ЎзА Ўзбек

05.08.2020 Чоп этиш версияси

Ялпи мажлис олдидан қўмита йиғилишлари

Ялпи мажлис олдидан қўмита йиғилишлари

Бугун Олий Мажлис Сенати қўмиталарининг видеоконференцалоқа шаклида мажлислари бўлиб ўтди.

Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси томонидан «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги, қолаверса, «Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонунлар ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ахбороти муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, амалдаги Қонуннинг тўғридан-тўғри амал қилиш талаблари паст бўлиб, бугунги бозор шароитида самарасиз бўлган, эскирган норма ва қоидаларни ўзида мужассам этиб келмоқда. Хусусан, меҳнат органлари томонидан кўрсатилаётган хизматлар бир-нечта қонуности меъёрий ҳужжатлар билан тартибга солинади.

Янги таҳрирдаги «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Қонун эса ушбу йўналишдаги фаолиятни тартибга солиш мақсадларига хизмат қилади. Шу билан бирга, аҳоли бандлигини таъминлашда замонавий касбий ва меҳнат стандартларини жорий этиш, меҳнатга ҳақ тўлашнинг механизмларини тартибга солиш ва такомиллаштиришда дастуриламал бўлиши таъкидланди.

Сўнгра «Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун муҳокама марказида бўлди.

Мазкур Қонунда хусусий бандлик агентлиги мансабдор шахсларига нисбатан Қонун талабларини бузганлик учун жавобгарлик ҳам назарда тутилмоқда. Қонунга киритилаётган ўзгартишлар бугунги кундаги долзарб масалаларнинг ҳал этилиши, фуқаролар турмуш фаровонлиги ошишига замин яратиши қайд этилди.

Бундан ташқари, мажлисда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ахбороти кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, Сенатнинг ишчи гуруҳи томонидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ қарор ва дастурлар, чора-тадбирлар ижросини таъминлаш ҳолати ўрганилди.

Мамлакат меҳнат бозори таҳлили асосида аҳоли бандлигини таъминлаш, ҳудудий ва тармоқ дастурларини ишлаб чиқиш, янги иш ўринлари ташкил этиш учун давлат буюртмасини ва аҳолининг ижтимоий заиф қатламларини ишга жойлаштириш учун квоталар белгилаш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш борасида қатор ишлар амалга оширилган.

Мазкур масала юзасидан сенаторлар томонидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Парламент юқори палатасининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси мажлисида дастлаб «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама қилинди.

Таъкидланишича, янги таҳрирдаги Қонунда соҳага оид асосий тушунчалар ва тамойиллар, уни давлат томонидан тартибга солишга оид нормалар, ваколатли давлат органлари, Миллий комиссия, ҳудудий комиссиялар ва Миллий маърузачига оид меъёрлар аниқ белгиланмоқда.

Қонуннинг қабул қилиниши одам савдосидан жабрланган фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини кафолатли ҳимоя қилиш, шу тариқа халқаро майдонда давлатимиз нуфузини оширишга ёрдам бериши таъкидланди.

«Қонун ижодкорлиги ҳамда парламент назорати жараёнлари янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун ҳам кўриб чиқилди.

Қонун билан парламент ва маҳаллий Кенгашлар фаолиятига оид бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Жумладан, амалдаги «Парламент назорати тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ Олий Мажлис палаталари фақат ҳукумат аъзоларининг ахборотини эшитишга ҳақлилиги белгиланган бўлса, киритилаётган ўзгартишга асосан Қонунчилик палатаси ва Сенат ҳукумат аъзолари ва давлат органлари раҳбарларидан ташқари, хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг ҳам ўз фаолиятига доир масалалар юзасидан ахборотини эшитиши мумкинлиги белгиланмоқда.

Шунингдек, мажлисда қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш каби жиноятлар содир этилиши ҳолати юзасидан Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратурага парламент сўрови юбориш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди.

Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси мажлисида янги таҳрирдаги «Қишлоқ хўжалиги ўсимликларини зараркунандалар, касалликлар ва бегона ўтлардан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама қилинди.

Қонун нормаларини ўсимликлар карантини ва уларнинг муҳофазаси тўғрисидаги бошқа қонун ҳужжатлари ва халқаро ҳужжатларга мувофиқлиги юзасидан кўриб чиқиш лозимлиги ва уни такомиллаштириш зарурлиги таъкидланди.

3 046
ЎзА