ЎзА Ўзбек

26.02.2020 Чоп этиш версияси

Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси вазифалари белгиланди

Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси вазифалари белгиланди
Янги қарор 

Президентимизнинг 2019 йил 26 ноябрдаги “Аҳолининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражасини ошириш ва унинг сифатини яхшилаш учун Ўзбекистон Республикасининг сув ресурсларини бошқаришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида“ги фармонига асосан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекцияси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси сифатида қайта ташкил этилди.

Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 24 февралдаги тегишли қарори билан Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси (Сувинспекция) тўғрисидаги низом тасдиқланди. Мазкур ҳужжат билан Сувинспекция ва унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий инспекцияларининг асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқ ва жавобгарлиги, шунингдек, Сувинспекция ва ҳудудий инспекциялар раҳбарларининг функционал вазифалари белгиланди.

Низомга мувофиқ Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ичимлик суви таъминоти ва сув чиқариш хизматларини кўрсатиш соҳасида давлат назоратини амалга ошириш бўйича ваколатли орган ҳисобланади.

Хусусан, Сувинспекция ичимлик сувини етказиб бериш ва реализация қилиш, ичимлик сувидан фойдаланиш, канализация ва оқова сувларни тозалаш хизматлари кўрсатиш соҳасини техник жиҳатдан тартибга солишга доир норматив ҳужжатлар талабларига ҳамда ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимига уланишнинг техник шартлари талабларига риоя қилиниши, иншоотларда ичимлик сувининг технологик ҳисоби юритилиши таъминланганлиги устидан давлат назоратини амалга оширади.

Ичимлик суви таъминоти ва канализация корхоналари, шунингдек, истеъмолчилар томонидан сув таъминоти ва канализация соҳасида хизмат кўрсатиш қоидаларига амал қилади. Иншоотларда ичимлик сувининг технологик ҳисоби юритилиши таъминлангани ва ҳисоблаш ускуналари ишлаши, ичимлик сувини йўқотишнинг белгиланган меъёрларига риоя этилиши устидан таъсирчан назоратни амалга оширади. Сув таъминоти ва канализация тизими объектлари технологик аудитдан ўтказилиши, ичимлик суви таъминоти ва канализация тизими объектлари самарадорлигини ошириш бўйича техник жараён ва энергияни тежаш тадбирлари бажарилиши устидан назоратни таъминлайди.

Шу билан бирга, Сувинспекция ичимлик суви таъминоти ва канализация соҳасида ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш бўйича давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари ва бошқа ташкилотларга кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш имконига эга бўлди. Унда аниқланган салбий ҳолат ва қоидабузарликлар бўйича ҳуқуқбузарларга белгиланган тартибда маъмурий жарималар қўллаш ҳуқуқи ҳам берилган.

Сувинспекциянинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорлари давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари, шу жумладан, фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.

1 467
А.Мусаев, ЎзА