ЎзА Ўзбек

28.08.2018 20:42 Чоп этиш версияси

Янги корхонанинг йиллик қуввати 150 минг тоннани ташкил этади

Янги корхонанинг йиллик қуввати 150 минг тоннани ташкил этади
“Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамияти ахборот хизмати маълумот беришича, бугунги кунгача мамлакатимизда 14 та цемент ишлаб чиқарувчи корхона томонидан йилига 9,2 миллион тонна маҳсулот ишлаб чиқарилган. Куни кеча ўз фаолиятини бошлаган Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида йиллик қуввати 1 миллион 500 минг тонна цемент ишлаб чиқариш корхонаси бу борадаги ўзгаришларда муҳим қадам бўлди.

Юртимизда жорий йил якунига қадар йиллик қуввати 3 миллион тоннадан зиёд бўлган 8 та, 2019 йилда йиллик қуввати 4,7 миллион тонна бўлган 9 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган.

“Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамияти бу каби эзгу ишларга муносиб ҳисса қўшиб, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида қурилиш материалларини ишлаб чиқарадиган корхоналар сонини кўпайтириш орқали аҳолини арзон ва сифатли маҳсулотлар билан таъминлашга катта аҳамият қаратмоқда.

Жамият таркибидаги яна бир корхона – “Оқ олтин капитал сервис” масъулияти чекланган жамияти негизида янги лойиҳа амалга оширилди. Навоий вилояти Қизилтепа туманидаги “Гулзор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган мазкур янги корхонанинг йиллик қуввати 150 минг тонна цемент ишлаб чиқаришга мўлжалланган. 

Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 33 миллиард 100 миллион сўм бўлиб, 22 миллиард 700 миллион сўм ташаббускорнинг ўз маблағи ҳамда 10 миллиард 400 минг сўм тижорат банки кредит маблағлари ҳисобига тўғри келади.

Маҳаллий ва хориж технологик ускуналарига эга янги қувват суткасига 400 тонна сифатли, М-400 маркали ва портландцемент ишлаб чиқара бошлайди. Икки сменада ташкил этилаётган корхона фаолияти 120 нафар фуқарони ишли қилади.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
3 400