ЎзА Ўзбек

06.08.2020 Чоп этиш версияси

Йўқотилган ишонч

Йўқотилган ишонч

Адолат мезонлари барча учун баробар бўлмоғи лозим, у хоҳ оддий фуқаро бўлсин, хоҳ мансабдор шахс. Шу жумладан, ҳуқуқ ҳимоячилари – адвокатлар ҳам қонуннинг муқаддас чегараларини бузишга зинҳор ҳақли эмаслар. Лекин қонун ҳимояси учун бел боғлаган инсоннинг ўзи ҳуқуқ ҳимоячиси ниқобида қонунни поймол қилиб турса... Виждонни савдолашиб, ҳақиқатни сотиб олишга уринса... Бундан ёмони борми? Афсуски ҳаётда шундайлар ҳам учраб туради.

Темирйўл соҳасида ишлайдиган фуқаро бир гуруҳ ҳамкасблари билан 2019 йил 8 октябрь куни Самарқанд шаҳрига сафар қилишади. Манзилга етиб келгач, улар шаҳар айланишга ошиқишади. Ҳам саёҳат, ҳам тижорат деганларидек, шаҳардаги савдо дўконларидан 62 миллион сўмга 5 қути жами 7 минг 500 дона тамаки маҳсулотларини харид қилишади.

Олишга олиб, ўйланиб қолишади, хўш уларни керакли манзилга қандай қилиб бехавотир етказса бўлади? Бу савол ҳам уларни кўп ўйлантирмайди. Самарқанд шаҳри вокзалида ишловчи дўсти уларнинг жонига оро киради. Маҳсулотлар аввал унинг хизмат хонасига, кейин вагонларни электрга улайдиган бўлимга олиб бориб жойлаштирилади. Ҳаммаси хамирдан қил суғургандек осон битаётган бир пайтда воқеага темир йўл назоратчиси гувоҳ бўлиб қолади ва тегишли жойга мурожаат қилади.

Эртаси куни “айбдорлар” Самарқанд вилояти ИИБ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлинмасига чақирилади. Воқеага янада ойдинлик киритилади: Қаҳрамонимиз тамаки маҳсулотлари ўзига тегишли экани, уларни Қозоғистон Республикасига сотиш ниятида бўлгани, бу ишда бошқа шериклари йўқлигини айтиб, “айб”ини тан олади.

Шунга кўра, унга нисбатан ЖКнинг 1861- моддаси 2 қисми “а, г” бандлари билан айблов эълон қилинади ва муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақида тилхат эҳтиёт чораси қўлланилади.

Унинг 2019 йил 11 декабрь куни тергов бўлинмасига навбатдаги ташрифида терговчи Ш.Ҳасанов ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилгани, ўзига ҳимоячи топиши кераклигини маълум қилади. Лекин қисқа вақтда Тошкентдан ҳимоячи чақиришнинг имкони йўқ эди. Шунда терговчи агар у рози бўлса, Самарқанд шаҳридан ҳимоячи чақириб беришни таклиф этади.

Ушбу суҳбатдан бироз вақт ўтиб, терговчи таклиф этган адвокат “айбдорнинг” қаршисида ҳозир бўлади. У 2019 йилдан буён Самарқанд шаҳридаги “Самарқанд қонунчилари” адвокатлар ҳайъатининг адвокати лавозимида фаолият юритиб келаётган «Ж.А.» эди.

Адвокат жиноят иши ҳужжатлари билан танишиб чиқиб, оғир хўрсинади ва бош чайқайди:

- Жазоси оғир бўлиши мумкин, уюшган жиноятчилик деб малакаланаяпти, “групповой” кетишларинг мумкин. Агар гуруҳ бўладиган бўлсанг, ҳар биринг энг кам ойлик иш ҳақининг 400 баробаридан 600 баробаригагача тўлайсан. Лекин ҳамма нарсани ҳал қилса бўлади, фақат... Бориб дўстларинг билан гаплаш, рози бўлса, энг кам ойлик иш ҳақининг 50 бараваригача тушириб бераман.

Шу тахлит «Ж.А.» суд томонидан тайинланадиган жазони енгиллаштира олишига “айбдорни” ишонтиради ва уни пора беришга қизиқтиради.

- Сизга қанча беришим керак?

- Энг кам ойлик иш ҳақининг 100 баробари миқдорида берасан, мен уни судя ва бошқаларга бераман.

- Нима қилиб бўлса ҳам ёрдам қилинг, мен пулни топаман.

Шундай қилиб, «Ж.А.» “тамакифуруш”ларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш нуқтаи назаридан 1,5 миллион сўм эвазига юридик ёрдам кўрсатиш учун шартнома тузади. Адвокат гонорарни кейинги учрашувда олишга кўнади. Негаки, унинг режаси иш бериши ортидан келадиган “даромад” олдида бу арзимаган пул эди бу.

Бош “айбдор”нинг адвокат билан “келишув”ини саёҳатчи шериклари ҳам қўллаб-қувватлайди. Фақат бир шарт билан: ашёвий далил сифатида олинган тамаки маҳсулотлари мусодара қилинмасдан ўзларига қайтиши керак. Адвокат бу масалани ҳам ЖКнинг 25-моддаси билан ҳал қилиш мумкинлигига уларни ишонтиради ва келишилган суммани ҳамда гонорарни тезроқ олиб келишга қистайди.

“Тамакифуруш”нинг олдида икки йўл пайдо бўлади: адвокат айтган пулни топиб, қонун олдидаги жазони енгиллаштириш ёки фирибгар ҳимоячининг ҳаракатларига чек қўйилишига эришиш? Қай бир танлов афзал?

2019 йил 17 декабрь Самарқанд шаҳри вокзалидаги навбатдаги учрашув буни белгилаб берди. Аввал иш ҳақида яна хотиржам гаплашиб олинди, кўнгил тўқ, муаммо йўқ эди. Ниҳоят, ўша келишув, ўша ваъда “бажарилди”: Аммо...

Адвокат юридик хизмат учун 1,5 миллион сўм ва суд ишини ҳал қилиш учун 20 миллион сўм пора олаётган пайтда ДХХ ходимлари томонидан қўлга олинди.

Жиноят ишининг барча тафсилотларига ойдинлик киритилди. «Ж.А.» Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168 ва 211-моддаларда назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди. Шунингдек, унинг қилмишига нисбатан ЖКнинг бир неча моддалари қўлланилди. Хусусан, уч йилу олти ой муддатга озодликни чеклаш ҳамда уч йилгача адвокатлик тузилмаларида адвокатлик фаолияти билан шуғулланиши ҳуқуқидан маҳрум қилинди. Аммо энг катта маҳрумлик, йўқотиш бу эмас. Чунки вақт ўтади – жазо тугайди, қилмиш унутилади. Вақт келади – «Ж.А.» хатосини тузатиб, йўқотган йўлини топади (эҳтимол!). Лекин ҳуқуқини ҳимоя қилишга муҳтожлар ишончини топа олармикин энди?! Шу вақт келармикин?!

2 993