ЎзА Ўзбек

22.08.2018 11:10 Чоп этиш версияси

Йўллар қачон равон бўлади? Муаммо нимада?

Йўллар қачон равон бўлади? Муаммо нимада?

Адлия вазирлигидан маълум қилишларича, Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш Давлат инспекцияси фаолияти самарадорлиги таҳлил этилди.

Унга кўра, маъмурий ислоҳотлар концепцияси, амалдаги қонунчиликка зид бўлган ҳамда тармоқни жадал ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган камчилик ва муаммолар аниқланди.

Хусусан, давлат тартибот ва хўжалик функцияларининг бирлашуви ҳамда битта органда буюртмачи, пудратчи ва назоратчи ваколатларининг концентрацияси мазкур соҳада рақобатнинг бутунлай чекланганлигини англатади ва йўл тармоғини ривожлантиришга тўсқинлик қилади.

Мисол учун, 2017 йилдан жорий йилнинг ярим йиллигига қадар йўл хўжалиги соҳасида автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича хусусий ташкилотлар билан биронта ҳам шартнома имзоланмаган. Йўл хўжалиги тармоғининг лойиҳа эҳтиёжлари “Йўл лойиҳа бюроси” МЧЖ давлат лойиҳа ташкилоти имкониятларидан сезиларли даражада ошган. Бу эса давлат дастурлари ҳамда белгиланган ишларни бажаришда асоссиз кечикишларни юзага келтирмоқда.
“Йўл лойиҳа бюроси” МЧЖ 2017-2018 йилларда 81 келишувдан 26 тасини, яъни умумий миқдорнинг 32 фоизини бажармагани боис хусусий лойиҳа ташкилотлари билан битим тузилган. Бу йўл хўжалиги фаолиятида хусусий сектор хизматларига бўлган талабнинг юксаклигидан далолатдир.

Техник ва муаллифлик назорати замонавий талаблар, бажарилган иш ҳажми ҳамда қурилиш объектлари сонига жавоб бермайди. Ҳар бир инспекторга 8 тадан 25 тагача объект бириктирилган бўлиб, улар оралиғидаги масофа 50 километрдан 500 километргача бўлган масофани ташкил этади. Ходимлар штатидаги етишмовчиликлар, улар малакасининг пастлиги, қурилиш объектлари сонининг кўплиги ва ортиқча назорат шаклларининг мавжудлиги назоратни расмийлаштириш ва иш сифатининг пасайишига олиб келмоқда. Шунингдек, автомобиль йўллари тармоғига инновацион технологиялар ва материалларни жорий этиш бўйича амалий чораларнинг қабул қилинмагани, жумладан, қурилиш-таъмирлаш ишларида қўлланилаётган маҳаллий-ресурс услуби қатор муаммоларни келтириб чиқариб, бюджет маблағларининг самарасиз сарфланишига сабаб бўлмоқда.

Шу билан бирга, Қўмитада давлат-хусусий шериклик ва концессия асосида хорижий сармояларни жалб қилиш учун бўлинмалар эътиборга олинмаган. Ўтган вақт мобайнида пуллик йўллар қуриш ва ишга туширишни тартибга солувчи биронта ҳам ҳужжат ишлаб чиқилмаган, тармоқда бюджет харажатларини оптималлаштиришга доир чора-тадбирлар қабул қилинмаган.

Ўтказилган таҳлил якуни ҳамда хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда, Адлия вазирлиги йўл хўжалиги бошқаруви тизимини такомиллаштириш ҳамда рақобатбардош йўл тармоғини ривожлантириш бўйича тегишли таклифлар ишлаб чиқди.

ЎзА
16 231