Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.06.2018 12:43 Чоп этиш версияси

Якка тартибдаги дарслар кимлар учун?с

Мактабга боришни, тенгдошларим билан бир синфда ўқишни орзу қиламан. Ўқиб-ўрганишни, келажакда ўз ўрнимга эга бўлишни истайман. Аммо бунинг иложи йўқ. Ўқитувчим уйга келиб дарс беради. Шундай шарт-шароит яратиб беришгани учун миннатдорман.

Бу Сурхондарё вилояти Олтинсой туманида яшовчи Маржона Мажидованинг сўзлари. У туғма ногирон. Юролмасада фикри теран, орзулари юксак, мақсади аниқ.

Маржонани яқинлари, ҳудуддаги мактаб жамоаси ва унга бириктирилган ўқитувчиси ёлғизлатиб қўймади. Кўпчиликнинг меҳри ва эътибори қизнинг ўзи истагандек ўқиш-ёзишни, ҳунармандлик сирларини ўрганишида қўл келаётир.

– Имконияти чекланган болаларнинг кўнглига йўл топа олиш, уларни ёлғизлатиб қўймаслик, ўзига бўлган ишончини мустаҳкамлаш жуда муҳим, – дейди М.Мажидовага бириктирилган ўқитувчи Бўрихол Набиева. – Биргаликдаги эзгу саъй-ҳаракатлар уларнинг ҳаётий мақсад ва интилишларини тўғри белгилаши, фаол бўлиши, касбга оид кўникмаларнинг шаклланишига хизмат қилади.

Мамлакатимизда ижтимоий, жисмоний имконияти чекланган ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши бўйича ҳақ-ҳуқуқларини мустаҳкамлаш, бу борада улар учун зарур шарт-шароитлар яратиш йўлида эзгу ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими ва Соғлиқни сақлаш вазирликларининг қўшма қарори асосида қабул қилинган “Жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган ҳамда узоқ вақт даволанишга муҳтож болаларнинг уйда якка тартибда таълим олишларини ташкил этиш тартиби тўғрисида”ги низом жисман ёки руҳан камчилиги бўлган болаларни махсус давлат таълим стандартлари асосида ўқитиш меъёрларини белгилайди. Унда ўқувчиларни таълимга жалб қилиш, ўқитиш жараёнини юқори савияда ташкил этиш тартиби, бу борада мактаб педагоглари ва ота-оналарнинг мажбуриятлари ўз аксини топган.

Ўқувчига уйда, якка тартибда таълим бериш унинг яшаш жойидаги туман (шаҳар) даволаш-профилактика муассасалари қошидаги тиббий маслаҳат комиссияси (ТМК) хулосасига мувофиқ, тегишли халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими томонидан амалга оширилади. Юрак, қон айланиш тизимининг туғма нуқсонлари, ўпка-бронх хасталиклари, астма, хавфли ўсмалар мавжуд бўлган, шунингдек, психо-неврологик, хирургик дардларга чалинган, таянч-ҳаракат аъзолари функцияси бузилган, бир вақтнинг ўзида ақлий ва жисмоний жиҳатдан ногирон болалар уйда якка тартибда ўқитилади.

Бунинг учун имконияти чекланган ўқувчини дастлаб тиббий кўрикдан ўтказиш мақсадида ТМКга касаллик тарихидан кўчирма, махсус даволаш-профилактика муассасаларининг хулосаси ҳамда бошқа диагностика текширувлари натижалари тақдим этилиши керак. Айни кўрик натижаларига кўра, болада тегишли хасталиклар аниқланган тақдирда, унинг ҳақиқатан ҳам уйда якка ҳолда таълим олишга муҳтожлиги тўғрисида тиббий хулоса расмийлаштирилади.

Ушбу ҳужжат касаллик тури ва даражасига қараб тўлиқ ўқув йили ёхуд 6 ойлик муддатга берилади. Ўқувчига якка тартибда таълим берувчи педагог олий маълумотли, камида 5 йиллик иш стажига эга бўлиши талаб қилинади. Оғир нуқсонли болаларни ўқитишда фан ўқитувчиларидан ташқари логопед, психолог, дефектолог кўмагига эҳтиёж туғилган ҳолларда ихтисослаштирилган интернат-мактаблардаги айни мутахассислар жалб қилиниши мумкин.

Маълумки, кўзи ожиз ва кар-соқов болалар алоҳида мактаб-интернатларда махсус давлат таълим стандартлари асосида ўқитилади. Мазкур муассасалар томонидан жисмоний имконияти чекланганлик билан бирга ақлий ривожланишдан орқада қолган ўқувчилар учун ҳам Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Халқ таълими бошқармалари ҳузуридаги психологик-тиббий-педагогик комиссиялар йўлланмасига мувофиқ уйда якка тартибда таълим бериш ташкил қилиниши мумкин.

Шунингдек, узоқ вақт даволанишга муҳтожлиги сабабли мактабга боролмайдиган болалар ўқув машғулотларидан озод этилган кунлар оралиғида уйда таълим олиши таъминланади. Улар даволаниш якунига етказилгандан сўнг оммавий тарзда таълимни давом эттиради.

Бу жараёнда якка тартибда таҳсил олаётган боланинг соғлом тенгқурлари билан ижтимоий мулоқот ўрнатиши ва жамиятга интеграциялашувига алоҳида эътибор қаратиш муҳимдир. Шу боис уларнинг мактабда ўтказиладиган маънавий-маърифий тадбирларда иштирокини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётир.

Ўқитувчилар бу тоифа ўқувчиларнинг жисмоний ва психик ривожланиши йўлида жиддий шуғулланиши, боланинг атроф-муҳит ва ижтимоий ҳодисалар ҳақидаги тасаввурларини кенгайтириш, маънавий-ахлоқий сифатларини юксалтириш, эстетик дид ва ҳис-туйғуларини тарбиялаш, унда дарсликлар, бадиий адабиётлар ва илмий манбалар билан мустақил ишлаш малакасини ошириш, меҳнат кўникмаларини шакллантириш бўйича индивидуал тарзда иш олиб боради.

Уйда таҳсил олиш жараёнида ўзлаштирилган фанлар бўйича босқичли назорат ва якуний давлат аттестацияси ўтказилади. Айни якуний синовдан муваффақиятли ўтган ўқувчига давлат намунасидаги шаҳодатнома берилади. Жисмоний-руҳий жиҳатдан ривожланиш даврини бошидан кечираётган болалар тегишли халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш туман (шаҳар) бўлими қошида тузилган ташхис комиссияси хулосасига кўра, таҳсилни ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида давом эттира олади.

Таянч-ҳаракат аъзоларида оғир даражада ногиронлиги бўлган ҳамда бирйўла кўриш ва ақлий нуқсонга эга болалар тўлиқсиз ўрта маълумот олиш билан чекланади. Улар уй шароитида муайян касб-ҳунар билан шуғулланишлари мумкин.

Таълим соҳасидаги кучли ижтимоий ҳимоя жисмоний имконияти турлича ўғил-қизларнинг таълим-тарбия олиши учун тенг ва мақбул шароитларни яратишдек эзгу ишларда намоён бўлмоқда. Бу доимий эътибор эҳтиёжманд ўғил-қизларни моддий, маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг сифатли таълим-тарбия олиши, интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш, ҳаётда ва жамиятда ўз ўрнини топишида муҳим омил бўлмоқда.

Барно Мелиқулова, ЎзА
3 811