ЎзА Ўзбек

27.02.2020 Чоп этиш версияси

Яхши инсонлар бор экан, юрт обод бўлаверади

Яхши инсонлар бор экан, юрт обод бўлаверади

Найманлик Эргашбой оғанинг суяги меҳнатда қотди. Тошкент ирригация институтининг гидромелиорация йўналишини битириб, 24 йил қурилишда бўлиб ишлади. 2012–2015 йилларда Боғот туман туман ҳокимининг Капитал қурилиш ва ободонлаштириш масалалари бўйича туман ҳокими ўринбосари вазифасида фаолият юритди.

Икки йилдирки, Хоразм вилояти Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси Боғот туман бўлими бошлиғи сифатида ишлаб келмоқда. Эргашбой аканинг кўп йиллар давомида нафақат туман, балки вилоятнинг иқтисодий ривожланишида қўшган ҳиссаси вилоят раҳбарияти томонидан эътироф этилиб, зиммасига туманда коммунал соҳада кузатилаётган муаммоларни бартараф этиш, аҳолига сифатли хизмат кўрсатишни таъминлаш масъулияти юкланди.

Ҳикоямиз қаҳрамони қурилиш соҳасида кўп йиллар иш бошқарувчи вазифасида фаолият кўрсатгани учун умри оддий ишчилар орасида ўтди. Шунданми, ходимлар билан тез тил топишиб кетди. Ўтган қисқа давр мобайнида самимийлиги ва ташкилотчилиги билан жамоа ҳурматини қозонди. Айни дамда атрофида оғани “устоз”, дея қадрлайдиган шогирдлари талайгина.

Ҳаётда барчанинг кўнглини баравар ололмас экансиз. Қайсидир маҳаллага ичимлик суви олиб кириш учун ойлаб қилган ҳаракатларингиз амалга ошиб, энди кўнглингиз хотиржам бўлиб турганда бошқа маҳалла сув чиқариш муаммоси юзасидан халқ қабулхонасига шикоят қилишга улгурган бўлади, – дейди Э.Авезов. – Аҳоли орасида бизга мурожаат қилмай туриб, бир зумда юқорига арз-дод қиладиганлар ҳам топилади. Нима бўлганда ҳам улар ҳақ. Коммунал соҳасига хизмат кўрсатишни такомиллаштириш бўйича давлатимиз томонидан миллиардлаб пуллар ажратилди. Давлатимиз раҳбарининг ишончини оқлаш, аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш учун астойдил ишлаш бурчимиздир.

Бўлим ходимларидан ташқари, 3 та ширкат ва 1 та таъмирлаш-тиклаш давлат унитар корхонасини бошқариб келаётган раҳбарнинг тасарруфидаги кўп қаватли уйларнинг мулкдорлари ташвишидан бўлак ташвиши йўқдай. 

Сўзим муболағадай туюлиши мумкин. Аммо ҳар кечки овқат маҳали Гулнора опа оила бошлиғини сўраб қўнғироқ қилганида, бу пайтда Эргашбой ака ё томидан чакки ўтадиган уйни таъмирлаш чоғида ишчилар орасида юрган бўлади, ё марказий кўчада тешилган канализация қувурини таъмирлаётган чилангарлар ишини ўзи назорат қилаётган бўлади. Ана шунақа, қаҳрамонимиз болалигидан отаси таъкидлагандай: “Ўз касбига меҳр бериб ишлайди, йўқса, йиғиштиргани маъқулроқ!” деб ҳисоблайди.

60 ёшни қоралаётган раҳбар шижоатда ёшларга ўрнак бўлса арзигулик. Ҳеч вақт майдалашмайди, бўладиган ишни бўлдириш пайида бўлади. Миришкор қишлоғидаги Маънавият маҳалласида бир фуқаро ичимлик суви муаммоси бўйича мурожаат қилади. Маълум бўлишича, маҳалла ўтган йили аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш дастурига киритилмай қолган экан. Эргашбой ака бошчилигида 320 метр қувур тортилиб, муаммо бартараф этилди.

Боғотлик оғанинг фазилатлари ҳақида гапирадиган бўлсак, 1996 йилда ташкил этган хусусий корхонаси – бетон заводи туманда ягона плита, соколли блок ишлаб чиқарадиган корхонадир. Ўтган йил давлатдан кредит олиб, Хитойдан технологиялар олиб келди. Корхона тендерда ютиб, таълим муассасалари реконструкциясини амалга оширади. Эътиборлиси, Эргашбой ака тумандаги 150 нафар кишини иш билан таъминлади, шундан 25 нафари доимий ишчилардан иборат.

Оғанинг корхонаси қатор хайрли ишларга бош бўлди. Маҳалла масжиди қурилиши, қабристонни ободонлаштириш, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш шулар жумласидандир. 2015 йилда Эргашбой ака Найман канали бўйидаги 50 сотихли қаровсиз ерни ободонлаштириш мақсадида ишнинг кўзини биладиган тадбиркорларга таклиф ҳақида архитектор Нурулла Қурбоновга маслаҳат солди. Буни қарангки, вақт ўтиб, ер ижара аукционида сотилди. Эндиликда, биринчи электрон ер савдоси сабаб, қаровсиз ер ўрнида автомашиналарни ювиш шохобчаси, чойхона, сартарошхонадан иборат аҳолига хизмат кўрсатувчи манзил қад ростлади. 

Ўша куни кечгача иш билан машғул бўлган бошлиқнинг хаёлидан отасининг сиймоси кетмади. Пойтахтдаги нашриётларнинг бирида отаси – колхозда раислик қилган ва бевақт ўлим туфайли 48 ёшида ҳаётдан кўз юмган Олланазар Авез ўғлининг умр йўлини ёритувчи “Ибратли манзиллар” китобининг чоп этилиши отанинг фарзандлари ва набиралари кўнглига қувонч бағишлади. Эргашбой ака ҳар гал бирор мувафаққиятга эришса ёхуд муҳим ишни бошламоқчи бўлса, ўша кеча тушида отасини кўради. 2019 йил Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш ходимлари куни муносабати билан Самарқанд шаҳрида тантанали маросимда “Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш аълочиси” эсдалик нишони билан тақдирланган куни ҳам отасини туш кўрганди. Юзларидан нур ёғилиб, жилмайиб турган ота фарзандининг бошлаган ишига хайрихоҳдек кўриниш беради.

Шу куни кечки овқатдан сўнг дастурхон бошида отанинг ҳақига тиловат қилинди. Ўзидан эл корига ярайдиган зурриётлар қолдирган инсоннинг дунёдан ўтиб кетганига қарамай, орқасидан дуолар қилиб тургувчилари бор. Орамизда ана шундай бағрикенг, саховатпеша, самимий инсонларнинг борлигидан кўнглимиз ғурурга тўлади. Зеро, яхши инсонлар бор экан, юрт обод бўлаверади.

Нурбек НУРАЛИ ўғли

1 301
ЎзА