Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.05.2018 14:33 Чоп этиш версияси

Йўқловдан кўнгиллар шод

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий кенгаши томонидан 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан “Инсон қадри улуғ, хотира муқаддас” шиори остида йўқлов тадбири ўтказилди. Унда Марказий кенгаш масъуллари, партия фаоллари, Мирзо Улуғбек тумани технология касб-ҳунар коллежи ўқитувчи ва ўқувчилари Иккинчи жаҳон уруши ва фронт орти меҳнат фахрийларининг уйларига ташриф буюрди.

Шу кунларда мамлакатимиз бўйлаб Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронт ортида Ватанимиз равнақи йўлида фидокорона меҳнат қилган фахрийларга юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатилиб, улар ҳолидан хабар олинмоқда. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 16 апрелдаги “Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони нуронийларга кўрсатилаётган эътибор ва эҳтиромнинг амалдаги ифодаси, эзгу ишларнинг давомидир.

Йўқлов тадбирида пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманида истиқомат қилаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронт орти меҳнат фахрийлари ҳолидан хабар олинди. Уларга совға-саломлар улашилди. Байрам тилаклари билдирилди.

Иккинчи жаҳон уруши даврида Лелинград қамалида мардонавор курашган 94 ёшли Жапар ота Мирзаев хонадони шодумонликка тўлди. Йўқловдан боши кўкка етди.

Шундан сўнг, бир неча йиллар давомида фронт ортида меҳнат қилган 90 ёшли Онажон ая Усмонованинг хонадони шодликка тўлди. Онахон 7 фарзандни ўстириб, халқ хизматига қўйган. Ҳозир невара ва чеваралар ардоғида. Онажон ая уруш йилларидаги қийинчиликлар, қаҳатчилик пайтларини эслади.

– Шундай замонлар эдики, колхоз бригадиримиз 6 ойлик эмизикли чақалоғимни сени ишдан қолдиряпти деб, кўчага отган, – дейди онахон. – Нонни одам қулоғи билан ўлчаб берарди. Бу кунларни ҳеч кимга кўрсатмасин. Шундай дориломон кунларга етдик, минг шукр. Бу кунларни неча одамлар орзу қилиб яшади. Биз кексаларни йўқлаб, ҳурмат-эҳтиром кўрсатиб келганларингиз учун сизлардан миннатдорман. Тинчлигимизга кўз тегмасин.

Фронт орти меҳнат фахрийлари тинч-осойишта ҳаётнинг, огоҳликнинг қадри, фаровон турмушнинг ҳикмати, фидойилик каби инсонийлик фазилатлари хусусида ёшларга сўзлаб берди.

Нурилло Насриев, ЎзА
2 899