Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.05.2018 18:30 Чоп этиш версияси

Ялла бобо Равшановга тилла суви юритилган қўл соати топширилди

Навоий вилояти ҳокими Қ.Турсунов бошчилигидаги давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари карманалик Ялла бобо Равшанов хонадонига келиб, Президентимиз номидан тилла суви юритилган қўл соати, 5 миллион сўм миқдоридаги пул мукофоти ва бошқа эсдалик совғаларини топширди.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 16 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, Навоий вилоятида ҳам уруш фахрийларига пул мукофоти ва қимматбаҳо совғалар топширилиб, ҳурмат-эҳтиром кўрсатилмоқда.

Вилоят, туман ва шаҳарлар ҳокимлари, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими, вилоят хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, давлат ва жамоат ташкилотлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари уруш фахрийлари ҳолидан хабар олмоқда. Хусусан, фахрийларга Президентимизнинг бир марта бериладиган 5 миллион сўмлик пул мукофоти ҳамда қимматбаҳо совға-саломлари топширилмоқда.

Туманнинг Уйрот маҳалласида яшовчи Ялла бобо 4 қиз, 1 ўғилни вояга етказди. 1937-1938 йилларда Каттақўрғон канали қурилишида иштирок этди. 1939 йили ҳарбий хизматга чақирилди ва қарийб ўн йилдан сўнг – 1948 йилда уйига қайтди. Айни пайтда 20 набира, 24 чеваранинг тинч ва тўкин замонда ўқиб, улғаяётганидан кўнгли яйрайди. Ёшларга тинчликни асраш, бу кунларнинг қадрига етишни уқтиради.

– Давлатимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрликдан кўнглим тоғдек кўтарилди, – дейди Ялла бобо. – Яратганга беҳисоб шукр, бугунгидек дориломон кунларда яшаш насиб этди. Ҳар тонг юртимиз тинчлиги, халқимиз осойишталиги, ёшларимиз эмин-эркин ўқиётгани, ишлаётгани, ўзи танлаган соҳада катта ютуқларни қўлга киритаётгани учун шукроналар айтаман. Бунинг бари тинчликдан. Илоҳим, ҳар кунимиз доимо шундай бўлсин!

Нуриддин Раҳимов, ЎзА
6 952