ЎзА Ўзбек

08.07.2018 09:00 Чоп этиш версияси

Яхшилик қилганга яхшилик қайтади

Маъмура АБДУРАҲМОНОВА,
"Шон-шуҳрат" МФЙ раиси:

29b7681b-68a8-41c5-a943-ae579061e3cb.jpg– Маҳалламиз нисбатан кичикроқ бўлиб, 18 та кўп қаватли турар жойларда 1130 та оила бўлиб, уларда 3700 дан ортиқ кўп миллатли аҳоли яшайди. 

1977 йилдан буён мана шу маҳаллада яшайман. 10 йилга яқин вақт давомида маҳаллада маслаҳатчи, бир йилдан буён маҳалла раиси лавозимида ишламоқдаман. Иш фаолиятимни оилаларни ўрганишдан бошлаганман. Бунинг учун сиз ҳам психолог, ҳам педагог, ҳам юрист бўлишингиз, инсонлар дардини тинглаб уларга ёрдам бериш чораларини қидиришингиз лозим. Шукрки, нотинч оилалар, вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар мактаб, масъул идоралар билан ҳамкорликда ўрганилиб, ўз ечимини топди. Мана шу эмасми ишимизнинг натижаси?

Маҳалламизда ишлаб чиқариш, тадбиркорлик ривожланмаган. Бир тўйхона, бир новвойхона, бир дўкондан бошқа тадбиркорлик субъектлари йўқ. Шу боис ҳамкорлар топиб тадбиркорликни ривожлантириш масаласи долзарб бўлиб турибди.

Саховатпеша инсонларимиз кўп. Жорий йил улар кўмагида 32 оилага моддий ёрдам кўрсатилди.

Маҳалламиздаги бир муҳтож оила фарзанди қўни-қўшни, маҳалла-кўй ёрдами билан уйлантирилди, ҳамма имкон топганича кўмак берди. Буни қарангки, келинимиз бинойидек тикувчи экан. Бугун у тўйига ёрдам берган оила фарзандларига тикиш-бичишни ўргатмоқда. Яхшиликка яхшилик қайтади, деб шуни айтса керак-да.

Ёки бошқа бир мисол. Маҳалладошларимиздан бири Президент виртуал қабулхонасига иш сўраб мурожаат қилибди, маоши 3 миллион сўмдан кам бўлмаслиги керак экан. Бу киши билан суҳбатлашганимизда маълумоти ўрта махсус, аввал ҳеч қаерда ишламагани маълум бўлди. Бунча маош учун инсон пешона терини тўкиб меҳнат қилиши, ишдан бўйин товламаслиги керак, кеча-кундуз ишлаб бундан ҳам кўп пул топаётганлар ҳам бор, десак тушунишни хоҳламайди, таклиф этилаётган ишларга маоши кам, дея киришни истамайди.

Афсуски баъзи инсонларда «Берсанг ейман, урсанг ўламан» қабилидаги фикрлаш тарзи ҳам йўқ эмас. Оилада 4-5 кишидан биттасигина ишлайди ва маҳалла идорасига ёрдам сўраб чиқади. Биз ҳам имкони борича уларга ёрдам қўлини чўзамиз, аммо инсонларнинг ўзи учун ўзи ҳам ҳаракат қилиши керак. Ётиб еганга тоғ ҳам чидамаслиги аён-ку. Юртбошимиз ҳам «Ҳар бир оила – тадбиркор» тамойилини ҳаётимизга татбиқ этаётгани бежиз эмас.

Ҳозирда маҳалла аҳли учун замонавий маҳалла идораси қурилмоқда ва унда болаларимиз учун кичикроқ бўлса-да кутубхона ташкил этмоқчимиз. Қисқаси, ниятларимиз эзгу, режаларимиз бисёр, вазифаларимиз аниқ.

ЎзА
11 005