ЎзА Ўзбек

17.09.2020 Чоп этиш версияси

"Янгиҳаёт"да янги ҳаёт бошлади

"Янгиҳаёт"да янги ҳаёт бошлади

Сўнгги йилларда жиноятчиликни камайтириш, билиб-билмай қалтис ишга қўл урганларни афв этишга жиддий эътибор қаратилмоқда.

Афв этиш принципи замирида қонунийлик ва адолат уйғунлигини кўриш мумкин.

Қилган хатоси учун чин кўнгилдан пушаймон бўлган, жиноятни билиб-билмай содир этган, тузалиш йўлига қатъий ўтган маҳкумлар Президентимиз томонидан афв этилаётгани бошқаларга ҳам катта сабоқ бўламоқда.

Афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланиши, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топиши учун уларга кўмак бериш юзасидан ҳам қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 29 йиллиги байрами муносабати билан Президентимизнинг 2020 йил 27 августда «Озодликдан маҳрум этиш жойларида жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин дилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида»ги фармони эълон қилинди.

Юртимизда олиб борилаётган халқимизга хос кечиримлилик, инсонпарварлик ва бағрикенглик фазилатларини ўзида мужассам этган мазкур фармонга биноан жазо муддатини ўтаётган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган кўплаб фуқаролар афв этилиб, оилалари бағрига қайтди.

Айримларининг эса жазо муддатлари қисқартирилди.


Афв этилган фуқаролардан бири Наманган туманининг «Янгиҳаёт» маҳалласида яшовчи, 1976 йилда туғилган Дилмурод Раҳмоновдир.

Д.Раҳмонов олий маълумотли биология фани ўқитувчиси эди. Тумандаги 32-мактабнинг илғор педагоглари сафида ўқувчиларга фан сир-асрорларини ўргатарди. Тақдирни қарангки, у 2013 йилда Жиноят кодексининг 244-моддаси 1-қисми, 246-моддаси 1-қисми, 159-моддаси 1-қисми билан айбланиб, 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинганди.

Қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига қатъий ўтганлиги учун давлатимиз раҳбарининг фармонига асосан ўталмай қолган 2 йилу 2 ой 2 кун озодликдан маҳрум этиш жазоси муддатидан олдин шартли синовга алмаштирилиб, яшаш манзилига – оиласи бағрига қайтарилди.

Д.Раҳмонов уйга қайтгач, унга бир марталик бир миллион тўрт юз ўттиз бир минг сўм миқдоридаги моддий ёрдам кўрсатилди. Туман ҳокимлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги туман бўлими, маҳалла фуқаролар йиғини вакиллари у киши билан учрашиб, муаммолари ўрганилди, орадан кўп ўтмай ишга жойлаштирилди.

Дилмурод қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, келгусида халқимизга, Ватанимизга сидқидилдан хизмат қилишини билдирди. 3 нафар фарзандини ўқитиб, уларни Ватанга сидқидилдан хизмат қиладиган кадр этиб тарбиялашга ваъда берди. Ишонч ва имконият учун Юртбошимиз ва ҳукуматимизга ўз миннатдорлигини изҳор этди.

Мухтасар айтганда, Президентимизнинг афв этиш тўғрисидаги фармони қанчадан-қанча кўнгилларга шодлик, оилаларга ҳаловат ва рўшнолик улашди. Бу чинакам инсонпарварлик намунаси, юксак бағрикенглик ифодасидир.




1 619
Сожидахон НАЖМИДДИНОВА, ЎзА