ЎзА Ўзбек

27.07.2018 18:47 Чоп этиш версияси

Янги электрон кутубхона тизими

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Миллий умумтаълим электрон кутубхона” лойиҳасини амалга ошириш ва республикамизда электрон ахборот-кутубхона тизимини ривожлантириш истиқболлари” мавзуида давра суҳбати ташкил этилди.

Унда мутасадди ташкилот вакиллари, республикамиздаги ахборот-кутубхона марказлари ходимлари иштирок этди.

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги бош директори Л.Тангриев, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори А.Абдуазизов, “Миллий умумтаълим электрон кутубхона” лойиҳаси бошқарувчиси Томас Ким ва бошқалар таъкидлаганидек, мамлакатимизда аҳоли, айниқса, ёш авлоднинг онгу тафаккури, интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, уларнинг китобхонлик маданиятини ошириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Ҳозирги кунда “Миллий умумтаълим электрон кутубхона” лойиҳасини техник жиҳатдан таъминлаш ишлари Корея Республикасининг LG CNS компанияси томонидан амалга оширилмоқда. Лойиҳа Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Рақамлаштириш ва сканерлаш”, “Мультимедиа” марказлари ташкил этишни кўзда тутади. Айни пайтда зарур техник жиҳозлаш ишлари якунига етмоқда.

Тадбирда қайд этилганидек, “Миллий умумтаълим электрон кутубхона” мамлакатимизда илм-фанни янада ривожлантириш, турли йўналишларда тадқиқотлар олиб бориш имконини беради. Марказ ишга тушгач, Фанлар академияси билан ҳамкорликда олимлар ва тадқиқотчилар, талаб-ёшлар учун семинарлар, давра суҳбатлари ўтказиш режалаштирилган.

Гулноза Бобоева, ЎзА
2 997