ЎзА Ўзбек

27.02.2020 Чоп этиш версияси

Йўлларимизда хавфсиз шароит йўқлиги танқид қилинди

Йўлларимизда хавфсиз шароит йўқлиги танқид қилинди

Олий Мажлис Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг мажлиси Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси ҳолати тўғрисидаги 2019 йил якуни бўйича ахборотини дастлабки тарзда кўриб чиқди.

Таъкидланганидек, сўнги пайтларда мамлакатимизда йўл-транспорт ҳодисалари йилдан йилга камайишига эришилаётган бўлса-да, ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари ҳамон кўплигича қолмоқда.

Жумладан, 2019 йилда республика ҳудудида йўл-транспорт ҳодисаларида 2096 нафар фуқаро ҳалок бўлган. Бундан ташқари, 10 мингдан зиёд киши, шундан 1340 нафар бола йўлларимизда ҳаракатланиш учун хавфсиз шароит яратилмаганлиги оқибатида жабрланган. 

Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасида бир неча йиллардан бери йиғилиб қолган муаммолар мавжудлиги сабабли ички ишлар органлари томонидан амалга оширилаётган ишларнинг самараси аниқ ва равшан сезилмаётганлиги мажлисда алоҳида таъкидланди.

Шунингдек, мажлисда Давлат божхона хизмати органлари томонидан қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ва Тошкент вилоятидаги чегара божхона постлари фаолиятини ўрганиш ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари тўғрисидаги масала ҳам дастлабки тарзда кўриб чиқилди. 

Қайд этилганидек, ушбу масала юзасидан Сенат қарорининг қабул қилиниши чегара постлари атрофида фуқароларга ва чет эллик меҳмонларга хизмат кўрсатиш тизимининг яхшиланишига, Давлат божхона хизматига оид қонун ҳужжатларининг тўлақонли бажарилишига хизмат қилади. 

1 221
ЎзА