Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

06.09.2018 15:22 Чоп этиш версияси

Янги имкониятлар, мулоқотлар майдони

Янги имкониятлар, мулоқотлар майдони

Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабарига кўра, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш, давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлигида навбатдаги “Очиқ эшиклар куни” ўз ишини бошлади.

Тадбирнинг илк кунида Мирзо Улуғбек, Миробод, Яккасарой ва Юнусобод туманларидан ташриф буюрган маҳаллий тадбиркорлар ва хорижий инвесторлар ўз лойиҳалари билан иштирок этди.

Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Жаҳонгир Ортиқхўжаев бу лойиҳалар, аввало, халқимизга хизмат қилиши лозимлигини таъкидлади.

Мазкур лойиҳаларда ижтимоий соҳа объектлари, хусусан, замонавий меҳмонхоналар, савдо ва кўнгилочар масканлари, кўп қаватли автотураргоҳлар, янги уй-жойлар барпо этиш кўзда тутилган.

Учрашувда 55 минг 790 янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган 47 лойиҳа тақдим этилди.

“Очиқ эшиклар куни” 7-8 сентябрь кунлари ҳам давом этади. Унда пойтахт туманларидан барча инвесторлар иштирок этиш имкониятига эга бўлади.

Н.Усмонова, ЎзА