ЎзА Ўзбек

13.08.2019 Чоп этиш версияси

Ягона интерактив давлат хизматлари портали: янада осон ва қулай

Ягона интерактив давлат хизматлари портали: янада осон ва қулай

Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг янги версияси учун янгича интерфейс ишлаб чиқилди, унинг кўплаб функция ва имкониятлари янада яхшиланди.

«Uzinfocom» МЧЖ бош директори Э.Гимроновнинг сўзларига кўра, порталнинг ишга туширилиши фуқароларимиз томонидан ижобий қабул қилиниб, у аҳоли ўртасида оммалашди. Бироқ вақт ўтиши билан у давлат органлари билан ишлаш воситасидан шикоятлар дафтарига айланиб қолди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси ташкил этилиши билан Ягона интерактив давлат хизматлари портали ўзининг асосий вазифаси – жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматларини тақдим этиш билан шуғуллана бошлади. Айни дамда порталда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, жойлардаги давлат ҳокимияти органларига сўров юборган фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг мурожаатларини кўриб чиқишга алоҳида эътибор қаратилади.

Порталдаги жорий ўзгаришлар АКТни янада ривожлантириш ва уни иқтисодиёт ва аҳолининг ижтимоий ҳаётига жорий этиш, давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш, бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, давлат хизматларидан фойдаланишни соддалаштиришга қаратилган.

Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг энг асосий ўзига хос жиҳати унинг мослаштирилган содда дизайнидир. Бунда фойдаланувчи алоҳида ўз компьютерига эга бўлиши шарт эмас. У ўз смартфони ёки планшетидан фойдаланган ҳолда, бир марта авторизациядан ўтиши кифоя. Порталнинг янгиланган функцияси фойдаланувчининг давлат хизматларидан фойдаланиши, зарур ахборотни топиши, бизнесга доир масалаларни тезкор ҳал этиши учун кенг имкониятларни тақдим этади.

Порталнинг янги талқинида, эскисидан фарқли ўлароқ, идентификация қилиш ягона тизимида мажбурий равишда авторизация қилинмасдан туриб, барча давлат хизматлари билан танишиш имконияти яратилган. Аҳолининг керакли давлат хизматларини янада осон ва қулай топишига кўмаклашиш мақсадида “Ҳаётий вазиятлар” бўлими ташкил этилган. Унда алоҳида вазиятларга тааллуқли давлат хизматлари ўз аксини топган. Масалан, “Фарзанд туғилиши” деб номланган блокда тегишли маълумотларни беришдан тортиб, моддий ёрдам олишгача бўлган, шу воқеа билан боғлиқ барча давлат хизматлари жам бўлган. “Тўй” блоки орқали ФҲДЁга ариза бериш ва давлат божини тўлаш мумкин. Шу тариқа аҳоли дуч келадиган ҳаётий вазиятларни имкон қадар кўпроқ қамраб олиш ва керакли хизматларни топишни максимал даражада осонлаштириш режалаштирилмоқда. Маълум бир янги хизмат тури пайдо бўлса, у тегишли блокка қўшиб қўйилади.

Янгиланган версияда рўйхатдан ўтиш жараёни нафақат соддалаштирилди, балки бутунлай автоматлаштирилди. Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг янги талқини амалдаги сайтнинг осонлаштирилган варианти бўлиб, у янада қулай интерфейс ва портал хизматларидан ортиқча уринишларсиз фойдаланиш имкониятини тақдим этади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги ҳузуридаги Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази ҳамда «Uzinfocom» ягона интегратори фуқаролардан портални ривожлантиришда фаол иштирок этиши ва лойиҳани ривожлантиришга доир таклиф ва мулоҳазаларини юборишини сўраб қолади.

6 335
Роман БОНДАРЧУК, ЎзА