ЎзА Ўзбек

21.08.2018 06:00 Чоп этиш версияси

Яхши ният, эзгу амаллар байрами

Яхши ният, эзгу амаллар байрами Мамлакатимизда муборак Қурбон ҳайити кенг нишонланмоқда.

Бу муборак кунларда ҳамжиҳатлик, дўстлик ва меҳр-оқибат ришталари мустаҳкамланади, Аллоҳ марҳамати ёғилиб, эзгу ниятлар амалга ошади. Мустақиллигимизнинг 27 йиллик тантанаси арафасида нишонланаётган Қурбон ҳайити байрамини ҳамюртларимиз шукроналик билан кутиб олмоқда. 

8.jpg

Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида»ги фармонига мувофиқ улуғ айёмга мамлакатимиз миқёсида қизғин тайёргарлик кўрилди. Бугун бу байрам Мустақиллик тантаналари билан ҳамоҳанг ўтмоқда.

6.jpg

Бағрикенглик, меҳмондўстлик, кечиримлилик ва сахийлик халқимизга хос хислат. Бу инсоний фазилатлар айниқса Қурбон ҳайити кунлари янада ёрқин намоён бўлади. Шу кунларда халқимиз мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли халқчил ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда бунёдкорлик кайфияти билан яшамоқда. Ободлик ва фаровонлик йўлида ҳамжиҳатдир. 

10.jpg

21 август, сешанба тонги ўзгача файзли. Минглаб юртдошларимиз Қурбон ҳайити байрамини муносиб нишонлашга шошилмоқда. Шу куни мамлакатимиздаги 2000 га яқин жомеъ масжидларида Қурбон ҳайити намози ўқилди. Дастлабки маълумотларга кўра, уларда 1,5 миллиондан ортиқ юртдошларимиз саодатли кун ибодатини адо этди. 

2.jpg

Пойтахтимиздаги Ҳазрати Имом жомеъ масжиди ҳам эрта тонгдан юртдошларимиз билан гавжум бўлди.

Қурбон ҳайити намози маърузасида Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган ислоҳотлар, эзгу амаллар мазмун-моҳияти, бугунги тинч ва обод кунларимиз қадри ҳақида сўз борди. 

3.jpg

Қурбон ҳайити маърузасида инсонларга меҳр кўрсатиш, уларнинг ўй-ташвишларини ўрганиб, яхшилик қилиш ғоят савобли тадбирлиги, шу маънода халқимиз саодатли турмуши йўлида амалга оширилаётган эзгу ишлар, уларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши йўлидаги саъй-ҳаракатлар ғоят қадрли экани айтилди.

– Мамлакатимизда янги ислоҳотлар даври жадал кечмоқда. Бу жараёнда ҳар биримиз фаол ва фидойи бўлгимиз келади, – дейди Ўзбекистон мусулмонлари идораси бош мутахассиси Муҳаммад Аюб Ҳомидов. – Истиқлол ва тинчлик – энг олий неъмат. Унинг қадрига етиш, ҳаётимиз янада фаровон бўлиши учун ҳаракат қилиш бурчимиздир. Юртимиздан борган 7 мингдан ортиқ Ҳожиларимиз муборак Ҳаж амалларини бажариб, Аллоҳ таолодан Ватанимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлигини сўраб, шунингдек, юртимизда амалга оширилаётган эзгу амалларга ривож, бошлаган ишларимиз давомли бўлишини тилаб дуолар қилмоқдалар. Бахт ва барака – ҳамжиҳатлик, аҳилликда. Ҳозир қалбимиздан кечаётган барча самимий ниятимиз ижобат бўлсин. 

1.jpg 

Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йил 19 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида ислом динининг асл инсонпарварлик моҳияти ҳақида тўхталиб, жумладан, шундай деган эди: "Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади". 

Ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган алломалар яшаган Ўзбекистон заминида бугун ҳам бу анъана давом этмоқда. Тошкент шаҳрида Ислом цивилизацияси маркази қурилмоқда, Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Термиз шаҳрида Имом Термизий илмий-тадқиқот маркази, Бухорода Мир Араб олий мадрасаси фаолияти ташкил этилди. Буларнинг барчаси фарзандларимизни буюк аждодларимизнинг бебаҳо меросига ҳурмат, соғлом эътиқод руҳида тарбиялашда муҳим асос бўлиб хизмат қилади.

Қурбон ҳайити намозидан сўнг ҳамюртларимиз яқинлари ҳолидан хабар олиш, бир-бирини қутлаш учун йўл олди. Қурбонлик қилинаётган хонадонларга борилди. Барчанинг қалбида бир тилак: Шу азиз Ватанимизга кўз тегмасин. Ҳурлигимиз ва тинчлигимиз, ҳамжиҳатлигимиз мангу бўлсин. Эзгу мақсад билан давом этаётган буюк ишларимизнинг баракасини берсин. Барчамиз соғ-омон бўлайлик.


Оқил Ғуломов олган суратлар

Ғайрат Ширинов, Улуғбек Асроров, ЎзА
13 394