Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.09.2018 21:08 Чоп этиш версияси

Яккасарой туманидаги долзарб вазифалар муҳокама этилди

Яккасарой туманидаги долзарб вазифалар муҳокама этилди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши ва халқ депутатлари Яккасарой туман Кенгашининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди.

Унда Олий Мажлис Сенати Раиси Н.Йўлдошев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Ҳ.Кетмонов, Яккасарой тумани ҳокими вазифасини бажарувчи С.Махаметов, мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарлари, жамоат ташкилотлари вакиллари, маҳалла раислари ва фаоллари иштирок этди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда пойтахт ҳудудлари, шу жумладан, Яккасарой туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга оид долзарб масалалар барча даражадаги давлат ҳокимияти органлари диққат марказида турган вазифалардан ҳисобланади.

Яккасарой туманида 66 лойиҳа рўйхати шакллантирилган. Шундан 2018 йилда жами 79,6 миллион АҚШ долларлик 25 лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, 1 минг 448 янги иш ўрни яратилади.

Туманда аҳолини иш билан таъминлаш, янги иш ўринлари яратишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Маълумотларга кўра, туманда 4 минг 700 нафар ишсиз фуқаро рўйхатга олинган. Бандлик бўйича дастурларни амалга ошириш натижасида шу йилнинг ўтган даврида 1 минг 600 иш ўрни яратилди. Жорий йил якунига қадар жами 5 минг иш ўрни яратиш режалаштирилган.

Йиғилишда ҳудуддаги кўп қаватли уй-жойларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича олиб борилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратилди. Туманда шу кунгача куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларининг 62 фоизи бажарилган. Бугунги кунда туманнинг 20 маҳалласидаги 500 кўп қаватли уйларга 102 ширкат хизмат кўрсатмоқда. Соҳа ходимларининг ўрганишлари давомида бир қатор маҳаллаларда авария ҳолатидаги кўп қаватли уйлар ҳалигача эътибордан четда қолаётгани, шунингдек, 6 та ётоқхона жуда ачинарли аҳволга келиб қолгани аниқланди. Ушбу муаммога тезда чора кўриш лозимлиги юзасидан топшириқлар берилди.

Туманда “Обод маҳалла” дастури ижросини таъминлаш ва уйма-уй юриш жараёнида Республика ишчи гуруҳи томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан “йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, унда ечимини кутаётган муаммолар юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгиланди.

Мажлисда Яккасарой туманидаги Шоҳжаҳон, Белариқ, Тўқимачи ва бошқа қатор маҳаллалар ҳудудида жойлашган, ўтган асрнинг ўрталарида қурилган, бугунги кунда яшаш шароитлари эскириб, антисанитария ҳолатига келиб қолган кўплаб уй-жойлар бузилиши билан боғлиқ муаммолар алоҳида кўриб чиқилди. Меъёрий ҳужжатлар талабларига жавоб бермайдиган уй-жойлар ўрнига хусусий инвесторларни жалб этган ҳолда замонавий турар жой комплекслари, меҳмонхона, бизнес марказлари қуришга оид таклифлар киритилди.

Шунингдек, мажлисда тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар тартибли ўтказилишини депутатлар ва кенг жамоатчилик томонидан назорат қилиш масаласи муҳокама қилинди.

Мажлисда муҳокама қилинган масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши ва халқ депутатлари Яккасарой туман Кенгашининг қўшма қарори қабул қилинди.

Нурилло Насриев, ЎзА
2 697