ЎзА Ўзбек

26.03.2020 Чоп этиш версияси

Яхши амал, эзгу ният инсон кўркидир

Яхши амал, эзгу ният инсон кўркидир

Бағрикенглик, меҳмондўстлик, кечиримлилик ва сахийлик халқимизга хос хислат. Бу инсоний фазилатлар, айниқса, айни кунларда янада ёрқин намоён бўлмоқда.

Шу кунларда халқимиз қалбида ваҳимани кучайтираётган коронавирус касаллигига қарши санитария-гигиена қоидалари амал қилиш қанчалик муҳим бўлса, ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларни холидан хабар олиш ҳам ана шунчалик зарур эканлигини англаш қийин эмас. Ободлик ва фаровонлик йўлида қанчалик ҳамжиҳатлик билан ҳаракат қилсак, коронавирус ваҳимасидан ҳам холи бўлиш учун ҳам бирдамликда ҳаракат қилишимиз зарур.

Томорқасидаги олма кўчатларини зимдан кузатиб турган бобонинг ҳаёлини набирасининг “Бобожон, ана қаранг депутат бобо келдилар, бизга совға олиб келибдилар” деган жарангдор овози бузди. Одмигина кийинган, ҳар сафар келганда остонада қўли кўксида жилмайиб турадиган бу инсон отахон учун азиз бўлиб қолган. Меҳмон салом-аликдан сўнг, отахонни юртимиздаги янгиликлардан хабардор қилиб, яна йўлга отланди.

Шу кетишда 131 та хонадонга кириб, уларнинг холидан хабар олган Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгаши депутати Хайитали Алламуродов кўз ўнгида раҳматли отасининг сиймоси пайдо бўлди. Унинг “Ўғлим, ҳеч қачон яхшилик қилишдан, атрофдагиларга меҳр улашишдан ўзингни тийма. Яхши ният, эзгу амал инсоннинг кўркидир” деган сўзларини эслади.

Мана бугун ҳам Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгаши депутат Хайитали Алламуродов Термиз туманининг “Тинчлик”, “Қаҳрамон”, “Нурли Диёр”, “Қўнғирот”, “Алишер Навоий” сингари 12 та маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, ижтимоий кам таъминланган, ногиронлиги бор оилалар холидан хабар олиб, уларга рўзғор учун зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини тарқатди.

– Тўғрисини айтсам, Хайитали Алламуродов ҳақида депутат бўлишидан аввал, тадбиркорлик билан шуғулланиб юрган вақтида эшитганман, – дейди “Қаҳрамон” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Холбиби Юсупова. – Депутатликка номзодини қўйганлигини эшитиб, “Бу ҳам ҳеч кимга ёрдам бермаса керак, шунчаки, депутат бўлгиси келганда” деган хаёлга борган эдим. Сиёсий жараён вақтида Х.Алламуродовнинг учрашувида иштирок этиб, юқоридаги фикрларим асоссиз бўлганига амин бўлдим. Навбати билан ҳар бир хонадонга кириб, улардан хабар олади. Камини тўлдиради. Муаммосини тинглаб, бартараф этишга кўмаклашади. Сўзи ва ҳаракати бир-бирига мутаносиб бўлган Х.Алламуродовга сайловда овоз берганимга афсусланмайман. Инсонлар, аниқроғи сайловчилари билан суҳбатлашиб чарчамайдиган, уларнинг ҳолидан хабар олиб, таклиф ва муаммоларини диққат билан тинглайдиган депутатимизнинг иш фаолиятига омад тилайман.

Дарҳақиқат, хайр-саховат ишлари қалбни ёритади. Эл-юртимизнинг маънавий ҳаётида беқиёс ўрин эгаллаб, жамиятимизда ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва бағрикенглик тамойилларини янада мустаҳкамлаб шукроналик ҳислари қалбларимизни нурафшон қилади.

– Инсон кўнгли гулдан-да нозик. Ана шу кўнгилга ўз вақтида қувонч, меҳр бериб, унга ғамхўрлик кўрсатолсак биздан бахтли инсон бўлмайди, – дейди Хайитали Алламуродов. – Аслида одам фарзандига жуда кўп нарса керак эмас. Бор-йўғи вақтида кўрсатилган эътибор ёки самимий табассумнинг ўзи қалбдаги юз йиллик музни эритишга хизмат қилади. 

Ана шу ақидага амал қиладиган қаҳрамонимиз ташаббуси билан Термиз туманидаги “Нурафшон”, “Янги ҳаёт”, “Янгиобод”, “Орол”, “Тинчлик” маҳалла фуқаролар йиғинларидаги 22 километр узунликдаги ички йўллар таъмирланиб, тош тўкилди.

Термиз тумани “Учқизил” ва “Янги ҳаёт” МФЙ аҳолиси билан бўлган учрашувда фуқаролар маҳалладаги мавжуд муаммоларни бартараф этишда депутатдан ёрдам сўрашди. Электр энергияси, табиий газ, тоза ичимлик суви, сув оқими бекилиб қолган зовурларни тозалаш каби ижтимоий муаммолар кўтарилди. “Янги ҳаёт” ва “Нурафшон” маҳалла фуқаролари ўтиб қайтиши учун канал устига кўприк ўрнатилишида амалий ёрдам сўраб мурожаат қилганлар ҳам бўлди. Учрашув давомида депутат Хайитали Алламуродов бекилиб қолган зовурларни тозалаш, канал устига кўприк қуришни ўз зиммасига олди.

Нигина ШОЕВА,
журналист

3 055
ЎзА