ЎзА Ўзбек

26.07.2018 16:21 Чоп этиш версияси

Ядро энергетикаси ривожида янги давр бошланди

Ядро энергетикаси ривожида янги давр бошланди
Мирзо Улуғбек шаҳарчаси ташкил этилган даврдан бошлаб физиклар маскани бўлиб келган. Бу ерда фаолият олиб бораётган Ўзбекистон Фанлар академияси Ядро физикаси институтида кўплаб тадқиқотлар олиб борилган, яратилган илмий ишланмалар ҳаётга татбиқ этилган.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 17 февралдаги “Фанлар академияси фаолияти, илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, бошқариш ва молиялаштиришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори иқтисодиётнинг инновацион ривожланишида академик фаннинг аҳамиятини янада ошириш, Фанлар академиясининг нуфузини юксалтириш, унинг таркибидаги илмий-тадқиқот институтлари фаолиятини такомиллаштиришда янги босқични бошлаб берди.

Ядро физикаси институти ҳам ушбу қарорга мувофиқ қисқа даврда илгариги мавқеини тиклаш, фундаментал, амалий ва инновацион илмий тадқиқотларни тизимли йўлга қўйиш бўйича ўз йўналишларини белгилаб олди. Бу борадаги мақсадларни амалга ошириш учун институтда бой илмий салоҳият, қимматли моддий-техник база ва технологик имкониятлар мавжуд.

Институтда ҳозирги кунда ядро физикаси, қаттиқ жисмлар радиацион физикаси ва наноматериаллар, ядровий аналитика, умумий ва амалий радиокимё ҳамда илмий асбобсозлик йўналишларида фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар олиб борилмоқда. Барча изланишлар илмий лабораториялар ва илмий-тадқиқот ядро реактори, У-150 циклотрони, НГ-150 русумли нейтрон генератори, гамма қурилмаси, Республика марказий изотоп лабораторияси, электрон тезлатгич, радиоактив чиқиндиларни тозалаш хизмати базаларида амалга оширилмоқда.

Айни пайтда Ядро физикаси институти таркибида “Радиопрепарат”, “Радиоактив чиқиндиларни кўмиш республика пункти” давлат корхоналари, “Тезлатгич” масъулияти чекланган жамияти ва тажриба заводига эга Конструкторлик бюроси фаолият юритмоқда. Институт АҚШ, Австралия, Россия, Хитой, Канада, Бразилия, Аргентина, Германия, Япония, Жанубий Корея, Ҳиндистон каби мамлакатлардаги илмий-тадқиқот муассасалари билан самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Бугунги кунда институтда 2 академик, 15 фан доктори, 52 фан номзоди ҳамда 60 ёш илмий ходим беш йўналишда фаолият олиб бормоқда.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Фанлар академияси Ядро физикаси институтига ташрифи чоғида мамлакатимизнинг қисқа вақтда юқори иқтисодий кўрсаткичларга эришиши учун олимларга қўйилаётган талаблар, илм-фаннинг таълим ва ишлаб чиқариш билан интеграциясини ривожлантириш масалалари тўғрисида дастурий маъруза қилди.

Президентимиз ўз нутқида сўнгги вақтларда соҳага доир қабул қилинган фармон ва қарорлар мазмун-моҳияти, жумладан, Ўзбекистонда атом энергетикасини ривожлантириш, электр энергияси ишлаб чиқариш қувватини кескин кўпайтириш, шиддат билан ривожланаётган иқтисодиёт тармоқларини энергия билан барқарор таъминлаш ва аҳолининг эҳтиёжини тўлалигича қоплаш масалалари ҳақида гапирди.

Асосий вазифалардан бири олимлар яратган ишланмаларни иқтисодиёт тармоқларига кенг татбиқ этиш ва буни амалга ошириш учун шарт-шароит, рағбатлантириш механизмлари, яъни имтиёзлар яратиш экани таъкидланди. Шундай имтиёзлардан бири – бу ишлаб чиқаришга илмий ишланма татбиқ қилинган тақдирда маблағнинг 40 фоизи муаллифга, 30 фоизи ҳаммуаллифларга ажратилишидир.

Шуни айтиш жоизки, илм-фанга, инновацион фаолиятга ҳали бундай эътибор бўлмаган. Бундай ёндашув энди олий ўқув юртларида малакали мутахассислар тайёрлаш, ҳар бир илмий ишга маҳсулот сифатида қараш кўникмасини шакллантиришда муҳим омил бўлади. Албатта, бунга ўз-ўзидан эришиб бўлмайди. Давлатимиз раҳбари бунинг учун мактабгача таълим муассасаларидан то олий ўқув юртларигача бўлган барча босқичларда илмга чанқоқ, фидойи, ватанпарвар ёшларнинг қобилият ва салоҳиятидан самарали фойдаланиш бўйича мукаммал тизим яратиш кераклиги, академик фан соҳаларида фундаментал изланишларнинг амалий натижалари асосида инновацион ечимларни ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этишни изчил йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлади.

Мулоқот чоғида илм-фанни узвий ривожлантириш ва фан ютуқларини одамлар турмуш тарзида акс эттириш йўлидаги асосий вазифалар белгилаб берилди, олимларнинг таклифлари тингланди.

Президентимиз Ядро физикаси институтида олиб борилаётган ишлар ва янги режаларга алоҳида тўхталди. Россиянинг “ММФИ” миллий тадқиқот ядро университети” федерал давлат олий таълим муассасаси филиалини ташкил этиш, институтни замонавий, техник кўрсаткичлари ва барқарорлиги билан ажралиб турадиган мусбат зарядли заррачаларни тезлаштирувчи қурилма – циклотрон билан жиҳозлаш ҳақидаги хабарлар биз, олимларни қувонтириб юборди.

Дарҳақиқат, янги филиал ядро тадқиқотлари учун малакали кадрлар тайёрлаш ва атом энергетикаси бўйича бошланган ишларни сифатли амалга ошириш имконини беради. Циклотронни ишга тушириш натижасида ядро физикасининг долзарб йўналишларида илмий изланишлар олиб бориш билан бирга, тиббиёт муассасалари учун зарур радиоизотоп ишлаб чиқарилиб, унга бўлган эҳтиёж тўлалигича қондирилади. Бундан ташқари, радиоизотоп маҳсулотлари 2-3 хилга ортиб, экспорт ҳажми янада кенгаяди.

Институтнинг тез орада замонавий электрон тезлатгич қурилмаси билан жиҳозланиши нафақат ядро физикаси, балки қаттиқ жисмлар физикаси ва материалшунослик йўналишларида ҳам илмий изланишлар олиб бориш ва эришилган натижаларни иқтисодиёт тармоқларида кенг қўллаш имкониятини яратади. Мазкур қурилма ёрдамида мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган тиббий асбоб-анжомлар юқори даражада зарарсизлантириб берилади. Шунингдек, қурилма қаттиқ материаллардан тайёрланган маҳсулотларнинг фойдаланиш муддатини узайтириш, нефть ва газ қудуқларини қазиш, бурғулаш жиҳозлари мустаҳкамлигини оширишда кенг қўлланилади. Бир сўз билан айтганда, институтга бундай қурилма келтирилиши бежиз эмас.

Давлатимиз томонидан берилаётган бундай юксак эътибор ўз даврида уч мингдан зиёд ходим ишлаган Ядро физикаси институтида йўқолиш даражасига келиб қолган ядро физикаси ва технологияси, радиацион физика ҳамда радиокимёвий йўналишларни тиклаш имконини беради. Президентимиз билан олимларнинг учрашувида белгиланган вазифаларнинг амалга ошиши илм ва амалиёт ўртасида алоқани мустаҳкамлаш, фундаментал илмий изланишлар натижаларини ҳаётга изчил татбиқ этиш, иқтисодиётимизни ривожлантиришда муҳим омил бўлади.

Манноб Ташметов,
Ўзбекистон Фанлар академияси
Ядро физикаси институти
директори ўринбосари.

ЎзА
5 037