ЎзА Ўзбек

20.08.2018 21:12 Чоп этиш версияси

Янги ҳамкорлар, истиқболли лойиҳалар

Бухоро вилояти ҳокими Ў.Барноев раҳбарлигидаги вилоят делегацияси хизмат сафари билан Туркия, Бельгия ва Голландия мамлакатларида бўлди.

Сафардан асосий мақсад Президентимизнинг жорий йил 10 июлда қабул қилинган “Buxoro-agrо” эркин иқтисодий зонасини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда вилоятнинг саноат, қишлоқ хўжалиги, туризм соҳаларини жадал ривожлантириш бўйича тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этишдир.

Европанинг етакчи компаниялари билан ўнлаб учрашувлар ўтказилди ва ўзаро тенг шерикчиликка асосланган ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш бўйича музокаралар олиб борилди. Табиийки, мулоқотлар дастуридан “Buxoro-agrо” эркин иқтисодий зонасини ривожлантириш масалалари асосий ўрин олди.

– Ташкил этилаётган агро йўналишидаги эркин иқтисодий зона учун ажратилган 3 минг гектар майдоннинг 500 гектари бизнинг ҳудудимизда жойлашган, – дейди Бухоро тумани ҳокими Муҳиддин Эсонов. – Ҳозирги пайтда Хитойдаги компаниялардан бири ўз лойиҳаси бўйича таклиф киритди. Туркияда машҳур “Varnet Cam Sera” компанияси билан имзолаган келишувимиз ҳам самарали лойиҳалардан биридир. Унга кўра, хорижий томон туманга икки-уч йил мобайнида умумий қиймати 100 миллион АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция киритиб, жами 140 гектар майдонда бир неча замонавий иссиқхона барпо этади.

Иссиқхоналар қуриш учун пластик материалларга эҳтиёж катта. Шуни ҳисобга олиб, Туркиянинг “Imece Plastik” компанияси билан Ромитан тумани ҳокимлиги ўртасида туман ҳудудида плёнка ишлаб чиқариш корхонаси қуриш юзасидан баённома расмийлаштирилган. Бундан ташқари, туманда хорижликлар ҳамкорлигида интенсив боғларни янада ривожлантириш лойиҳаси амалга оширилади.

Албатта, сафар доирасида етиштирилган мева-сабзавот ва бошқа маҳсулотларни сақлаш масаласи ҳам эътиборда бўлди. Хусусан, Бельгия қироллигининг “BelOrta” компанияси ва вилоят мутасаддилари ўртасида Бухорода малакали соҳа мутахассисларини жалб этган ҳолда мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш, йиғиштириб олиш, ташиш, сақлаш ҳамда қадоқлаш жараёнларини мужассам этган лойиҳа асосида логистика маркази ташкил этиш бўйича ўзаро ҳамкорлик қилишга келишилди.

Голландиянинг “Geerlots Refrigeration” компанияси билан мева-сабзавот, гўшт ва сут маҳсулотларини сақлашга ихтисослашган музлатгичлар барпо этиш бўйича Ромитан тумани ва “Бухоро-агро” ЭИЗ раҳбарияти иштирокида ҳамкорлик баёни, бевосита ЭИЗ раҳбарияти ва “Gakon Yorticultural Projekts” компанияси ўртасида мева-сабзавот сақлашга ихтисослашган музлатгич камералари қуриш бўйича битим имзоланди.

Бухоро шаҳридаги “Махсус авто хўжалик” МЧЖ эса “Urban Ponics” компанияси билан дастлабки тажриба сифатида умумий қиймати 500 минг АҚШ доллари қийматига тенг замонавий вертикал усулда салат барги етиштириш бўйича инновацион иссиқхона барпо этиш лойиҳасини амалга ошириш хусусида келишиб олинди.

Голландияликлар билан бошқа соҳаларда ҳам инвестициявий алоқа ўрнатиладиган бўлди. Масалан, “AgroFood Clucter” компанияси билан ҳамкорликда вилоятда картошкачиликни ривожлантириш, бу маҳсулот уруғчилиги маркази ташкил этиш, “Motenkoning” компанияси томонидан чорвачиликни равнақ топтириш, жумладан, 2 минг бош наслли қорамол етказиб бериш, зотли эчкичиликни йўлга қўйиш учун улар парваришини замонавий технологиялар асосида жорий этиш мақсадида мутахассисларни жалб қилиш сари дастлабки қадам ташланди.

Вилоят раҳбарияти билан Туркиянинг “Kaan Vartirim Insaat” компанияси ўртасида имзоланган ўзаро англашув битими ҳам кўп қиррали билан аҳамиятлидир. У Шофиркон туманида қурилиш материаллари ва Бухоро шаҳрида ҳозирда фойдаланилмаётган собиқ уйсозлик комбинати негизида юқори технологияли бинокорлик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳамда Бухоро туманида 100 гектар майдонда томчилатиб суғориш усулини жорий этган ҳолда пахта етиштириш лойиҳаларини ўз ичига олган. Бу икки лойиҳанинг умумий қиймати 35 миллион АҚШ долларини ташкил этади.

– Президентимиз томонидан Бухоро шаҳри ва вилоятида туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, соҳанинг ҳуқуқий ҳамда ташкилий асослари мустаҳкамланаётгани самарасида сайёҳлик салоҳияти юксалмоқда, – дейди вилоят ҳокимининг туризм масалалари бўйича ўринбосари Б.Шаҳриёров. – Бу ҳақдаги маълумотлар Европадаги туризм компаниялари раҳбарларида алоҳида қизиқиш уйғотди. Биз билан ҳамкорликдан манфаатдор эканликларини билдирди. Бу эса эришилган келишув ва битимларда ўз ифодасини топди.

Жумладан, Туркиянинг “Iris Enginеering Tourizm & Trade” компанияси Бухоро шаҳрида замонавий меҳмонхона мажмуаси ва ҳунармандлар маркази қурилиши лойиҳасини амалга ошириш учун 25 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри инвестиция киритиш истагини билдирган. Ушбу мамлакатнинг Гастрономик туризм ассоциацияси, “Emirаte Tour” компанияси билан ҳамкорликда вилоятда қиймати 4 миллион долларга тенг лойиҳа асосида турк таомлари ресторани очиш ниятини билдирган. Туркиянинг “Onur Air” авиакомпанияси эса Бухорога тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш имкониятларини ўрганиш истагида. Бу вилоятга сайёҳлар оқимини кўпайтиришга хизмат қилади.

Нафақат Бельгия, балки Европада ҳам машҳур “Thomas Cook” туристик компанияси ҳам бу ишга ўз салоҳиятини йўналтирадиган бўлди. Дунёнинг 17 давлатида вакиллари фаолият кўрсатадиган ва 20 миллионга яқин сайёҳ мижозлари бўлган мазкур субъект раҳбари Жан Декейсер Ўзбекистонга, хусусан, Бухорога ҳар йили 100 минг нафардан зиёд туристни жалб этиш юзасидан меҳмонхона ва сайёҳлик агентлари билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.

Туркия, Бельгия ва Голландияга сафар давомида жами қиймати 164,6 миллион АҚШ долларига тенг лойиҳалар юзасидан битимлар, баённомалар, англашув меморандумлари тузилди ва қатор келишувларга эришилди.

Хўш, уларнинг натижадорлиги қандай бўлади? Президентимиз раислигида жорий йил 29 июль куни хорижий инвестициялар иштирокидаги лойиҳаларни амалга ошириш, бу борадаги камчиликларни бартараф этиш, сармояларни ўзлаштиришни жадаллаштириш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида айни шу жиҳатга ҳам жиддий эътибор қаратилган эди. Бухоро делегацияси Европага қилинган сафарда ҳар бир битим ва бошқа ҳужжатлар мазкур йиғилишда илгари сурилган вазифаларга мос ҳолда бўлишини назарда тутди.

Ҳозирги пайтда имзоланган ҳужжатлардаги режалар, улар асосида тайёрланадиган лойиҳалар амалга оширилишини таъминлаш бўйича вилоят ҳокимлиги томонидан “Йўл харита”лари ишлаб чиқилиб, масъуллар ва ижро муддатлари белгиланмоқда. Ҳар бир лойиҳа бажарилиши мониторинг қилинади. Жараёнда аниқланган муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш юзасидан амалий чора-тадбирлар кўрилади. Бу эса вилоят иқтисодиёти тараққиётига эришиш, экспорт ҳажмини ошириш, янги иш ўринлари яратишнинг муҳим омилидир.

Эркин Ёдгоров, ЎзА
3 838