Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.03.2018 11:30 Чоп этиш версияси

Яхшидан боғ қолади...

Қашқадарё вилоятининг Касби тумани Қатағон қишлоғидаги кутубхона 20 мингдан ортиқ китоб фондига эга. Бу ерда илмий ва бадиий адабиётлардан тортиб, хориж мамлакатларида чоп этилган китоблар ҳам бор.

Аслида бу кутубхонага Касби туманидаги Қатағон қишлоғилик Холбой бобо Хонқулов асос солган. Қишлоқ аҳлининг деярли ҳар бири Холбой муаллим қўлида таълим олган, десак муболаға бўлмайди. Холбой ота ана шу қишлоқда 40 йилдан ортиқ ўқитувчилик, тумандаги 3-умумтаълим мактабига 22 йил директорлик қилган. Умрининг охиригача зиё тарқатган бу инсоннинг маърифат булоғи бугунга қадар қайнаб турибди. 2009 йилда Холбой ота ташаббуси билан барпо этилган “Холбой ота ёшлар маркази” ва унинг қошида ташкил этилган кутубхона нафақат Қатағон қишлоғи, балки ён-атрофдаги кўплаб қишлоқ ёшларига беминнат хизмат қилиб келмоқда.

– Холбой ота Хонқуловга кўп йил халқ маорифи соҳасида фаолият кўрсатиб, орттирган тажрибаси нафақага чиққанидан кейин ҳам тинчлик бермади, – дейди Қатағон қишлоғидаги 3-умумтаълим мактаби директори Акром Сафаров. – Ёшларга таълим-тарбия бериш, китоб мутолаа қилишни канда қилмади. Ўзи туғилиб ўсган Қатағон қишлоғида шахсий маблағи ҳисобидан кутубхона – ахборот-ресурс маркази, ўқув зали, компьютер саводхонлиги хонаси ва ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини оширишга қаратилган бошқа турдаги машғулотлар билан шуғулланиш имконига эга бўлган “Ёшлар маркази”ни қурди. Ҳозир ушбу марказ ўқувчиларимиз билан гавжум. Улар дарсдан бўш вақтларида китоб мутолааси билан машғул.

Таъкидлаш лозимки, бу зиё маскани ва Холбой домла фаолиятига Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳам 2016 йил 16 ноябрь куни Қашқадарё вилояти сайловчилари билан учрашувда алоҳида тўхталиб ўтди. Шу йилда чоп этилган “Президентга мактублар” ва давлатимиз раҳбарининг “Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз” китобларида ҳам мазкур кутубхона фаолияти ҳақида алоҳида қайд этилган.

– Раҳматли отамиз ташаббуси билан барпо этилган ушбу мўъжазгина кутубхона фаолияти Президентимиз томонидан эътироф этилгани биз, фарзандларга ғурур бағишлайди, – дейди “Шўртан газ-кимё мажмуаси” масъулияти чекланган жамияти назорат-таҳлил гуруҳи раҳбари Улуғбек Хонқулов. – Отамиз бошлаган ишни давом эттиришга, давлатимиз раҳбари бошчилигида амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаб, Қатағон ва атрофдаги қишлоқ ёшлари орасида китоб тарғиботини янада такомиллаштиришга ҳаракат қилмоқдамиз. Кутубхона фондини янада бойитишда Қашқадарё вилояти ҳамда туман ҳокимликлари, ёшлар иттифоқи вилоят ҳамда туман кенгашлари раислари, Қатағон қишлоқ фуқаролар йиғини раиси яқиндан кўмаклашмоқда. Яқинда кутубхонамизга Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан 200 дан ортиқ бадиий ва илмий адабиёт совға қилинди. Бундан китобхонлар жуда хурсанд бўлди.

Яхшидан боғ қолади, дейди доно халқимиз. Холбой бобо Хонқулов ҳам ана шундай қалби дарё инсонлардан эди. У бойликка ружу қўймади. Бор куч-ғайрати ва меҳрини ёшларни тарбиялашга бағишлади. Топган даромадидан орттириб, китоб сотиб олди. Умри бўйи шу эзгу ишни давом эттирди. Унинг меҳнатлари зое кетмади. Тўплаган маънавий бойлиги авлодларга абадий мерос бўлиб қолди ва бу мерос ҳали кўп бора ўз мевасини беришига ишонамиз.

Ўлмас Баротов, ЎзА
10 352