ЎзА Ўзбек

29.05.2020 Чоп этиш версияси

Янги фильм арафасида: “Қайдасан, Морико?” – муҳаббат ҳақида самимий кино бўлади

Янги фильм арафасида: “Қайдасан, Морико?” – муҳаббат ҳақида самимий кино бўлади
“Инсон ҳаёти тасодифларга, гоҳо етти ухлаб тушига кирмаган воқеаларга тўла...”. Одил Ёқубовнинг машҳур “Қайдасан, Морико?” қиссаси шундай бошланади.  Март ойи ўрталарида каминага “Ўзбеккино” миллий агентлигидан Шуҳрат Ризаев қўнғироқ қилиб, “Морико” асосида сценарий ёзиб берсангиз” деган таклифни айтганида, беихтиёр асарнинг биринчи жумласи ёдимга тушди...

Албатта, Одил акадек ўзим бениҳоя ҳурмат қилган, асарларини қайта-қайта ўқиган, ўлмас китоблари билан бир қаторда шўро даври интиҳоси ибтидосида, СССР халқ депутатларининг биринчи съездида сўзлаган, қорая бошлаган сокин осмонда ногоҳ чақнаган чақиндек таассурот уйғотган оташин нутқи билан ҳам ўзига мангуликка ҳайкал қўйиб кетган жасоратли ёзувчининг “панжасига панжа уриш”га журъат этиш ҳазилакам иш эмас... 

Аммо Шуҳрат аканинг далдаси билан бу ишга қўл уриб кўрдик. 

Яхши биламиз, асар муаллифи Иккинчи жаҳон уруши якунидаги Япон уруши иштирокчиси. Шу боис қисса воқелари, ундаги чигал тақдирлар ўйлаб топилмаган, шундай ҳаётдан олингандек таассурот уйғотади. Асар уруш фожиалари, кулфатлари, ғам-қайғулари, телбаликлари баробарида Инсон қалбига илоҳий ёруғлик олиб кирадиган муҳаббат ҳақида. Чин ишқ миллат танламайди, эътиқод танламайди, ахир. 

Албатта, ўқувчига жуда яхши таниш бўлган қисса ҳақида кўп гапирмоқчи эмасмиз. Биз бадиий фильм сценарийсида асарнинг оҳорини, ички оҳангини сақлаб қолишга ҳаракат қилдик. Айни пайтда бош қаҳрамон – ёзувчимизнинг шахсига ҳам эътибор қаратишга уриндик. 

Талабчан киношунос Шуҳрат аканинг йўл-йўриқлари, маслаҳатлари билан ишимиз ниҳоясига етди.

Ўйлашимизча, мазкур меҳнатимиз Ғалабанинг 75 йиллиги нишонланаётган шу кунларда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, ардоқли ёзувчимиз Одил Ёқубовга нисбатан улкан эҳтиромимизнинг камтарин ифодаси бўлади. 



Абдуқаюм Йўлдошев, 
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

1 861
ЎзА