Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.05.2018 12:04 Чоп этиш версияси

“Яхши орзулари ҳақида гапириб турган дўстинг ўгирилиб қарасанг, беш метр нарида қонга беланиб ётарди”

“Яхши орзулари ҳақида гапириб турган дўстинг ўгирилиб қарасанг, беш метр нарида қонга беланиб ётарди”
Шаҳрисабз туманининг Қутчи қишлоғида истиқомат қилувчи 98 ёшли Сайдулло бобо Жабборов уруш йилларини хотирлади.

– Бундан 77 йил аввал уруш бошланибди, деган ваҳимали хабар чекка қишлоғимизда ҳам яшиндек тарқалди. Ўшанда эндигина 21 ёшга қадам қўйгандим. Қишлоқ йигитлари қатори мен ҳам биринчилардан бўлиб рўйхатга ёзилиб, 1941 йилда урушга жўнадим. Аввал артиллерия дивизионида “замбарак” ўқловчи бўлдим. Ўша йиллари Сталинград (ҳозирги Волгоград) шаҳри остонасидаги жангларда иштирок этдим. Яраландим, соғайиб яна жангга қайтдим. Бу жуда оғир кунлар эди. Урушнинг бор даҳшатини, унинг инсоният бошига келтирган аёвсиз кулфатларини ўз кўзим билан кўрдим. Эслагим келмайди у кунларни. Урушда инсон ҳаётининг заррача аҳамияти йўқ экан. Бир кунда юзлаб сафдошларимиздан айрилардик. Ҳозиргина сенга яхши орзулари ҳақида гапириб турган дўстинг ўгирилиб қарасанг, беш метр нарида қонга беланиб ётарди. Бунга чидаш қийин эди. Не-не азаматлар ана шу урушда эрта хазон бўлиб кетдилар. Уларнинг ичида турли миллатга мансуб кўплаб дўстларим бор эди...

Вақт ўтгани сари душманнинг ҳам шашти сўниб, ортга тисарила бошлади. Бу пайтда танкчилар қисмига ўтказишди мени. Энди Латвия ва Литва ҳудудларида жанг қилардик. 1945 йил бошларига келиб, фашистлар кўплаб ҳудудлардан тамомила чекинди. Мен жанг қилаётган қисм бу пайтда Рига шаҳридан душманни қувламоқда эди. Тез-тез талвасадаги душманнинг кичик-кичик гуруҳларига дуч келинар, улар эса охирги илинж билан қарши томон жангчиларига кўпроқ талафот етказишга ҳаракат қиларди.

1945 йилнинг 9 май куни ҳам шу шаҳарни душман аскарларидан тозалашда иштирок этаётгандим. Бир куни сафдошларим билан ногоҳ уч-тўртта фашист аскари яшириниб ётган пистирмага дуч келдик. Чорасиз қолган душман жон ҳолатда ўт очди. Ушбу қарама-қаршиликда бир неча сафдошларим қаторида мен ҳам оғир яраландим. Уруш тугаганини орадан бир неча кун ўтиб Воронеждаги ҳарбий госпиталда ҳушимга келганимда эшитдим. 1946 йилда эса икки қўлтиқтаёқда госпиталдан чиқиб, уйга келдим. 

Уйга келиб билсам, уруш жанг майдонларидан анча олис бўлган юртимиз ҳудудларида ҳам ўзининг аянчли изларини қолдирган экан. Қўлидан иш келадиган йигитларнинг кўпчилиги жангдан қайтмаган, саноат, халқ хўжалигининг барча соҳалари издан чиққан, йўқчилик авж олган бир давр эди. Жароҳатим бироз тузалгач, қўлимга кетмон олиб далага чиқдим. Кейин мени Қарши чўлини ўзлаштиришга сафарбар қилишди. Хўжаликлардан бирида бригадир бўлиб ишлай бошладим. Урушнинг оғир кунларини, очлик азобларини кўрган эмасманми, тинчликда ўтаётган ҳар бир кунимни бахт деб билардим, бор кучим, ғайратим билан ишлардим. 

Ўша даврларда Шароф Рашидовнинг ўзи мени “Ҳурмат белгиси” ордени билан тақдирлаб, бирорта хўжаликни бошқаришим кераклигини айтди. Мен эса бирор жойда ўқимаганим, ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигимни билдирдим. “Ҳечқиси йўқ, сизда меҳнаткашлик ва энг муҳими тажриба бор. Буёғига хўжалик раҳбари бўлиб ишлайсиз”, деди. Шундан сўнг Нишон туманидаги “Ширинобод” хўжалигида раис бўлиб ишлай бошладим.

Урушдан қайтгандан сўнг ҳам қийналган, бошимга ташвиш тушган, яқин инсонларимни йўқотган вақтларим бўлди. Лекин тинчлик даврида кўрган барча қийинчиликларимни урушнинг ярим соатлик азобига тенг кўрмайман. Бу қаттол урушни биз кўрдик, бошқа авлод кўрмасин. Тилимда ҳам, дилимда ҳам Яратгандан тинчликни абадий қилишини сўраб юраман. Айниқса, мустақилликдан кейинги йиллар юртимиздаги осудалик, хотиржамлик, фаровонликни таърифлашга қиёс йўқ. Биз кексаларга, уруш қатнашчиларига кўрсатилаётган эътиборни айтмайсизми. Ойма-ой нафақамни уйга келтириб беришади. Ҳар йили Хотира ва Қадрлаш куни байрами арафасида Президентимиз мукофотини оляпмиз. Бу йил ҳа доимгидан-да ўзгача бўлди, Юртбошимиз фармони билан 5 миллион сўмдан пул бериляпти. Унинг устига ўзимиз жанг қилган мамлакатларга давлат ҳисобидан сафар қилишимиз, Ялта ва Кисловодскдаги санаторийларда дам олишимиз мумкин бўлди. Яна қайда бор бундай эъзоз, эътибор?!

Ўтган йили Хотира ва Қадрлаш куни байрами муносабати билан пойтахтда ташкил этилган тантанали тадбирда қатнашдим. У ерда Президентимиз Шавкат Мирзиёев билан учрашиб, шахсан мулоқотда бўлдим, юртимиз тинчлиги, халқимизнинг фаровон ҳаёти учун раҳмат айтдим. Аллоҳ у кишига куч-қувват берсин, боши омон бўлсин!

Урушда, ҳаётим қил устида турган лаҳзаларда бугунги дориламон кунлар келишини, шундай фаровон ҳаёт кечиришимизни тасаввур ҳам қила олмаганман. Ҳар тонг невараларимнинг шодон кулгиларини эшитиб, ўзимда йўқ севинаман. Фарзандларимнинг юз-кўзларидаги хотиржамлик, бахтли ҳаёти умримга умр қўшмоқда. Улуғ ёшда ҳам тетик ва бардамлигимнинг сабаби ҳам шунда. Мана шу тинч, осуда ва фаровон кунларимизга илоҳим кўз тегмасин.

ЎзА
10 039