“Яндекс” Самарқанднинг виртуал картасини яратмоқда
Замонавий ахборот коммуникация технологиялари туфайли турли мамлакатлар ва шаҳарлар аҳолиси Самарқанд кўчалари бўйлаб виртуал сайр қилган ҳолда унинг тарихий ва диққатга сазовор масканлари билан танишиши мумкин.
Замонавий ахборот коммуникация технологиялари туфайли турли мамлакатлар ва шаҳарлар аҳолиси Самарқанд кўчалари бўйлаб виртуал сайр қилган ҳолда унинг тарихий ва диққатга сазовор масканлари билан танишиши мумкин. Бу уларга қадим шаҳар меъморчилиги ва маданияти ҳақида янада кўпроқ маълумотга эга бўлиш, унинг нозик колоритини ҳис этиш имконини беради.
Бу каби виртуал саёҳатлар шаҳарга кўплаб хорижий сайёҳларни жалб этишга ёрдам беради, туризм инфратузилмаси ва меҳмонхона бизнесини ривожлантиришга хизмат қилади.
Самарқанднинг диққатга сазовор жойлари ҳақидаги янги виртуал карта учун материаллар тайёрлаш ишлари авжида. Ҳозирги кунда шаҳар кўчаларида махсус камералар ёрдамида 360 градус кенгликда панорама суратлари олинмоқда.
“Яндекс. Панорамалар” – бу “Яндекс. Карталар” лойиҳасининг кенгайтирилган талқинидир. Ушбу сервис кўчалар, бинолар ва шаҳар панорамаларининг уч ўлчамли турларини кўриш имконини беради.
Самарқанд Марказий Осиёнинг энг қадимий шаҳарларидан бири бўлиб, у 2750 йиллик тарихга эга. Шаҳар икки минг йилдан ортиқ давр мобайнида Буюк Ипак йўлида Хитой ва Европа ўртасидаги энг муҳим марказлардан ҳамда Ўрта асрлар шарқидаги илм-фан ва меъморчилик марказларидан бўлган. Амир Темур Самарқандни ўз давлатининг пойтахтига айлантиради. Ушбу азим шаҳардаги асосий диққатга сазовор жойлар – Улуғбек мадрасаси, қатор мақбаралар ва ажойиб Бибихоним масжиди Темурийлар даврига тааллуқли.