ЎзА Ўзбек

16.10.2012 16:36 Чоп этиш версияси

Ягона ватан фарзандларимиз

“Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар”.

(Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, 18-моддасидан).

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда олиб борилаётган оқилона сиёсат туфайли барча миллат вакилларининг тинч-тотув, фаровон ҳаёт кечириши, меҳнат қилиши, дам олиши, илм эгаллаши, ўз салоҳияти ва иқтидорини тўла намоён этиши учун барча имкониятлар яратилган.

Бугунги кунда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари аҳил-иноқ яшаётган Ўзбекистонимизда дўстлик, ўзаро тотувлик, барқарор тинчликнинг асоси бўлган ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик фазилатлари тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Юртимизда яшаётган барча халқларнинг миллий анъана ва урф-одатлари қадр топиб, уларни янада ривожлантириш учун пухта замин яратилди. Юздан ортиқ миллий маданият марказлари ҳам ана шу йўлда самарали фаолият кўрсатмоқда.

Оролбўйи минтақасида аҳил-иноқ истиқомат қилаётган турли миллат вакиллари ҳам ҳудуднинг иқтисодий ривожланишига, аҳолининг турмуш маданияти юксалишига, юрт ободлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

– Биз шу юртда туғилдик, шу тупроққа киндик қонимиз тўкилган, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси туркман миллий маданият маркази раҳбари Марат Тоғанмуратов. – Ота-боболаримиз ҳам шу ерда умргузаронлик қилган, фарзандларимиз шу юртда униб-ўсиб, билим, касб-ҳунар эгаллаб, она Ватанимиз корига яраётганидан ҳурсандмиз. Мактабда болаларимиз туркман тилида ўқийди, “Макан” номидаги газетамиз мунтазам чоп этилмоқда, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида туркман тили ва адабиёти фани ўқитувчилари тайёрланмоқда. Юртимиз тинч, турмушимиз фаровон, дастурхонимиз тўкин...

– Юртимизда яшаётган халқлар бир-бири билан қуда-анда, қариндош бўлиб кетган, – дейди қозоқ миллий маданият маркази фаоли, Шуманай туманидаги “Мамий” овул фуқаролар йиғини раиси Кенжебой Атаниязов. – Овулимиздаги 370 га яқин оилада турли миллатга мансуб аҳоли аҳил яшайди. Уларнинг бугунги кундан кўнгли тўқ, келажакка ишончи мустаҳкам.

– Мен Чимбой туманида ўқитувчилар оиласида туғилиб ўсганман, – дейди нукуслик Александр Борисович Хван. – Ўзимни шу юртнинг фарзанди деб биламан. Тошкент политехника институтини муҳандис-энергетик мутахассислиги бўйича тугатиб, Тахиатош иссиқлик электр станцияси ва “Қорақалпоқ электр тармоқлари” корхонасида ишладим. Бир ўғил, бир қиз, шириндан-ширин невараларимиз бор. Озод ва обод Ўзбекистонимизда барча фуқаролар учун илм олиш, ишлаш, фаровон яшашга яратилган кенг имкониятлар халқимизни янада жипслашишга ундайди, улкан бунёдкорлик ишлари сари етаклайди.


ЎзА, А.Ортиқбоев
15 828