ЎзА Ўзбек

27.04.2020 Чоп этиш версияси

ЯНГИ ХИЗМАТ: “Секторбай” ишлаш тизими нима?

ЯНГИ ХИЗМАТ: “Секторбай” ишлаш тизими нима?

Мазкур хизмат давлатимиз раҳбари топшириғига кўра, тадбиркорлар муаммоларини ҳал этиш, уларни қизиқтирган саволларга тезкор ва аниқ жавоб бериш мақсадида ишлаб чиқилди. 

Tизим қулай ва тезкорлиги билан ажралиб туради. Энди вақтингизни беҳуда сарфлаб, қоғоз кўтариб юришга ҳожат йўқ. Ҳатто компьютер ҳам шарт эмас. Фақат мобиль телефон ва телеграм иловаси бўлса кифоя. Қолгани осон. Телеграмда @SektorUzbot орқали сектор хизматларига уланиш мумкин. Тегишли тил танланганидан сўнг, телеграмда рўйхатдан ўтган телефон рақамини тасдиқлаш керак. Чунки телеграм ва телефон рақами мос келмайдиган ҳолатлар мавжуд. Бу фойдаланувчини тасдиқлаш учун амалга оширилади. 

Сўнгра сектор раҳбари мурожаат тугмаси босилиб, вилоят ва истиқомат қилаётган ҳудуд танланади. Тадбиркорлик субъекти СТИР ва телефон рақами киритилгандан сўнг мурожаат қолдириши керак. Мурожаат ҳолатини текшириш менюси орқали масаланинг ўрганилиш жараёнини кузатиб бориш мумкин.

Бу мурожаатлар тўғридан-тўғри порталга бориб тушади. Бу ерда эса мурожаатлар автоматик шаклда тақсимланади. Сектор раҳбарлари ўзининг логин пароли билан кирганида уларга тақсимланган барча мурожаатларни кўриши мумкин ва керакли ташкилотларга маълумот бериш имкони бўлади. Керакли ташкилотлар бу муаммоларни ўрганиб, ҳал қилганидан кейин порталга мазкур муаммони қандай ечгани ҳақида жавоб киритади. Умумий назоратни туман ҳокимининг биринчи ўринбосари амалга оширади. Демак, вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари келиб тушаётган мурожаатларни бевосита кўриб, таҳлил қилиб бориш имконига эга. 

Хизмат дастлаб Боёвут ва Тўрақўрғон туманида ишга туширилганида бир ҳафтада 300 дан ортиқ мурожаат келиб тушди. Мазкур мурожаатларнинг 90 фоизи бир кунда ҳал этилди. Мазкур рақамлар телеграм ботининг қанчалик иш беришини кўрсатиб турибди. Айни кунда тизим билан республикамизнинг барча ҳудудлари қамраб олинган.

Муаммоларни сектор раҳбарларига телефон орқали етказиш ҳам мумкинку, деган савол туғилиши табиий. Оғзаки мурожаатлардан фарқли равишда бот орқали йўлланган мурожаат қатъий назоратга олинган бўлиб, унга ID рақами бириктирилади. 

Бугунги кунда мурожаатларни кўриб чиқиш муддати 3 иш куни этиб белгиланган. Янги ишлаб чиқилган мазкур тизим Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги сектор ва ташкилот раҳбарлари томонидан юритилади. @SektorUzbot телеграм боти айни вақтда тадбиркорларнинг узоғини яқин, оғирини енгил қилиб, пандемия шароитида уларнинг масофадан туриб муаммолари ҳал этилишига хизмат қилмоқда.



4 719
Ш.Маматуропова тайёрлади, ЎзА