ЎзА Ўзбек

12.06.2019 18:38 Чоп этиш версияси

Яна 10 вагон китобим бўлсайди...

Яна 10 вагон китобим бўлсайди...

ёхуд Шайх нимани ҳаммадан сир тутгани хусусида

Ёшлигимизда бирор нимага қаттиқ ҳаракат қилиб, гоҳида истаганимизга эришолмаслигимиз маълум бўлса ёши катталар "бўлди-да энди – отанг ким, онанг ким..." қабилида койиб шаштимиздан қайтаргандек бўларди. Бу фикр тўғри эканига шубҳаланардим ўшанда. Юртимиздаги таниқли диний уламолардан бири, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур “Ўзтрансгаз” АЖ ходимлари билан ўтказган учрашувдан сўнг юқоридаги фикр нотўғри экани хусусидаги фикрим мустаҳкамланди. Олимнинг ҳаётига асосланган ушбу воқеалар ёшларга ибрат бўла олади, деган фикрда уни сизлар билан ҳам баҳам кўришни лозим топдим.

"...Иккинчи жаҳон урушидан кейинги йиллари ҳамма жойда даҳрийлик сиёсати комил бўлган. Мактаб дарсларида Худо эслатилмас эди. Ҳатто, бизга ота-оналарингизнинг жаннат ёки дўзах бор, деган сарқит гапларига ишонманглар. Ўлгандан кейин тирилади, дейди, ким кўриб кепти? Булар ҳаммаси бўлмағур гаплар, дейишарди. Ўқув муассасаларида машғулотлар атеизм асосида бўлсаям, аммо ҳалқимизнинг қалбида иймон-ихлос сўнмаган. Биронта оила беникоҳ турмуш қурмаган, бирон майит бежаноза кўмилмаган. Масжидлар ёпилган бўлса-да, одамлар уйида намоз ўқиган. Биз ҳам диний тарбияни оилада олганмиз.

Ўқувчилик давримда бир куни мактабдан йиғлаб келибман. Онам сабабини сўрасалар, астрономия ўқитувчимиз бугунги дарсда 4-5 марта Худо йўқ, деб айтди, дедим. Шунда онам бағрига босиб, "қўй болам, йиғлама. Энди сизлар шунақа шўролар даврида туғилиб қолдингизлар-да. Агар олдинги давр бўлганида сен Қуръонни ёдлаб, қироат қилиб, бирон мадрасада ўқиётган бўлардинг", дегандилар. Бундан дардим янаям ошди.

Баъзан сўраб қолишади. Мана, диний илмда шунчалик мақомга етишибсиз, бу борада сизнинг илк устозингиз ким, деб. Мен Алишер Навоий дейман. Чунки, мактабда адабиёт ўқитувчимиз Навоийни жуда яхши кўрадиган киши эди. Мен биринчи партага ўтириб олиб Навоийнинг ҳаёти, ижоди ва фаолияти ҳақида айтилган ҳикояларни жон қулоғим билан эшитардим, ҳатто таъсирланиб йиғлаганларим эсимда. Шундан кейин мактаб кутубхонасига борар ва Навоий китобларини ўқирдим. 1941 йилда Навоий таваллудининг 500 йиллиги муносабати билан ҳамма асарларини нашр қилишга Москвадан рухсат бўлган экан. Қайси китобни ўқисам, 5- ёки 6-бобдан бошланади. Асарларнинг бошланишидаги "Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм", деган сўзлари ва ҳамду санолари олиб ташлаб нашр этилган эди бу китоблар. Шунга қарамай қолганининг ўзиёқ бутун дунё халқларини руҳий-маънавий тарбиялашга ярайдиган зўр ёзилган асарлар эди улар. Мен 11-12 ёшимда Навоийнинг барча асарларига ошиқ бўлган эдим. Ўшанда тушунсам-тушунмасам, Навоийнинг “Хазойин ул-Маоний” ёки “Хамса”си дейсизми, “Муҳокамат ул-луғатайн”, “Маҳбуб ул-қулуб” каби асарларидаги шеърлари, ғазаллари борми, ёд олаверардим. Ўша китоблар орасида араб алифбоси ҳам бор экан. У пайтда кимнинг уйидан арабча ёзув чиқса, жавобгарлик кучли эди. Бировга арабчани ўргатинг, дейиш мумкин эмас эди. Домлалар бўлса-да, лекин қатағонга учраб уйда ўтириб қолган, ҳеч кимга ўзининг домлалигини билдирмай яшаётган пайтлар. Шунинг учун ўзим Алишер Навоий китобларидан араб тилини мустақил ўрганишга ҳаракат қилганман. Лекин буни мустақил эплаш қийин бўлди. Бўш қолдим дегунча ҳарфларни кўчириб ёзиб, ёдлаб қийналиб юрганимда отам айтдиларки ўғлим, бундай бўлмайди, араб тилини ўрганиш осон эканми, ана қўшни домланикига чиқингда, илтимос қилиб кўринг. Ўргатишлари мумкин, дедилар. Бола эмасмизми, дадам айтган ўша қори домла кўчадан ҳассасини дўққиллатиб ўтсалар салобати босиб юролмай қолардик. Отам ҳадеб айтаверганларидан кейин бир кун ўзимда куч топиб, тонг маҳали ювиниб- тараниб “Ҳафтияк” китобимни қўлтиғимга қистириб, отахоннинг уйларига чиқдим. Чол-кампир айвонда сандалда ўтирган экан. Бир ёнда ўчоқ, қумғонда чой қайнатишяпти. Домла мени кўриши билан "Ҳа ўғлим, нима гап, дам солиб қўяйми", дедилар. Мен бўлса титраб, қандай сўрашни билмайман. Бир амаллаб, “Ҳафтияк”ни ўрганмоқчи эдим... дедим. "Нима-нима, “Ҳафтияк” ўқийсан", дедилар салмоқлаб. "Ҳафтияк - Қуръоннинг еттидан бири дегани. Сен Қуръонни ўқимоқчимисан, ҳарфларни танийсанми?". "Ҳа танийман, энди сиз ёрдам берсангиз, китобни ўқисам", дедим дудқланиб. Шунда домла ва у кишининг кампири анча таъсирланиб, кўзларига ёш олган, шу замондаям Қуръонни ўқийман, дейдиган болалар бор экан, деб хурсанд бўлган. Лекин, "бизга бошқаларни ўқитиш мумкин эмас-да, шунинг учун бошқа ишларга чалғиб юрибмиз болам..." деб, рози бўлмадилар. Мен эса бўлмас эканда, деб секин чиқиб кетмоқчи бўлувдим қори домла тўхтатиб қолдилар. Сўнг битта шарти борлигини, агар тунги соат 24 ларда чиқсам, ўргатишлари мумкинлигини ва буни ҳаммадан сир тутишим зарурлигини тайинладилар. Қаранг эҳтиёткорликни...

Ўша пайтда Фарғона туманидаги Миндон қишлоғимиз аҳли жисмоний меҳнат, деҳқончилик қилади. Кечки соат 22-23 ларда ҳамма ухлаб қолади. Кўчанинг у юзида домланинг уйлари бўлса, бу юзида бизники. Шу ўртадан ўтиб олишимни ҳам биров кўрмасин, дердилар домла. Ўрганиш давомида ярим бет матнни домла билан ўқиб олардик. Тушунтириш оғзаки, ёзув йўқ. Эртасига шуни бехато қилиб ўзларига қайта ўқиб беришим керак. Кимдан сўраб олишни билмасдик. Шундай бўлса-да, ҳар куни тунда 2 соатдан ўқиб, 1961 йил 10-синфни битиргунча форсча, арабча ёзувларни ўқишни ўрганиб олганман. Ўшанда араб ва форс тилларида нафақат ўқишни, балки кўп нарсани ёддан билардим. Лекин энг қийин шароитда ўрганганимизни ҳаммадан сир сақлаганмиз.

Энди бугунги шароитлар, технологияларни қаранг. Телефоннинг ичидаям турибди 30 пора Қуръон. Ҳам моддий, ҳам маънавий томондан имкониятлар чексиз. Яна бир нарса, моддият етарли бўла туриб, маънавий саёзлик бўлса ҳам ривожланиш қийин. Шунинг учун давлатимиз сиёсатида маърифий соҳага, маънавиятни юксалтиришга эътибор ортмоқда. Ҳозир бизнинг диний идора ёнида Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази қуриляпти. Бу ерда халқимизнинг қўлида, қайсидир музей ёки кутубхонада, шарқшунослик институти ва ё диний идоралар фондидами, қаердаки сақланиб қолган буюк аждодларимизнинг қўлёзма, тошбосма асарларини йўқотмасдан, борича йиғиб, сақлаш ва таржимасига ўтиш мақсад қилинган. Президентимиз таржима қилгандаям, нафақат ўзбек тилига, балки дунё тилларига таржима қилайликки, бизнинг Ўзбекистонимиз қандай юрт эди, бу заминдан қандай улуғ одамлар етишиб чиққанини бутун дунё билиб қўйсин, деяптилар. Ислом цивилизацияси маркази келаси йили очилиши кутилмоқда. Шунга қарамай, ҳозирданоқ ишлар бошланиб кетган, 100 га яқин китоб таржима қилиб бўлинди. Улар орасида Ҳаким Термизий, Абу Наср Форобий ва бошқа аждодларимизнинг асарлари бор. Лекин ҳали хаттотликнинг турли намуналарида битилган энг асосийлари турибди. Бу намуналарни билган ва ёза олувчи хаттот сифатида айтишим мумкинки, булар жуда бебаҳо ва нодир асарлар.

Ҳаммадан кўра кўпроқ мен суюнаётган бўлсам керак

Ислом цивилизацияси маркази ишга тушса, Худо берган умримнинг қолган қисмини араб ва форс тилларидаги энг қийин асарларни таржима қилишда ўзим бош-қош бўлиб ўтказишни ният қилганман. Усмон мусҳафини кўчираётган шогирдим Ҳабибулло Солиҳга ўхшаган яна кўп шогирдлар чиқаришни ният қилиб қўйганман. Бу кўҳна китобларнинг нима фойдаси бор, у бизга нима беради, деган саволнинг жавоби шундай: Бу илм шундай ажойиботлар оламики, унинг ичига кирган одам чексиз завқ олади. Бу завқни тушуниш учун инсон тафаккурида ҳис қилиши керак. Ҳис қилиш учун кўп ўқиш керак. Мен турли мавзулардаги китобларни уйимдаям сақлайман. Бир катта хонада тўла китобим бор, шундай бўлсаям, китобга тўймайман. Яна 10 вагон китобим бўлсайди...

Ҳозир чиқаётган диний китобларнинг 90 фоизига масъул муҳаррирлик қилаётган Шайх Абдулазиз Мансур суҳбат давомида бир кунда минг бетгача матнни кўриб чиқишини билдирди. Шайх ҳазратлари бундай мақомга эришиш учун тинимсиз меҳнат қилиш, жуда кўп шуғулланиш зарурлигини таъкидлади.

...Бугун биз яшаётган давр - 21 асрда технологиялар ривожланиб кетган. Биргина интернетни олайлик, ундан оқилона фойдаланадиган киши учун бебаҳо хазина. Мен интернетга араб тилида кираман. Чунки ўзбек тилида ҳали бисот кам. Менинг телефонимда 65 мингта арабча китоб бор. Уйда компьютердаям шундай фойдаланаманки, ҳар қандай сўзнинг ҳақиқатини, луғавий ёки истилоҳий маъносини билмоқчи бўлсангиз, ҳамма жавоблар чиқиб турибди-да. Бизда йўқ китоблар кўп ҳали. Чунки арабларда қатағон бўлмаган. Мисрда, Туркияда кўп асарлар сақланиб қолган. Улар китоб бўйича биздан бой ва шу китобларни электрон шаклда бутун дунё фойдалансин, деб интернетга қўймоқда. Текинга кўчириб олаверасиз ёки ўқиб фойдаланаверасиз. Қаранг, қандай замонда яшаяпмиз. Бошқа йўналишлардаги адабиётлар ҳам бундан кам деб ўйламайман. Бундай замон тушимизга ҳам кирмаган. Бугун илм эгаллашга қанчалар кенг имкониятлар бор.

Минг афсуслар бўлсинки, интернетдан нотўғри фойдаланиш ҳолатлари кўпайиб боряпти. Болалар интернетга кўпроқ ўйинларга киряпти. Бу тўғри эмас. Кўрмасаям бўлаверадиган, одамнинг вақти, умрини зое кетказадиган нарсаларга овора бўлиб қоляпти. Шунинг учун биз, катталар болаларни назорат қилишимиз керак. Бугун ижтимоий тармоқларда берилаётган ахборотларда ғаразли ниятдагилари ҳам кўп. Уларнинг қайси бирини таъқиқлайсиз ёки қай бирига раддия берасиз. Шу маънода, ёшлар тарбиясида катталарнинг масъулияти кундан-кун ортиб кетяпти. Бунга бепарво бўлиш мумкин эмас. Биз болаларимизни мавжуд имкониятлардан оқилона фойдаланишга йўналтиришимиз керак. Аксинча, бефойда, лекин жозибали кўринган нарсалар ёшларимизни тортиб кетиши мумкин. Китобларга қизиқтиришимиз керак. Чунки улар китобда нималар борлигини, унинг фойдаси қанчалик кўп эканини ҳали билмайди.

Биз саводимиз чиқиши билан ота-онамиз эртак китоблар олиб келиб, қани ўқиб бер, дердилар. Менинг ота-онам саводсиз бўлишган. Мўъжизани қарангки, уларнинг фарзанди бугун араблар ва форсларга уларнинг тилида сабоқ бера олади. Буям Яратганнинг мўъжизаси. Отам 4 ўғил 3 қизни кетмон чопиб, пешона тери билан катта қилганлар. Раҳматли қўллари қаварганини кўрсатиб, умримиз қора меҳнат билан ўтди. Биз очиқ кўр бўлиб қолганмиз. Сизлар ўқинглар, деб кўп айтардилар. Отамга мен, сиз нимани биласиз десам, қўллари билан ҳавода айлана чизиб мана бундай шаклдагиси “О” экан деганлар. Битта ҳарфни таниб ўтиб кетган бўлсалар ҳам отам фарзанд тарбиясига жуда жиддий қараганлари учун биз ўқишниям, жисмоний меҳнатниям севиб улғайдик. Тушгача мактаб, кейин папкани ташлаб далага ишлагани чиқардик. Ҳамма ё пахтазор, унда-бунда қўшимча қовун-тарвуз экиларди, ҳаммасига қарардик. Ҳозир айниқса, шаҳар шароитида ўсаётган болаларнинг камчилиги - бу жисмоний меҳнат билан шуғулланмаслик. Агар одам жисмоний меҳнат билан шуғулланмаса, чиниқмаса, ақлий меҳнатнинг ўзи билан ҳам узоққа бориб бўлмайди. Одам дарров нимжон, касалманд бўлиб қолади. Шунинг учун болаларни ҳеч бўлмаганда спорт машғулотларига жалб қилиш ёки спорт жиҳозлари олиб бериб, уйда бўлсаям шуғулланиши учун имконият яратиб бериш керак.

Тошкентга 31 ёшимда – 1976 йилда келдим. Ўшанда Зиёвуддин қори ака муфтий эдилар. Мени имтиҳон қилиб кўриб, сиз кўп нарсани ўқиган экансиз-ку, деб ишга киришга ундаганлар. Йўқ, диплом олишим керак десам, сиз шу ерда ишланг, ўзим диплом ёзиб бераман, деганлар. Шундай қилиб ҳозирги олийгоҳимиз Тошкент ислом институти (Маҳад)да ҳам ўқиб, ҳам талабаларга дарс бериб диплом олганман. Бу билан ёшларимиз ҳам шундай китобга меҳрли бўлиб улғайишса дейман.

Бир воқеани айтиб берай. Ёшлигимдан китобга қизиқишим кучли бўлганидан бир китобни бошласам тугатмагунча қўймасдим. 6-синфда ўқисам керак, бир куни китоб ўқиб ўтирибман, ярим кеча бўлиб қолибди. Шунда дадам кириб, бўлди энди ўғлим, шу пайтдаям одам ухламайдими, деб чироқни ўчириб қўйдилар. Ўшанда китобнинг сўнгги 20 саҳифаси қолган экан. Дадам чиқиб кетганларидан кейин кўрпани устимга тортиб, фонар билан охиригача ўқибман... Бу билан болаларимизни зиёли қилишимиз кераклигини таъкидламоқчиман, холос. Уларни қўли очиқ, сахий инсонлар этиб тарбиялашимиз керак.

Р/S. Шайх Абдулазиз Мансур амалга оширган “Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири” қайта-қайта нашр қилинган. Устоз “Саҳиҳи Бухорий”ни таржима ва шарҳ қилиб, икки жилдда нашр эттирган. Айни пайтда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида тузилган диний адабиётлар нашри бўйича махсус ҳайъат раиси ҳамдир. Шунингдек, Халқаро Ислом фиқҳи академияси, Мусулмон олимлари олий ҳайъати аъзоси. Кўплаб мақолалар, китоблар муаллифи.


Фарида ТОЖИБОЕВА, ЎзА
5 833