ЎзА Ўзбек

13.03.2018 17:26 Чоп этиш версияси

Яна тўйлар ҳақида

Яқинда интернет сайтларида Ҳиндистоннинг Аурангабад шаҳрида ўз қизининг тўйига совға сифатида 90 нафар уйсизга турар жой биноси тақдим қилган тадбиркор хақида хабар берилди. Ғалла ва тўқимачилик маҳсулотлари билан савдо қилувчи Аджай Манот ўзига тегишли мулк бўлмиш ерга уй солиб, уни уйсизларга берган. Янги уй эгаларини тадбиркорнинг шахсан ўзи танлаб олган. Камбағалларга берилган уй ҳашаматли эмас, атиги 25 м² бўлиб, иккита деразаси ва иккита эшиги бор. Электр билан таъминланган.

Ўтган йили ўзбек сайтларида чимкентлик Дария ва Еркебулан Жолдасовлар дабдабали тўй маросими ўрнига 300 кишилик ош тарқатгани хақида маълумот берилди. Улардан аввал эса Чимкентда Меирман ва Сания Сауранбеклар болаларни мослаштириш марказида тўй ўтказганлари ҳақида шов-шувли хабар тарқатилган эди.

Бизда-чи? Келин-куёвларнинг Меҳрибонлик уйларига бориб, кўнгли яримларни хурсанд қилгани ҳақида ҳозирча хабар ўқимадик. Сайтларимиз лимузин-у, ЖИПларда шаҳар айланаётганлар, паркларда суратга тушаётганлар, тўйларига бир нечталаб хонандаларни таклиф қилаётганлар ҳақида ёзмоқда. Битта хонандага берилган пулга Меҳрибонлик уйида тарбияланаётганларнинг ҳаммасига торт совға қилиш мумкин-ку. Битта лимузин пулига болаларга музқаймоқ ёки конфетлар тортиқ қилиш мумкинмас-ми?!

Сўнгги 10 йиллар мабойнида шаҳарликлар эрталабки ошларни рестарон ва кафеларда бериб, кечки зиёфатларни ҳам уйларда ёки маҳалла тўйхоналарида ўтказмаяпти. Бу ҳам давримизнинг тинчлиги ва тўкин-сочинликдан далолат бермоқда. Тошкентда бир-биридан кўркам ресторан ва кафе, тўйхоналарнинг қурилаётгани ҳам тинч замонамизнинг бизга берган тухфасидир.

Бирок тўқликка шўхлик холлари ҳам кузатилмокда. Энди ким ўзарга нафақат тўйлар, балки мотам маросимлари ҳам ўтказилмокда. Яқинда ҳамкасбларимдан бири “юринг бир дўстимнинг отасига қилаётган йил ошисига бориб келайлик”, деган таклифига, “ахир мен у кишини ўзини ҳам, отасини ҳам танимайман-ку”, дедим. Менинг бу эътирозимга, “дўстим, қанча кўп ҳамкасбингизни олиб келсангиз шунча ҳурсанд бўламан, деб айтган эди”, деган жавобни олдим. Кўнгли қолмасин деб Йил ошига бордик. Тумонат одам. Ўлган отаси ортидан обрў олишни мақсад қилиб қўйгани шундоқ кўриниб турибди. Нимага керак шунча дабдаба? Отасини ҳурмат қилар экан, қишлоқда таниш-билишлари иштирокида шу маросимни ўтказиб қўйса яхши эмасмиди? Отасининг ҳурмати учун Тошкентда ош бермаса унга ҳеч ким таънаю дашном бермасдику?

Бир вақтлар келин-куёвнинг тўйига камсонли қариялар таклиф қилинарди. Ҳозир камида 200 киши келмаса тўй гўё ўтмаган ҳисобланади. Нима учундир ош келин тарафидан берилмоқда. Қалин пулини катта берган куёвнинг отаси 200 дан ортиқ ҳамроҳи билан ошга бормоқда. “Барака топгур борувчиларни сал камайтиринг, мард бўлсангиз уларни уйингизда меҳмон қилинг” деган одам йўқ.

Бундан бир неча йил аввал яқин қариндошим ўғил уйлантирди. Уйида 100 кишилик дастурхон ёзди. Эртаси куни келинникига эса 100 киши билан борди. Яхши томони уйига чақирганларни қуданикига олиб бормади. Тўй жуда ихчам ўтди. Ҳозир келин-куёв жуда ҳам бахтли, қудалар эса аҳил.

Яна бир танишим бор. Бозорда тирикчилик қилади. Катта ўғлини уйлантирганида юз киши (бир киши ҳам ортиқ эмас) билан келинникига ошга борди. Амру-маъруф чоғида домла 200 киши билан ошга келувчи қудаларни танқид қилиб, сал оғироқ гапириб юборибди. Нафсониятига тегиб кетгани боис қудалар бир қошиқ ҳам ош емасдан, дуо қилиб туриб кетишди. Ўшанда танишим, “Худо хоҳласа иккинчи ўғлимни уйлантирганимда ўзим ош бераман”, деб ўзига ўзи ваъда берибди. Ҳақиқатдан ҳам иккинчи ўғлининг уйланишида ўзи ош берди. Тўғрироғи, ҳар икки қудасига оғирлиги тушмади. Фарзандлари бахтли. Бу каби мард инсонлар ҳақида кўпроқ ёзиш керак.

Бир вақтлар артистларнинг, тўғрироғи карнай-сурнайчиларнинг вақтига қараб тўй қилинарди. Кейинчалик видеочиларнинг қовоқ-тумшиғига қараладиган бўлди. Бугун эса дабдабали ресторанлар “қачон бўш бўлар экан” деб навбат кутилмоқда. Ёшлар оддий кафеларда тўй қилгиси келмай қолди.

Бир вақтлар бешик тўйлари ўн-ўн беш нафар хотин-халаж иштирокида ўтказиларди. Энди бешик тўйлари ҳам уйлардан ресторанларга кўчди. Оддий тўйлардан фарқи қолмаяпти. Бир томондан тўйлар ихчамлашиб бормокда ва шу билан бирга жуда ҳам дабдабали бўлмокда.

Ўзбек келинининг европача ярим-ялонғоч кийинаётгани ҳақида кўп ёзилди. Айниқса, прокатга олинаётган келинлик либоси анча мунозараларга сабаб бўлди. Бироқ бу анъана давом этмоқда. Ярим-яланғоч келинлик либоси қўлдан-қўлга ўтса-да, катта маблағлар эвазига вақтинча ижарага олинади. Мутахассислар прокатга олинадиган либос ҳам киссага, ҳам соғлиққа зарар эканлигини айтишади. Бир марта кийиладиган либосга кетаётган маблағга бошқа нарса олса бўлмасмикин?!

Ҳозир бирор бир таклиф беришга ҳам одам қўрқиб қолди. Масалан, бир вақтлар “келинлар ҳайит қилмасин. Ҳайитга сарфланадиган маблағга телевизор, компьютер олиб бериш керак”, деган таклиф берилган эди. Аввалига бу таклиф ҳаммага ёқиб қолди ва ҳайит қилмаслик эвазига рўзғордаги камчилик тўғирлаб олинаётган эди. Бироқ бу анъана бир зумда ислоҳ қилинди. Энди келин ҳам ҳайит қилмокда ва ҳам тоғоралар қаторида, албатта, телевизор ёки компьютер янги келинга совға қилинмокда. Энг катта фожиа куёв болалар ҳам қайнонасидан келадиган совғаларни уялмай кутишга ўрганиб қолаётгани намоён бўлмокда. Мана шу иллатга йигитларимиз ўрганиб қолмаслиги учун уларнинг йигит эканлигини тез-тез эслатиб туриш керакка ўхшайди.


Шарофиддин Тўлаганов

ЎзА
18 088