёнларини қамраб олади.

Аслида нима учун китоб ўқиймиз? Бу машғулот бизга нега керак?

Қодирий бобомиз айтганидек, мозийга қараб иш кўрмак хайрлидир, деган ақида билан улғайганмиз. Мутолаа завқига, адабий қаҳрамонлар ҳаётига ёндош учинчи оламга ошноликка сабаб, аввало китобнинг инсон ҳаётида ўрнини бошқа нарса билан тўлдириб бўлмайдиган маънавий қудратидир. Зотан, инсонга китоб берадиган нарсани бошқа ҳеч қандай манба беролмайди.

*  *  *

photo5445115983061691685.jpgЖасурбек ЛАТИПОВ,
Осиё, Осиё ўйинлари чемпиони,
жаҳон чемпионатлари совриндори:

– Спортчиларда бўш вақт бўлиши жуда қийин масала. Доимий равишда машғулотларда, мусобақаларда бўламиз. Яқин йиллар давомида ҳатто оилам даврасида ҳам узоқ муддат бўла олмаганман. Нафақат юртимиз, бутун дунёни жиддий ташвишга солган коронавирус пандемияси туфайли бир неча ой уйимизда, оиламиз бағрида бўлдик. Ана шу даврда бўш вақтимиз ҳам кўп бўлди. Очиғини айтсам, машғулотлар билан бўлиб анча йиллардан буён бирорта китоб ўқимаган эдим.

Карантин даврида бир эмас, иккита китобни ўқиб чиқдим. Ўткир Ҳошимовнинг «Дунёнинг ишлари» асаридан шунчалар таъсирландимки, хонамни ичидан қулфлаб олиб ўқидим. Ўқиб бўлгач ҳам анчагача унинг таъсиридан чиқолмадим. Оналар борлигига шукур қилдим. Адиб айтганидай: «Мабодо Тангри марҳумларга қайта жон ато қилсаю, оналар тирилиб қолса, ҳаёт пайтида меҳр берганми, бермаганми - барибир фарзандларини мақтаб гапирган бўларди. Оналар ҳатто вафотидан кейин ҳам оналигича қолади».

Бундан буён имкон қадар ушбу китобни қайта-қайта ўқишга ҳаракат қиламан. Чунки бу китоб оналар, менинг онам ҳақида ёзилган. Шу боис китоб кўнглимдан мустаҳкам жой олди. Мен учун энг қадрли китобга айланди. Билмадим, балки оналар ҳақида ёзилган яхши китоблар кўпдир. Бироқ айнан мана шу китобни ўқишдан чиқарган хулосам шу бўлдики, «Дунёнинг ишлари» мен учун оналар ҳақида ёзилган дунёдаги энг яхши асардир. Агар кимки ушбу китобни ўқимаган бўлса, албатта ўқиб чиқишларини маслаҳат бераман. Оналари тирик бўлса, уларни янада қадрлашга интилади, агар ўтиб кетган бўлса, онасининг тафтини, меҳрини ҳис қилади.

Болалигимда «Қайсар чумчуқча» деган эртак китоб ўқиганман. Муаллифи ким эканлиги ҳам ёдимда йўқ. Айнан мана шу китоб воқеалари узоқ йиллар хотирамдан ўчмай келади. Умуман, ҳаётда бирор бир муҳим иш қилмоқчи бўлсам, ўқиган китобларимдаги воқеаларни кўз олдимга келтираман. Уларда сабоқ олишга ҳаракат қиламан. Назаримда китоб инсони улғайтиради, мулоҳаза, мушоҳадага чорлайди. Китоб ўқиган одамдан ҳеч қачон ёмонлик чиқмайди. Шундай экан, китоб ўқишни канда қилмаслигимиз. Китоб ҳар биримизнинг яқин дўстимизга айланиши керак.

*  *  *

photo5442885434746187342.jpgЗулфизар МАВЛОНОВА,
Бухоро давлат университети талабаси:

– Ўткир Ҳошимовнинг «Икки эшик ораси» асарини севиб мутолаа қилдим. Бу асар ҳар бир ёш китобхон учун ўз қаҳрамонлари билан жасурлик ва мардлик тимсолини ярата олади. Жанг майдонидаги тасвирлар, аянчли ва ачинарли қисматлар тасвири бугунги куннинг тинчлигига шукрона келтиришга, ички дунёмизни чиройли ниятлар билан бойитишга ундайди. Бизга сабр қилишни, матонатни ўргатадиган, оналар қадрини англашни, фарзандларни асрашни эслатиб қўяди. Қайта-қайта ўқишга арзирли асарнинг тарбияси кўп, таълими бисёр, умри барҳаётдир. Мен тенгдошларимга ана шундай асарларни ўқишни тавсия этган бўлардим.

*  *  *

photo5445123086937599394.jpgЖ.ЕРМАШEВ,
Қорақалпоғистон Республикаси,
Хўжайли тумани ҳокими:

– Мен ёшлигимдан қорақалпоқ, ўзбек, рус, озар ва бошқа халқларнинг адабий асарларини кўп ўқиганман. Улардан энг севимлиси Чингиз Айтматовнинг «Оқ кема» асари. Китобни ўқиган киши ундаги ёш боланинг она табиатга, атроф-муҳитга бўлган чексиз муҳаббатини ҳис қилади. Асарни ўқиган ёшнинг ҳаёти яхши томонга ўзгаради. Шунинг учун ушбу асарни барча болалар, ёшларимиз ўқишини тавсия қиламан.

*  *  *

photo5447603997486722282.jpgОбид ҚЎЛДОШ,
«Маънавият сарчашмаси» газетаси бош муҳаррири, ёзувчи:

– Асосан чет эл адабиётини мутолаа қиламан. Албер Камю, Габриел Гарциа Маркес, Сомерсет Моэм, Жуброл Халил Жуброн сингари адибларнинг асарлари ўқиш китобимга айланган.

Сизни ўзига қайта-қайта мурожаат қилишга ундай оладиган асаргина ўқишга арзийди. Ўзбек адибларидан Тоғай Мурод, Абдулла Қаҳҳор, Назар Эшонқул, шунингдек, Улуғбек Ҳамдамнинг баъзи китобларини ўқиб тураман.

Жалолиддин Румий, Шамс Табризий, Фаридуддин Аттор ҳикматларининг шахс камолотидаги ўрни ҳақида соатлаб гапириш мумкин. Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Бобораҳим Машраб ижодига ҳам мурожаат қилиб тураман. Бундан ташқари, саноқли исломий шоирлар шеъриятидан баҳра оламан. Маънавий устозгина эмас, айнан менга адабиётнинг алифбосини ўргатган устозларим ва ижодкор дўстларим асарларидан ҳам баҳра оламан.

Мутолаа ҳаётимнинг ажралмас қисмига айланган. Ўқимасам, ижод қилмасам, гўёки мавжуд эмасдайман. Фақат фикрлашга ундайдиган китобгина бизни камолотга етаклайди. Бугунги ёшлар Моҳиятнинг моҳиятини эслатиб турувчи асарларни кўпроқ ўқиши керак. Айни пайтда эса Габриел Гарциа Маркес асарлари мутолаасига киришганман. Бир донишманд айтган экан: ёд олиш муҳиммас, тушуниш керак, тушуниш ҳам иккинчи даражали ҳис қилиш лозим. Бадиий асарни «таржима қилиб бериш»ни ёмон кўраман. Ундаги жозибани фақат ўқибгина ҳис қилиш мумкин.

Дарвоқе, иш столим устида қайта-қайта мурожаат қиладиган китобларимдан «Ҳақиқат манзаралари» ва «Тазкират ул-авлиё» ҳам навбатини кутиб турибди.

*  *  *

photo5454112857215053880.jpgАҳмаджон АЛАХОДЖАЕВ,
Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти
Наманган вилояти кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати:

– Кўпинча раҳбарлар китоб, газета-журнал ўқишга вақтлари йўқлигини рўкач қилади. Ҳа, тўғри раҳбарнинг ҳамиша вақти тиғиз, иши кўп, ташвиши етарли бўлади. Аммо, теранроқ мушоҳада қилсак, мутолаа, яъни ўқиш ҳам раҳбарлик шартларидан бири эмасми?

Бадиий асар мутолааси кишини маънавий озиқлантириши билан бир қаторда кундалик ташвишларни унутиб, руҳан дам олиши, асабларини тинчлантиришида беминнат восита ҳисобланади. Мен Тоҳир Маликнинг «Одамийлик мулки» китобини сотиб олганимда анча вақт ўтган бўлсада, ҳажман катталигидан бемалол вақтим бўлганда ўқирман, деб кейинга суриб юрган эдим. Бу орада кўплаб катта-кичик китобларни ўқиб қўйдим.

Аммо, кеча ишдан қайтиб «Одамийлик мулкини» қўлга олганимча, турмуш ўртоғимнинг «дамингизни олсангиз бўлар эди, эртага ишга борасиз ахир», деган енгилгина огоҳлантиришидан кейин соатга қарасам – 12.10, китобнинг саҳифасига қарасам 56-бетга келибман. Аммо, на чарчоқлик ва на зерикиш ҳиссини туйдим. Аксинча, аллома бобокалонларимизнинг барҳаёт ва ҳамма замон ва маконларга мос ўгитлари, диний-маърифий ривоятлар, ҳадислар, уларнинг бугунги кунимиз билан қиёсий аҳамияти ҳақида ҳикоялардан шу қадар баҳра олдимки, бу китобни эртароқ ўқишга киришмаганим учун ўзимни койидим. Китобни энди ишга ҳам ўзим билан бирга олиб келаяпман. Орада озгина бўш вақтим бўлса, бир бетми-икки бетми ўқиб олаяпман.

Ўз номидан келиб чиқиб, том маънода одамийлик мулкидан сабоқ бергувчи ушбу китобни ҳамма ва ҳар бир киши ўқиб чиқишини истар эдим.



PS: Буюк тамаддун китоб мутолааси билан уйғунлашади. Барча замонларда шундай бўлган. Бугун эса бу улуғ каҳкашон янада муҳташам қиёфага эга бўлди. Илм-фанга оид қўлланмалар ўқувчи билимини оширса, бадиий асарлар инсон маънавиятини шакллантиришга, бойитишга хизмат қилади. Ўқиш-ўрганишга қизиқиш ортса, китобхон аҳоли қанча кўп бўлса, ўша жамият, давлат ривожланиб, такомиллашиб бораверади.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида ташкил этилаётган янги – «Китобхонлик маданияти ва маънавияти» лойиҳаси ҳам ана шу эзгу мақсадни кўзлайди.

Лойиҳада давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, вазирлар, ҳокимлар, сенаторлар, депутатлар, таниқли илм-фан, маданият ва санъат намояндалари, жамоат арбоблари иштирок этади. Сизнинг китобга бўлган муносабатингиз бошқаларга ибрат бўлиши, уларда китобхонлик маданиятини юксалтиришга хизмат қилиши мумкин.

Лойиҳамизда иштирок этинг. Ўзингиз ўқиган китоб ҳақидаги фикр-мулоҳазаларингиз, таклиф ёки қўшимчаларингиз бўлса, қуйидаги манзилларга мурожаат қилишингиз мумкин.

Телеграм: @UzA_pochta, @Ikrom_Avvalboyev

E-mail: pochta@uza.uz, uzauz@yandex.ru

Телефон: (71) 233-42-84, (71) 233-21-37

Сайтимизни кузатиб боринг!

4 487
ЎзА