ЎзА Ўзбек

13.04.2020 Чоп этиш версияси

Яна бир хушхабар: Қашқадарёда ҳам коронавирусга чалинган икки нафар бемор соғайди

Яна бир хушхабар: Қашқадарёда ҳам коронавирусга чалинган икки нафар бемор соғайди

Пойтахтимиздаги Вирусология илмий-текшириш институти клиникаси, Хоразм, Наманган ва Бухоро вилоятлари сафига эндиликда Қашқадарё вилояти ҳам қўшилди.

Вилоят юқумли касалликлар шифохонасидан 2 нафар коронавирус инфекциясига чалинган бемор бутунлай соғайди. Улар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди.

Соғайганлардан бири 8 ёшли, иккинчиси эса 56 ёшли фуқаро бўлиб, ҳар иккиси ҳам Чироқчи туманидан. Бугунги кунда лаборатория текширувлари уларнинг дарддан бутунлай фориғ бўлганини кўрсатди.

Бунда, шубҳасиз, вилоят юқумли касалликлар шифохонасининг фидойи тиббиёт ходимларининг алоҳида ҳиссаси бор. Уларнинг саъй-ҳаракатлари, халқаро стандарлар асосида даво чоралари кўрилгани беморларнинг тузалишига замин яратди.

Шу боис, халқимиз ва давлатимиз раҳбари томонидан тиббиёт ходимлари ва коронавирус инфекциясига қарши курашда фаол меҳнат қилаётган инсонларга далда бўлинмоқда, уларқўллаб-қувватланмоқда. Ушбу юксак эҳтиром коронавирус инфекциясига қарши мардона курашаётган қаҳрамон шифокорларимиз учун улкан рағбат ва куч бўлиши шубҳасиз.

Айни пайтда қадар мамлакатимиз бўйлаб коронавирус инфекциясидан жами 68 нафар бемор тўлиқ соғайди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

2 295