ЎзА Ўзбек

12.01.2018 14:32 Чоп этиш версияси

Яна 72 ҳарбий оила Ватан ҳимоячилари кунини янги хонадонда нишонлайдиган бўлди

Яна 72 ҳарбий оила Ватан ҳимоячилари кунини янги хонадонда нишонлайдиган бўлди
14 январь – Ватан ҳимоячилари куни

Самарқанд шаҳрида ҳарбий хизматчилар учун қурилган тўртта 3 қаватли уй фойдаланишга топширилди ва 72 ҳарбий оила Ватан ҳимоячилари кунини янги хонадонда нишонлайдиган бўлди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 30 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг ҳарбий хизматчилари учун уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида”ги қарорига кўра бунёд этилган мазкур уйлар ҳарбийларга узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредити асосида берилди.

Янги хонадонлар калитини эгаларига топшириш маросимида Самарқанд вилояти ҳокими Т.Жўраев, Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони, полковник А.Саидов мамлакатимиз Қуролли Кучларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий муҳофаза қилиш, улар учун муносиб турмуш шароити яратишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Ушбу масала 2018 йил 11 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган таркибдаги мажлисида ҳам муҳокама этилиб, аниқ вазифалар белгилаб берилди.

2 (1).JPG

– Турмуш ўртоғим ҳарбий бўлгани учун 13 йилдан бери юртимизнинг турли ҳудудларида яшадик, – дейди Ф.Назарова. – Албатта, қаерда бўлсак ҳам давлатимиз томонидан барча шароитлар яратиб берилди. Лекин ўз уйимиз йўқ эди. Бугун Самарқанд шаҳрида барча қулайликларга эга замонавий уй берилганидан хурсандмиз.

Янги уйлар олдида болалар спорт майдончаси, дам олиш масканлари, автомобиллар тўхташ жойлари ташкил этилган.

6.JPG

– 16 йилдан буён Қуролли Кучларимиз сафида хизмат қиламан, – дейди Пайариқ тумани мудофаа ишлари бўлими бошлиғи С.Холбеков. – Фаолиятим давомида давлатимизнинг доимий эътибор ва ғамхўрлигидан баҳраманд бўлиб келяпман. Бугун имтиёзли тарзда уч хонали замонавий квартирага эга бўлганим ҳам оилам ҳаётидаги унутилмас воқеа бўлди. Албатта, бу ғамхўрликка жавобан Ватанимизга янада садоқат билан хизмат қиламан!

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА
11 824