ЎзА Ўзбек

11.02.2019 Чоп этиш версияси

Янги авиакомпания тузишга тааллуқли энг муҳим 10 та масала

Янги авиакомпания тузишга тааллуқли энг муҳим 10 та масала

Раҳматжон Собиров, 

"Буюк келажак" эксперти

001.JPG

Қашқадарё вилоятида туғилган 37 ёшли Раҳматжон Собиров турли ҳуқуқ соҳаларида кўп йиллик иш тажрибасига эга. Ўз соҳасининг етук мутахассиси эканини унинг меҳнат фаолияти ҳам исботлаб турибди. Хусусан, 1998 – 2003 йилларда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университети (Тошкент, Ўзбекистон) Халқаро ҳуқуқ бўйича бакалавр даражасини олди. 2003 – 2004 йилларда Марказий Европа Университети (Central European University) (Будапешт, Венгрия)да Қиёсий Конституциявий ҳуқуқ бўйича магистр даражасини эгаллади. Шунингдек, у 2004 – 2005 йилларда ОБСЕ Академияси (Бишкек, Қирғизистон ва Вена, Австрия). Сиёсий фанлар бўйича магистр даражаси – Марказий Осиё (M.A. in Political Science – Central Asia), 2008 – 2011 ййилларда Оттава университетининг Юридик мактаби (University of Ottawa) (Оттава, Канада) Juris Doctor даражасига эга.

Р.Собиров фуқаролик авиацияси ва авиасаноат соҳасида, яъни фуқаролик ҳаво кемаларини сотиб олиш, молиялаштириш, лизинг ва улардан фойдаланиш соҳасида катта иш тажрибасига эга. У минтақавий ва магистрал ҳаво кемаларини харид қилиш бўйича музокараларда Шимолий Америка, Ғарбий Европа, Яқин Шарқ ва МДҲ давлатларидаги мижозларнинг манфаатларини ифода этган. Турли ҳуқуқ соҳаларида кўп йиллик иш тажрибасига эга. Халқаро Жиноят Судида (International Criminal Court) (Гаага, Голландия), Bereskin & Parr LLP (Канада), Fernandes Hearn LLP (Канада), Bird & Bird LLP (Англия) юридик фирмаларида ва Bombardier Aerospace (Канада) авиасозлик компаниясида ишлаган.

Қуйида Р.Собировнинг янги авиакомпания тузишга тааллуқли энг муҳим 10 та масалаларига бағишланган таҳлилий мақоласини ўқийсиз.

* * *

Охирги 2 йил ичида Ўзбекистонда кўп маротаба оммавий ахборот воситалари, интернет ва ижтимоий тармоқлар ва ҳаттоки ватандошлар орасидаги суҳбатларда Ўзбекистонда янги авиакомпания тузилиши зарурлиги ҳақида кўп фикрлар билдирилди.

Хўш, авиакомпания тузиш фикри бу жуда яхши фикр. Лекин, аслида авиакомпаниялар қандай тузилади? Бундай муҳим масалани қандай амалга ошириш мумкин? Бу қанчалик қийин иш? Авиакомпанияни очишда нималарга эътибор бериш керак?

2015-cellars-in-the-sky_tcm33-41294.jpg

Ахир дунё хабарларига кўра, қарийб ҳар ҳафта бир авиакомпания молиявий инқирозга учраб, пул ишлай олмаганлиги сабабли ёпилиб кетяпти, банкрот бўляпти. Бунинг натижасида қўлида чипталари билан қанчадан-қанча йўловчилар дунёнинг турли бурчакларида сарсон бўлиб қолишмоқда. Авиакомпаниянинг ҳиссадорлари эса кўп миллион пулларини йўқотишмоқда.

Авиакомпанияни очиш бир иш, унинг самарали ишлашини таъминлаш эса умуман бошқа масала.

Бунга мисоллар жуда кўп. Узоққа бормайлик, Россияда 2-катта авиакомпания деб ҳисобланган, 1990 йилда ташкил этилган ва авиафлотида 97 та самолёти бўлган ”Transaero“ компанияси, Англиядаги бозорда эса 1968 йилда тузилган ва авиафлотида 34 та самолёти бўлган ”Monarch“ авиакомпанияси, Европанинг “арзон” (лоукостер) авиакомпаниялардан бири бўлган ва авиафлотида 7 та самолёти бўлган Даниянинг “Primera
Air” компанияси ёки 2015 йилда ташкил этилган ва авиафлотида 6 та самолёти бўлган Кипрнинг “Cobalt Air” авиакомпанияси инқирозга учраган авиакомпанияларга мисол бўла олади.

1507115630_samolet_il114_foto_02.jpg

Яқинда инқирозга учраганлар орасида 1977 йилда ташкил топган ва 5 та самолёти бўлган Швецариянинг ”Privat Air“ авиакомпанияси ҳам бор (2018 йил 5 декабрь куни инқирозга юз тутган). 2018 йилнинг декабрь ойида 1992 йилда ташкил этилган Белгиянинг “VLM Airlines“ авиакомпанияси ўзининг банкрот бўлганлигини эълон қилди ёки қўшни Тожикистоннинг миллий авиакомпанияси бўлмиш “Tajik Air” ҳам инқирозга учради ва парвозларни 2019 йилнинг январь ойидан эътиборан тўхтатди.

air.jpg

2019 йилнинг 5 февралидан бошлаб 1978 йилда ташкил этилган ва авиафлотида 36 та самолёти бўлган Германиянинг “Germania” авиакомпанияси ҳам ўз фаолиятини тўхтатди. Сабаб битта – молиявий томондан авиакомпания инқирозга учради.

Ҳар йили бир неча авиакомпанияларнинг орзулари чиппакка чиқиб, ўзлари ҳам авиабозордан чиқиб кетишмоқда.

Машҳур авиатор, ”Virgin Atlantic“ авиакомпаниясининг асосчиси Сер Ричард Брансон айтганидек: “Миллионер бўлмоқчи бўлсанг, бир миллиард пул билан бошлагин ва авиакомпания очгин”.

Авиабизнес катта харажатли, даромади жуда кам ва хавфли бизнес бўлиши мумкин, агар бу бизнес тўғри ташкил қилинмаса!

Ўзбекистонда ҳам келажакда ташкил этилиб ва таназзулга учрайдиган авиакомпаниялар албатта бўлади. Лекин бу авиабизнесдан қўрқиш керак ва умуман авиакомпания ташкил этмаслик керак дегани эмас. Аксинча, дунё тажрибасини яхши ўрганиб, бошқалар қилган хатоларни қайтармасликка жуда яхши имконимиз бор! Дунё тажрибасидан кўриниб турибдики, биздан олдин кўп хатолар қилинган ва бу хатоларни қайтармаслик учун уларни ўрганишимиз зарур!

dreamliner-passengers.jpg

Авиакомпания очиш орзусини амалга оширишдан олдин нималарга эътибор бериш керак? Қисқача энг муҳим масалаларга тўхталиб ўтамиз. Бу айнан Ўзбекистонда авиакомпания очишга тааллуқли, лекин тилга олинган масалалар бошқа ерларда авиакомпания очмоқчи бўлганларга ҳам тегишли бўлиши мумкин. Буни тайёргарлик учун “бизнес режа” сифатида қабул этинг.

Қуйидаги саволларнинг қанчалик кўпроғига жавоб берсангиз, авиакомпания ташкил этишдаги тайёргарлигингиз шунчалик яхши бўлади.

ЭНГ МУҲИМ 10 ТА МАСАЛА

1) Биринчи навбатда бошланғич фикрлар ва саволларга жавоб топишга ҳаракат қилинг. Акс ҳолда, аниқ стратегияга эга бўлмаслик кўп миқдорда пул йўқотишга сабаб бўлиши мумкин.

Бозордаги имкониятни тўғри баҳолаш ва авиакомпаниянинг стратегияси нима бўлишини аниқлаш жуда муҳим бошланғич ишдир. Истеъмолчига қандай хизмат таклиф қиласиз, қаерларга учасиз ва қандай самолётларда учасиз, хизматларингизни қайдай йўллар билан кимларга ўтказасиз, авиакомпаниянгизнинг бошқарувида кимлар қатнашади ва асосий роль ўйнайдилар – шунга ўхшаш саволларга илк этапда аниқ жавоб беришга ҳаракат қилмоқ лозим.

Бу масалага оид фақатгина бир нарса ҳақида тўхталиб ўтаман.

Авиакомпанияни бошқарадиган инсон ва унинг жамоаси: Кўпчиликнинг тасаввурида нотўғри бир тушунча бор – авиакомпаниянинг бошлиғи албатта авиатор (масалан, учувчи) бўлиши керак, дейилади. Дунё тажрибаси шуни кўрсатадики, айнан учувчи касбига оид бўлмаган инсонлар жуда муваффақиятли авиакомпания бошлиғи бўлганлар.

Хусусан:

· “Air Canada“ авиакомпаниясининг бошлиғин Калин Равинескунинг касби юрист.

· “Emirates“ авиакомпаниясини кучли қилган президенти Тим Кларк эса иқтисодчи.

· Австралиянинг “Quantas“ авиакомпаниясининг бошлиғи Алан Жойс эса физика ва математика бўйича ўқиган.

· “Loukoster“ авиакомпанияси бўлмиш “RyanAir“нинг бошлиғи Майкл Олери иқтисодиёт ва ижтимоий фанларни ўқиган ишбилармондир.

· Турк ҳаво йўлларининг собиқ бошлиғи ва авиакомпанияни оёққа кўтарган инсон Темел Котил авиация соҳасида таълим олган инженир бўлган.

· Америкадаги машҳур ”Southwest Airlines“ компаниясининг асосчиси ва кўп йиллаб бошлиғи бўлган марҳум Ҳерб Келлеҳернинг касби юрист бўлган.

Бунга ўхшаш кўплаб мисоллар келтирса бўлади. Энг муҳим нарса, бу – уфқи жуда кенг ва визионер бир инсон авиакомпанияни бошқарса, ўша авиакомпаниянинг муваффақиятли бўлишига эҳтимол катта. Унинг атрофидаги жамоадошлари ҳам жуда эҳтиёткорона танлаб олинса, унда албатта яхши натижалар кутсангиз бўлади.

photo_2018-01-26_18-20-14.jpg

2) Стратегик мақсадлар, бу – таҳлилда сиз асосий мақсадларингизни аниқлаб уларга қандай эришиш йўлларини аниқлаб олишингиз керак. Қанчалик аниқ тахминлар қилолсангиз, шунчалик яхши.

Бу ерда сиз авиакомпаниянгиз илк парвозидан камида 1,5 йил олдин бутун стратегиянгизни аниқлаб, учиш жадвалларигача тайёрлаб қўйишингиз керак бўлади. Авиакомпаниянгизнинг 1-3-5-йиллардаги фаолиятига нисбатан иложи борича асосли ва реалистик тахминларни кўриб чиқиш билан бирга авиакомпания ўсиши ҳақида ҳали тузилмасидан олдин ўйлашингиз керак бўлади. Сиз учадиган аэропортлар билан шартномаларни имзолаб, аэропортдаги слотларни аниқлаб олишингиз шарт!

Ҳар бир қадамингизни ҳуқуқий маслаҳат орқали амалга ошириш керак бўлади, чунки давлатдан олинадиган рухсатлар, давлатлараро ҳаво транспорти шартномалари, суғурталар ва барча тижорий шартномалар ҳуқуқий маслаҳатчиларингиз томонидан синчиклаб ўрганилиши керак бўлади.

Бу босқичдаги энг муҳим ва қийин нарса шу саволдир – сизнинг авиакомпаниянгиз даромад олишдан ташқари қандай мақсадни кўзлаяпти? Чунки ҳамма даромаднинг ва пулнинг кетидан югуради, лекин сиз пулдан ташқари нимага эришмоқчисиз? Айнан шундай мақсадларни кўзлаган авиакомпаниялар дунёда муваффақиятли бўлганлигини кўрамиз.

3) Маркетинг режангиз қандай? Бозордаги энг зўр хизматни яратсангиз ҳам, агар маркетингни эплолмасангиз, бу хизматингизни ўтказолмайсиз. Шунинг учун маркетинг режангизни аниқ қилиб чизиб олинг.

Авиакомпаниянгиз истеъмолчи бозорига қандай ўзига хос (бошқаларга ўхшамайдиган) хизматни таклиф қилмоқчи эканлигини аниқланг. Бошқаларга ўхшаманг. Истеъмолчи сизни одатий бир авиакомпания сифатида қабул этмасин. Бунинг уддасидан чиқсангиз, мижозларингиз сиз билан доимо бирга бўладилар. Рақобатчингизга кетиб қолишлари қийин бўлади. Масалан, Турк ҳаво йўллари ёки “Emirates“ авиакомпанияси самолётларида кўп маротаба учган ва яхши хизмат олган мижозлар ўзини бошқача ҳис қилишади. Ўша авиакомпания уларга яқин ва қадрдон бўлиб қолган. Уларнинг самолётларида учганликларида нафақат мамнун, балки фахрланишади. Нега? Чунки улар маълум бир мижозлар клубига аъзо бўлгандек тасаввур қилишади. Бу эса сифатли хизмат билан бирга кучли маркетингнинг натижасидир.​

4) Авиафлот режангиз қандай? Самолётларсиз хизмат кўрсатиш қийин бўлади. Лекин қандай самолёт олиш ва самолётларни олишда нималарга эътибор бериш кераклиги аниқ тушунишингиз керак.

Авиафлотингиз учун танланган самолётлар авиакомпания стратегик режасига мос келиши шарт. Акс ҳолда, тўғри келмайдиган самолёт билан “узоққа учолмайсиз”. Бу ишда сизга техник ишлар ва рейсларни режалаштириш бўйича кучли мутахассислар ёрдам бера оладилар.

Самолётингиз албатта янги бўлиши шарт эмас. Ўзбекистонда Президент қарорига кўра ёши 10 йилдан ошмаган самолётларни олиб кириш бўйича имтиёзлар 2023 йилнинг 1 январигача амал қилади.

Самолётларни бутунлай сотиб олиш ҳам шарт эмас. 5 ёки 7 йиллик ижарага (лизингга) олсангиз бўлади. Авиафлотингизни кўпайтириш ва самолётларни вақти етганида ишдан чиқариш режаларингиз ҳақида ҳам ҳар доим ўйлаб, олдиндан ҳаракатингизни бошлашингиз керак бўлади.

5) Самолётларни таъмирлаш режаси.

Самолётлар кундалик техник текширув ва мунтазам техник назоратда бўлиши керак. Баъзи муддатларга боғлиқ бўлган қиммат таъмирлаш хизматларидан фойдаланишга тўғри келади. Техник томондан носоз бўлган самолётларни учириш қонун томонидан ва ҳар бир самолётнинг суғурта полиси томонидан тақиқланган. Шунинг учун бундай техник хизматларнинг қай тарзда ташкил этилиши авиакомпаниянинг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади.

Бундай таъмирлаш ишларини авиакомпаниянгиз ўзининг таркибида таъмирлаш маркази ташкил этиш орқали бўладими ёки бошқа самолётларни таъмирловчи корхоналарининг хизматларидан фойдаланасизми, буларни аниқлаб, керакли шартномаларни тузишингиз керак бўлади. Илк 5 йил ичида самолётни таъмирлаш ишларини бошқа корхоналарга бериш тавсия этилади. Чунки сизнинг таъмирлаш ишларига кетадиган харажатларингизни аниқлаб олиш имкони бўлади.

6) Молиявий анализ.

Сармояталаб ҳисобланган авиабизнесда молиявий анализ жуда муҳимдир. Молиявий анализ бўлмаса, авиакомпанияга сармоя олиб кириш деярли имконсиз. Бундай анализда келтирилган барча ҳисоб-китоб асосли бўлиши ва исботи келтирилиши керак. Бундай анализда энг муҳим омиллардан бири, бу – авиаёқилғининг нархи бўлади. Чунки унинг нархи барча молиявий ҳисоботларга қаттиқ таъсир қилади. Ўзбекистонда мавжуд бўлган авиаёқилғи таъминоти муаммосига қарши сиз чоралар кўришингиз керак.

Барча харажатларни ҳисоблагандан кейин авиакомпаниянинг зарар қилмайдиган нуқтаси аниқлаш керак бўлади (инглизчада: “financial breakeven point”). Бу нуқтани билмаслик жуда катта талафотларга олиб келиши аниқ.

Кўпинча янги тузилган авиакомпаниялар бошида кўп сармоя сарф этганлиги учун ўз фаолиятининг фақатгина 5-6 йилида озгина соф фойда олишни бошлашади. Яъни аксарият ҳолларда қилинган харажатларнинг асл мевасини 5-6 йилдан кейин кўришингиз мумкин. Унгача сабр қилиб, авиакомпания раҳбарияти керакли ишларни камчиликсиз бажариши керак бўлади.

7) Авиакомпания ишчилари билан муносабатлар.

Авиакомпаниянинг ўзаги унинг ишчиларидир. Уларга бўлган муносабат охир-оқибат мижозларга бўладиган муносабатда ўз аксини топиши мумкин. Шунинг учун авиакомпания ўз ишчилари билан самимий, очиқ ва ўзаро манфаатли муносабат ўрнатиши лозим бўлади. Ўз ишчиларининг ғамини ейиши ва ўз навбатида ишчилар ҳам авиакомпаниянинг муваффақиятли бўлишига бор кучи билан ҳаракат қилиши керак.

Тавсия сифатида шуни айтиш лозим – ишчиларингизни (айниқса, парвоз ходимларини ва аэропортда хизмат қиладиган ишчиларингизни) танлашда энг эътибор бериш керак бўлган нарса, бу – инсонларга хизмат қилишни яхши кўрадиган инсонларни танлашдир! Кўп инсонлар авиация соҳасига дунёни кўраман ва саёҳат қиламан, деб киради. Бу яхши, лекин шуни ҳам ҳеч қачон унутмаслик зарур – авиация соҳаси, бу– хизмат кўрсатувчиларнинг соҳасидир. Бу ерда манманлик, бурунни баланд кўтариб юришлик ва мижозларга қўпол муносабат, албатта жазоланади ва яхши натижага олиб келмайди. Шунинг учун кадрларни танлашда шунга эътибор жуда муҳим.

8) Фаолият ва даромад кўрсаткичлари.

Агар фаолият ва даромаднинг ҳисобни қилмасангиз, авиакомпаниянгиз зарар қиляптими ёки фойда кўряптими билолмайсиз. Шунинг учун бу нарса ҳам жуда муҳим.

Даромадингизни кучайтириш учун бошқа даромадлар манбаини яратиш керак бўлади. Масалан, парвоз вақтида товарлар сотиш, юк ташиш, парвозда ўриндиқ экрани орқали фильм, мусиқа ва бошқа кўнгилочар хизматларни кўрсатиш, парвоз давомида турли ҳил реклама ўтказиш ёки меҳмонхоналар ва такси корхоналари билан узоқ муддатли шартномалар тузиш.

9) Иш объектлари.

Ҳар бир учадиган аэропортларда авиакомпаниянгизга тегишли станциялар бўлиши шарт эмас. Иложи борича, иш объектларингиз камроқ бўлса, шунча харажатларингиз ҳам кам бўлади. Сиз фақатгина энг унумли йўл билан хизматларингизни сотиш ва мижозларингизга яхши хизмат кўрсатишга эътибор берсангиз яхшироқ. Аэропортнинг энг яхши бўлмаган дарвозалари орқали мижозларингиз самолётга чиқсалар ҳам, сизнинг уларга берган эътиборингиз аъло даражада бўлса, бундай кичик муаммолар уларнинг кўзларига кўринмайди.

10) Ўзбекистонга хос бўлган масалалар.

Ўзбекистон ҳукумати тақдим этаётган имтиёзлардан фойдаланиши учун авиакомпаниянгиз Ўзбекистон резиденти бўлиши керак. Бу ҳақида батафсил ҳуқуқий маслаҳат олинг. Ўзбекистон ва сиз учмоқчи бўлган йўналишдаги чет давлатлари орасидаги ҳаво транспорти шартномасини синчиклаб ўрганиб чиқинг. Ўша шартномаларда икки давлат ўз авиакомпанияларини хизмат кўрсатувчи авиакомпания сифатида кўрсатади. Сизнинг авиакомпаниянгиз ҳам Ўзбекистон томонидан икки давлат орасида хизмат кўрсатувчи авиакомпания сифатида кўрсатилиши лозим.

Агар авиакомпаниянгиз янги самолёт олмоқчи бўлса, Ўзбекистон томонидан 2018 йилда ратификация қилинган Кейп Таун Конвенцияси берадиган чегирмалардан унумли фойдаланиши унутманг.

Бундан ташқари, Ўзбекистон яқин келажакда халқаро авиация соҳасидаги энг муҳим ҳужжатлардан бири бўлмиш 1999 йилда имзоланган Монтреал Конвенциясини ратификация қилиши кутилмоқда. Бу Конвенция халқаро парвозларни амалга оширадиган авиакомпанияларнинг авиаҳалокат ва бошқа кўнгилсиз воқеалар сабабли йўловчилар олдидаги жавобгарлигини чеклайди. Бу Конвенциянинг таъсирини чуқур ўрганиб чиқишингиз лозим бўлади.

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда авиация соҳасида кўп ўзгаришлар бўлмоқда. Буларни (масалан, Транспорт вазирлигининг ташкил этилиши) диққат билан таҳлил қилиб боринг. Бу ўзгаришлар сизнинг авиакомпаниянгиз учун кўп имкониятлар бериши мумкин.

Ўзбекистондаги авиация соҳасида мавжуд кадрлар танқислиги ва келажак кадрларни тайёрлаш муаммоларини ҳам таҳлил қилиб чиқинг. Агар авиакомпаниянгизнинг режаларини амалга ошира оладиган мутахассислар бўлмаса, ёки сиз ўзингизга керакли кадрларни тайёрлай олмасангиз, унда бутун режангизни қайтадан кўриб чиқишга мажбур бўласиз.

Юқоридаги масалалар ўзбек халқи таъбири билан айтилганда, “хамир учидан патир”. Жуда кўп масалаларнинг таҳлили юзлаб варақларга сиғмаслиги мумкин. Шунинг учун бу мақолани фақатгина “қуш парвози баландлиги“дан туриб ёзилганлигини унутманг.


5 529
ЎзА