ЎзА Ўзбек

26.01.2017 12:24:58 Чоп этиш версияси

Яхши китоб ва бой кутубхона – маънолар махзанидир

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойишини ўқиб

Ижтимоий-маърифий аҳамиятга эга бўлган ушбу ҳужжат мамлакатимизда таълим муассасалари учун ўқув адабиётлари яратиш ва ўқувчиларга етказишнинг мустаҳкам тизимини такомиллаштириш, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, ахборот-ресурс ва ахборот-кутубхона марказларининг моддий-техник базасини янгилаш, энг муҳими, оилаларда, таълим муассасаларида китобхонлик анъаналарини давом эттиришда муҳим дастуриламалдир.

Буюк аждодларимизнинг жаҳонга танилиши замири ҳам китоб билан боғлиқ. Беруний, Ибн Сино, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Бобур сингари шоиру алломаларимиз мутолаанинг, ўқиб-изланишнинг ҳикматлигини билгани учун китобни улуғлаган. Шундай улуғ аждодлар авлоди бўлган ёшларимизга китобнинг эзгулик ёғдуси эканини ҳар қадамда эслатиш ва фармойишда амалга оширилиши шарт бўлган ишларни бажариш, аслида, ҳар биримизнинг муқаддас вазифамиз бўлмоғи лозим.

Давлатимиз раҳбари томонидан китобхонлик маданиятини шакллантириш масаласи кун тартибига бежиз қўйилмади. Бунинг негизида китобни билиб танлаш, англаб ўқиш, ўқиб амал қилиш туради.

Дунёдаги илғор мамлакатларнинг ҳар тарафлама тараққиёти учун илмий, фалсафий, тарихий, бадиий китобларнинг роли катта бўлгани аниқ. Уч-тўрт йил илгари Берлин шаҳрига илмий сафарга борганимда, кўп қаватли китоб дўконига кириб, турли тиллар ва турли мавзулардаги китобларнинг кўплигидан лол қолган эдим. Дўконда китобхон учун яратилган шароитдан кишининг кўзи қувнайди. Айниқса, ёш болаларда ўқишга меҳр уйғотиш учун дўкон ичкарисида алоҳида жойлар ажратилган, махсус юмшоқ ўриндиқлар, улар ёнида ўйинчоқлар териб қўйилган. Шу даргоҳнинг ўзида бир неча соат ўтириб китоб ўқиш имконияти бор.

Шу нуқтаи назардан мазкур фармойишда бадиий, маърифий, илмий-оммабоп, тарбиявий, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини оширишга қаратилган китобларни чоп этиш, улар билан таълим муассасаларини таъминлаш, миллий ва жаҳон адабиёти намояндаларининг етук асарларини саралаш, таржима қилиш ишлари пухта ўйланган тизим асосида ташкил этилишига берилган эътибор ҳам масаланинг жуда ўринли ва долзарблигидан далолат бермоқда. Китобхонлар талаби ва эҳтиёжи бўйича яхши китобларни кўп ададда, арзон нархларда босиб чиқариш ва оммага етказиш ҳамда китоб савдосидаги барча ишларни муайян тизимга солиш даври келди. Жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини ўзбек тилига ва ўзбек адабиётининг энг яхши асарларини чет тилларига таржима қилиш каби ечимини кутаётган масала ҳам бу тарихий ҳужжатда акс этган. Зотан, жаҳон адабиёти дурдоналарини ўзбек тилига таржима қилиш баробарида бетакрор адабиётимиз намуналари хориж тилларига таржима қилинишидан манфаатдормиз.

Илмдан бебаҳра кўнгил – ожиз, китобсиз уй – ҳамиша қаронғу. Шу каби жамиятни, маънавий муҳитни яхши ва фойдали китобсиз, китобхон ва кутубхонасиз тасаввур қилиб бўлмайди. Минг йиллик маънавий мулкни жамлаган кутубхоналар жамиятнинг кўрки саналади. Китобдан билим, завқ-шавқ ва баҳра олиш одамнинг ботинини, руҳини тозалайди. Яхши китоб ва бой кутубхона – маънолар махзанидир.

Дунёда нанотехнологиялар, электрон дарсликлар, фазовий мулоқотлар, интернет саҳифалар ва билим олишнинг замонавий технологик воситалари ёруғлик тезлигида ўсаётган бўлса ҳам, менинг назаримда, то инсоният бор экан, китобга қизиқиш сўнмайди, эҳтиёж асло йўқолмайди. Чунки инсон ўқиш завқини, қалб ҳароратини, ранглар ҳиссини, юрак зарбини китобдан туяди.

Ҳақиқат тимсоли бўлган, одамнинг тафаккур оламига маънавий-руҳий озуқа берадиган бебаҳо китоблар давр синовларидан ўтади. Табиийки, бундай умрбоқий асарларни бир кунда ёки бир ўтиришда ёзиб бўлмайди. Қолаверса, даврлардан даврларга ўтадиган, дунё аҳлини мафтун этадиган китобларни ҳар ким ҳам ёза олмайди. Фармойишда кўрсатилганидек, истеъдодли ёзувчи-шоирлар иштирокида китоб байрамларини ташкил этиш, танловлар орқали рағбатлантириш – бу талантнинг қадрига етиш демакдир. Чунки коғозни тирилтириш, китобга руҳ ва жон бахш этиш – истеъдод эгаларининг, чинакам олимларнинг, қалби тоза адибларнинг қисмати ва тарихий хизмати.

Айрим китобларнинг “қадрсиз”ланиши, кутубхонага олинган юзлаб нусхадаги баъзи китобларни бирорта ўқувчи ўқимаётгани – бундай ҳақиқатдан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Ёшларнинг интеллектуал савиясини ўстиришга хизмат қиладиган китобларга бўлган талабни ўрганиш, шу жумладан, ижтимоий сўров орқали аниқлаш масаласи ҳам мазкур ҳужжатда ўз ифодасини топган. Хўш, қандай китоблар кўп ўқилади ва, аксинча, қандай китоблар умуман қўлга олинмайди? Кутубхоналарнинг электрон қидирув бўлими маълумотлари, замонавий компьютерлаштирилган абонент хизматларидаги кўрсаткичлар асосида бу саволга осонгина жавоб олиш мумкин. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, қайси мавзуда ёзилганидан қатъи назар, яхши китобга талаб ҳар доим бор ва бундан кейин ҳам бўлади. Тўғриси, ўқилавериб муқоваю ички саҳифалари анча-мунча уриниб қолган, ҳатто титилиб кетган китоб муаллифлари бахтлидир!

Китобдан олинган баҳра кўз-кўз қилинмасдан руҳиятни тозалаш, тўйинтириш ва нурлантириш учун йўналтирилиши лозим. Жамият ва инсон ҳаётига татбиқ қилинган китобларнинг умри узун бўлиб, абадий тириклик сувидан баҳра олади. Яшайди.

Алломалардан бири китоблар дунёсини уммонга ўхшатади. Бу “уммон” бағрига шўнғиб, жавҳарлар жамлаш, чинакам завқ бахтига эришиш, табиийки, одамнинг эстетик дидига, маданиятига боғлиқ. Аслида, умр бўйи мутолаа қилганда ҳам аниқ бир соҳа йўналишидаги китобларни ўқиб тугатиш жуда қийин бўлади. Маданиятли китобхон вақтни ғанимат билиб, жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини топиб, танлаб ўқийди. Чунки бугунги шиддатли замонда турли савияда босилаётган илмий-назарий, тарихий-бадиий китоблар ана шундай танлаш эҳтиёжини тақозо этади.

Ушбу тарихий фармойишда белгилаб берилган вазифалар ижроси замирида китоб ёзиш, чоп этиш, тарғибот қилиш, ўқиш ва ўрганишдек улкан мақсадлар мужассам. Зеро, юксак маданиятли ёш авлодни улкан маънавий қадриятлар асосида тарбиялашдек эзгу ишларда мазкур ҳужжат муҳим асос бўлади.

Баҳодир Каримов,

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва 
адабиёти университетининг Адабиёт назарияси ва замонавий 
адабий жараён кафедраси мудири, филология фанлари доктори.