ЎзА Ўзбек

08.01.2018 11:37 Чоп этиш версияси

Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг янги талқини (my2.gov.uz) қандай афзалликларга эга?

«Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантириш маркази томонидан интерактив ва автоматлаштирилган давлат хизматларини мувофиқлаштириш тартиби жорий этилди. У Ягона интерактив давлат хизматлари портали – ЯИДХП 2.0 (my2.gov.uz)нинг янги талқинида тақдим этиладиган барча хизматларга тегишлидир.

Бу муайян тур хизматларини тақдим этишга жалб қилинган ташкилотлар ва мутахассислар сонини қисқартириш, хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш, ариза беришдан то якуний натижагача сарфланадиган вақтни тежаш имконини беради.

«Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантириш маркази маълумотларига кўра, айни дамда Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг янги талқини 60 турдаги интерактив ва автоматлаштирилган хизматни тақдим этмоқда. Бу хизматлар аҳоли, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари орасида кенг оммалашмоқда. ЯИДХП 2.0 да рўйхатдан ўтган фаол фойдаланувчилар сони ҳам тобора ортиб, 10 000 дан кўпроқни ташкил қилмоқда. Порталнинг янги талқини илгаригисидан тақдим этилаётган хизматлар сифати ва самарадорлигининг юқорилиги, илғор технологик ечимлар кенг жорий этилгани, хизматлар оптималлашгани ва автоматлаштирилганлиги билан фарқ қилади.

Фаолият юритаётганига уч йилдан ошган Ягона интерактив давлат хизматлари портали ҳозирда 308 хил давлат хизматини кўрсатмоқда. Бу хизматларнинг 176 хили тўла интерактив ва автоматлаштирилган, қолганлари эса фақат маълумот олиш ёки ариза бериш учун мўлжалланган.

Хизмат кўрсатиш чоғида тушган ва яратилган ҳужжатлар миқдори, жалб этилган ташкилотлар ва мутахассислар сони, ўтказилаётган операция ва муолажалар рўйхатини қисқартириш каби 12 параметр бўйича амалга ошириладиган хизматларни мувофиқлаштириш тартибининг жорий этилиши вазиятни тубдан ўзгартирди. Бу ишлаб чиқилган регламент асосида юксак даражада ривожланган интерактив ва автоматлаштирилган хизматларни жорий этиш имконини беради. Нафақат янги хизматлар, балки ЯИДХПда бир неча йилдан буён тақдим этиб келинаётган олдинги давлат хизматлари ҳам мувофиқлаштирилмоқда.

Мувофиқлаштириш тартиби жорий этилиши натижасида турли идораларга бориш ва давлат хизматчилари билан бевосита мулоқот қилишга зарурат қолдирмайдиган транзакция хизматларига тўлиқ ўтилиши кутилмоқда.

Роман Бондарчук, ЎзА
12 983