ЎзА Ўзбек

29.08.2018 15:03 Чоп этиш версияси

Йўловчиларга “тарқатилган” ноқонуний товарлар

Йўловчиларга “тарқатилган” ноқонуний товарлар

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси ходимлари тегишли орган вакиллари билан ҳамкорликда йўловчи поездларда товар моддий бойликларини республикамиз ҳудудига ноқонуний олиб кирилишининг олдини олиш борасида қатор тадбирлар ўтказиб келмоқда.

Бу ҳаракатлар натижасида қонун бузилиши ҳолатлари олди олинмоқда. Божхона бошқармаси жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар гуруҳи катта инспектори Женисбай Сапарбаевнинг тақдим этган маълумотига кўра, 648-сонли Бейнеу-Нукус йўналишидаги йўловчи поезди божхона кўригидан ўтказилган. Кўрик жараёнида фуқаро Ж.Суюнханов ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган қиймати 10 миллион 924 минг сўмлик озиқ-овқат маҳсулотларини мамлакатимиз ҳудудига мазкур поезд вагонларида йўловчи сифатида келаётган фуқароларга тарқатиш орқали яширин равишда олиб кирмоқчи бўлганлиги аниқланди. 

Шунингдек, Тўрткўл тумани ҳудудида чет давлатдан ноқонуний равишда олиб келинган товар моддий бойликларни хонадонларда яширин равишда сақланишини аниқлаш борасида ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро Б.Уруновнинг хонадонидан ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган 27 миллион 521 минг сўмлик тиш даволашда фойдаланиладиган тиббиёт воситалари ноқонуний сақлаб келинганлиги аниқланди.

Юқорида келтирилган ҳуқуқбузарликларга нисбатан суд томонидан тегишли тартибда жазо чоралари белгиланди.

Есимхон Қаноатов, ЎзА
3 476