Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

21.09.2017 18:24 Чоп этиш версияси

Ягона Ватан фарзандларимиз

Мамлакатимизда турли миллатлар вакилларининг тинч-тотув, аҳил-иноқ ҳаёт кечириши, меҳнат қилиши, дам олиши, илм эгаллаши, истеъдоди ва салоҳиятини тўла намоён этиши учун барча имкониятлар яратилган. Президентимиз ташаббуси билан қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам юртимизда миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилган.

Фарғона вилоятида турли миллат вакиллари тотув-иноқ ва ҳамжиҳатлик муҳитида яшаб, юртимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлиги йўлида сидқидилдан меҳнат қилмоқда. Уларнинг ўз она тилида билим олиши, миллий санъати ва анъаналарини давом эттириши учун барча шароит яратилган. Вилоятда бугунги кунда 7 миллий маданий марказ фаолият кўрсатмоқда. "Ўзбекистон – умумий уйимиз", "Шу азиз Ватан – барчамизники!", "Ягона ва аҳил оилада" мавзуларида дўстлик фестиваллари, ижодий танловлар, фото ва бадиий кўргазмалар ўтказилмоқда.

– Гўзал ва бетакрор Ўзбекистоннинг рус миллатига мансуб бахтли фарзандиман, – дейди Фарғона шаҳридаги “Гулзор” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Галина Шороких фахр билан. – Халқимиз ниҳоятда меҳмондўст, бағрикенг, кўнгли очиқ. Ана шундай меҳр-оқибатли, саховатли кишилар билан елкама-елка меҳнат қилиб, бир оиладек яшаб келаётганимга, мана, етмиш йил бўлди. Фарзанду набираларим ҳам бағрикенг инсонлар орасида, тинч ва осуда диёрда туғилиб камолга етди. Ватанимиз равнақи йўлида хизмат қилмоқда. Озод ва обод Ўзбекистонимизда барча фуқаролар учун илм олиш, ишлаш, фаровон яшашга яратилган кенг имкониятлар халқимизни янада жипслаштиради, улкан бунёдкорлик ишларига ундайди.

Дарҳақиқат, 35 йил мусиқа фанидан ёшларга сабоқ берган Галина ая ҳамиша маҳаллий аҳолининг турмуш тарзи, урф-одатларига амал қилди, маҳалла-кўй, эл-юрт олдида ҳурмат-эътибор топди. Айниқса, унинг шонли саналар, байрамлар ва ҳашарларда барчани бир дастурхон атрофида жамлаб, уларни юрт равнақи, ободлигию осойишталиги йўлида бел боғлашга чорлаб келаётгани Ватанига муҳаббатидан далолатдир.

– Маҳалламизда 14 миллат вакиллари тинч-тотув яшаб келмоқда, – дейди "Гулзор" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Абдували Мадорипов. – Улар ўзаро қуда-анда тутиниб, тўю томошаларни бир-бирларининг миллий урф-одатлари, анъаналарини ҳурмат қилган ҳолда ўтказишга, байрамларни биргаликда нишонлашга одатланган. 3 мингдан зиёд аҳолининг 40 фоизи ёшлардир. Шу боис ўғил-қизларни умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, улар онгига миллатлараро дўстлик, бағрикенглик тушунчаларини сингдиришга алоҳида эътибор қаратамиз. Яқинда “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” шиори остида “Биз аҳил ва иноқ оила фарзандларимиз”, “Онам ёпган ширин кулча” мавзуларида ёшлар фестивали ўтказилди. Байрамолди барча кўп қаватли уйлар йўлаклари, болалар майдончалари ҳашар йўли билан тартибга келтирилиб, ҳудуд ободонлаштирилди. Фестивалда барча миллат ва элат вакиллари фаол қатнашиб, миллий либослари, куй-қўшиқлари, урф-одат ва анъаналарини намойиш этди. Уйлар атрофидаги махсус жойларда тандирлар қурилиб момолар нон ёпди, жажжилар эса кулчаларни қўни-қўшнилар, яқинларга улашди.

Ҳа, “Гулзор”да ҳар бир байрам шундай кўтаринки кайфиятда уюшқоқлик билан ўтказилади. Ёз ойларида татарларнинг “Сабантўй”, корейсларнинг “Тано” байрамлари ҳам катта тантана билан нишонланди.

Маҳалладаги қайси оилага кириб, одамлар билан суҳбатлашманг тадбиркорлик, ҳунармандликни ривожлантириш борасида фикр юритади. Аҳроржон Умаров ва рус қизи Лариса Лагинова асос солган “Файхонтекс” оилавий корхонаси ўн бешга яқин хонадон даромади ошишига хизмат қилаётган бўлса, Ноила Акбарова ташкил этган тикувчилик тармоғи ўзбек, рус, тожик, татар, корейс, қирғиз миллати ёшларининг “устоз-шогирд” анъаналари асосида ҳунар ўрганишларига ёрдам бераётир. Атрофига ўндан зиёд маҳалла хотин-қизларини бирлаштирган мазкур тармоқда айни кунда турли халқларнинг миллий либослари тайёрланиб, харидорларга етказилмоқда. Йиғин раисининг айтишича, бирдамликда олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар натижасида хонадонларда фаровонлик таъминланиб, жиноятчилик, ҳуқуқбузарлик, оилавий ажрим ҳолатлари барҳам топмоқда.

– Урушнинг оловли йилларида яқинларимдан айрилиб, бу ерга келганимга ҳам ярим асрдан ортиқ вақт ўтди, – дейди маҳалла фаоли, арман миллати вакили Иззат Адиев. – Бизга бир бурда нон, иссиқ жойини берган бағрикенг Ўзбекистонда яшаб, кексалик гаштини сураётганим учун Яратганга шукроналар айтаман. Хориждаги қариндошларим билан телефон орқали гаплашиб қолсам, ёнларига кўчиб боришимни кўп сўрашади. Мен эса уларга бундай жаннатмонанд юртни, айниқса, кексаларга алоҳида ҳурмат-эҳтиром кўрсатадиган инсонларни, дастурхони ҳамиша тўкин-сочин қўни-қўшнию маҳалладошларни ташлаб кетолмаслигимни айтиб, рад этаман. Ахир булар менинг оила аъзоларимдек қадрдон бўлиб қолган-да.

Ўзбекистон барчамиз учун ягона, азиз ва муқаддас Ватан. Юртимизда истиқомат қилаётган барча миллат вакилларининг мақсади битта, у ҳам бўлса, Ватанимиз тинчлиги ва равнақига камарбаста бўлиш. Зеро, тинчлик ва аҳиллик бўлган жойда тараққиёт бўлади.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
2 760






Все о погоде - Pogoda.uz