ЎзА Ўзбек

14.01.2020 Чоп этиш версияси

Янги божхона тартибидан одамлар нега норози бўлмоқда?

Янги божхона тартибидан одамлар нега норози бўлмоқда?

Ижтимоий тармоқларда янги божхона тартибидан норозилик пайдо бўлганига оид хабарлар тарқалди.

Бироқ, янги божхона тартиби ҳақиқатда оширилганми ёки соддалаштирилганми?

Бу саволга Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати бош инспектори Ҳусан Тангриев қуйидагича жавоб берди:

- Жисмоний шахсга самолётда кириб келишда – 2000 АҚШ доллари, поездда кириб келса – 1000 АҚШ доллари, автомобилда ёки пиёда равишда кириб келса – 300 АҚШ доллари миқдоридаги шахсий эҳтиёж учун мўлжалланган товарларни божсиз олиб киришга рухсат этилади. Бу имтиёзлар ҳозир ҳам амалда.

Қачонки, олиб кирилаётган товарлар ушбу меъёрлардан ортиқча бўлсагина, у ҳолда соддалаштирилган тартибда божхона тўлови ундирилади. У ҳам бўлса, товарнинг божхона қийматидан 30 фоиз, лекин ҳар бир килограми учун 3 АҚШ долларидан кам бўлмаган миқдорда.

Бир ҳисобдан шуниси яхши, чунки, илгарилари бу жараён бошқача, келинг очиғини айта қолай, бироз вақтни оларди.

Тасаввур қилинг, сиз пиёда равишда кириб келдингиз. Ёнингизда эса 300 АҚШ долларидан бироз ортиқча товар бор. Айтайлик, болаларингизга аталган кийим-кечаклар. У ҳолда нима бўларди?

Божхоначи бу товарнинг ТИФТН кодини излаб топиши, ишлаб чиқарилган мамлакатини аниқлаш, кейин эса қўлига калькуляторни олиб, ўша товарнинг амалдаги божхона божи, сўнгра акциз солиғи ставкасини аниқлаши ва якунда эса қўшимча қиймат солиғи билан барчасини қўшган ҳолда божхона тўловларини ҳисоблаши керак эди.

Бу жараёнда товарнинг сертификати бўлмаса, божхона божи 2 баробар ҳисобланарди.

Буларнинг барчаси учун эса ўртача 20-30 дақиқа вақт кетарди.

Тасаввур қилинг, кун давомида божхона постида юзлаб, минглаб йўловчилар бўлса, оқибати нимага олиб келарди?

Масалан, 2019 йилда божхона чегараси орқали 42,6 миллион жисмоний шахс ўтиб-қайтганини инобатга олсак, янги тартиб айни муддао.

Нега дейсизми? Чунки, сиз олиб кираётган товарнинг кодини аниқлаш, сертификатини суриштириш, импорт божи, акциз ва қўшилган қиймат солиғи ставкаларини ҳисоблашга энди ҳожат йўқ.

Масалан, илгари кийим-кечакларга 38%, пишлоққа 44%, шоколадга 61% миқдорида божхона тўловлари тўланган бўлса, энди бу фоизлар камаяди. Тежалган маблағ чўнтакка қолади.

Янги тартиб бўйича эътироз билдираётган ҳайдовчилар эса кунда, кунора, ҳафтасига чегарани кесиб ўтаётгани учун бу имтиёзлардан мунтазам фойдалана олмайди. Шунинг учун олиб ўтаётган товарига тўлов тўлайди. Давлат эса мана шу тўловни тўлашни шунчаки соддалаштирди, холос.

3 055
Муаттар Рўзибоева, ЎзА